Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 09 / Божхона

«Ноёб турлар» нобуд бўлмасин

 

Ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ноёб турларини божхона чегарасидан олиб кириш ва олиб чиқиш амалиёти бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу тартиб-таомиллар Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи флора ва фауна турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция – СИТЕС (Convention on international trade in endangered species of wild fauna and flora) меъёрлари билан тартибга солинади.

 

Яъни ҳайвонлар ва ўсимликларни, уларнинг қисмлари ва улардан тайёрланган маҳсулотларни олиб чиқиш ҳамда олиб киришга фақат CITES миллий маъмурий органи томонидан бериладиган махсус рухсатномалар асосида йўл қўйилади. СИТЕС намуналарига тирик ўсимлик ва ҳайвонот турлари билан бир қаторда, ўлик ҳолдаги ҳайвонлар ҳам киради.

Маълумотларга кўра, йилига 100 млн дан ортиқ ўсимлик ва ҳайвонот турларининг ноқонуний халқаро савдоси амалга оширилади. Ёввойи ўсимлик ва ҳайвонот турларининг халқаро савдо айланмаси бир неча миллиард АҚШ доллари ҳисобида баҳоланмоқда. Хусусан, Интерпол маълумотига кўра, ёввойи флора ва фауна турларининг контрабандаси, унга қўйилган маблағларнинг ҳажмига кўра гиёҳвандлик моддалари контрабандасидан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.

Халқаро савдонинг ноқонуний бозорларига ноёб турдаги ўсимликлар, ҳайвонлар ва уларнинг қисмларини асосан қуйидаги мамлакатлар етказиб беради:

– Африка ва Жанубий Америка – экзотик қушлар ва ҳайвонлар (тўтиқушлар, маймунлар);

– Жануби-Шарқий Осиё – рептилиялар, амфибиялар (тошбақалар, илонлар, калтакесаклар);

– Европа – ҳашаротларнинг энтомологик коллекциялари.

Ҳозирги кунда халқаро савдода энг кўп қўлланиладиган ҳайвон турларининг 5 000 тури, ўсимликларнинг эса 28 000 дан ортиқ тури Конвенция томонидан муҳофазаланади. Ушбу ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот турларининг ноқонуний савдоси йилига 6 млрд АҚШ доллари атрофида фойда келтиради. ­Эътибор берилса, улардан баъзилари дунё бозорида қуйидаги нархларда сотилади: лочин – 5 000–20 000 АҚШ доллари; тўтиқуш – 20 000–40 000 АҚШ доллари; Кабаргадан олинадиган мускуснинг 1 кг – 50 000 АҚШ доллари; Тибетиан антилопаси жунидан тайёрланган шол рўмол – 35 000 АҚШ доллари; Орхидея 2 000 АҚШ доллари; Candelabra кактуси – 7 000 АҚШ доллари.

Ёввойи турдаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноқонуний савдо айланмасини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон божхона идоралари тегишли назорат органлари билан ҳамкорликда бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширмоқда. Жумладан, ўтган йилларда 11,1 млн сўмлик қушлар (1 323 та), 5,9 млн сўмлик тирик тошбақаларнинг (1 200 та) ноқонуний айланмаси олди олинган. Аниқланган мазкур барча ҳолатлар бўйича маъмурий ишлар юритилиб, ноёб турлар суд қарорларига кўра давлат эгалигига ўтказилган. Бундан ташқари, 140 та тўтиқуш ветеринар хулосасига кўра носоғлом деб топилгани сабабли суд қарорига биноан йўқ қилинган.

 

Эслатиб ўтамиз, республикамиз «Қизил китоб»ига киритилган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонлар ҳамда уларнинг қисмларини мамлакатимиз ташқарисига олиб чиқиш ёки олиб кириш фақат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг рухсатномаси асосида амалга оширилади.

Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи флора ва фауна турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция 1973 йилнинг 3 мартда Вашингтон шаҳрида (АҚШ) 80 та давлат вакиллари иштирокида имзоланган ва 1975 йилнинг 1 июлидан амалга киритилган. Ҳозирги кунга келиб, мазкур Конвенцияга 170 дан ортиқ давлат расман аъзо бўлган.

 

Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ,

Божхона институти кафедра бошлиғи,
техника фанлари доктори, профессор.

Прочитано: 298 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика