Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 09 / Божхона

Уйма-уй юриб, юзма-юз кўришиб...

Божхоначиларнинг «Ғишткўприк» маҳалласида олиб бораётган ҳуқуқий тарғибот ишлари хусусида

 

Юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши, дейишади. Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда давлат идоралари ходимлари билан оддий халқ ўртасида очиқ мулоқотлар, юзма-юз суҳбатлар уюштирилиб, қонунчиликдаги ўзгаришлар тушунтирилмоқда, тадбиркорларнинг саволларига малакали жавоблар берилмоқда. Мана шундай сайёр учрашувлар божхона хизмати ходимлари томонидан ҳам тез-тез уюштирилмоқдаки, бу амалиёт халқнинг «форма кийганлар» билан мулоқотида доимо халақит бериб турадиган аллақандай руҳий тўсиқларнинг олиб ташланишига омил бўлаётир.

 

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари вилоят прокуратураси, ички ишлар ва адлия идоралари вакиллари билан ҳамкорликда Тошкент туманидаги чегарадош маҳаллаларда уйма-уй юриб, тарғибот-тушунтириш ишларини олиб борганларида ана шундай «руҳий тўсиқ»нинг кўтарилганига ўзлари гувоҳ бўлдилар. Сабаби бундай мулоқотларда аҳоли ўзининг давлат идораларига бўлган ишончи, самимий муносабатини изҳор эта олди: бемалол саволлар беришди, тушунмаган масалалари бўйича маслаҳатлар сўрашди.

Гап шундаки, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири эканлиги Президентимизнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонида (9.01.2019 йилдаги ПФ-5618-сон) ҳам таъкидланган. Ана шу Фармон ижросидан келиб чиқиб, божхона органлари эндиликда ҳуқуқий тарғиботнинг янада самарали ва таъсирчан усулларини қўллашга алоҳида эътибор қаратиб келади.

2018 йил давомида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 17 та «яма», яъни товар-моддий бойликларни ноқонуний сақлаш ҳолатларини фош қилишган. Натижада 848,5 млн сўмлик товарларнинг яширин сақланаётганлиги аниқланган.

Бу каби ҳолатлар «Ғишткўприк» маҳалласида ҳам бир неча бор содир этилган. Шу сабабли уйма-уй юриб қилинган тарғибот-тушунтириш ишларида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, божхона назорати зонаси режимининг бузилиши бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик, божхона қоидалари ҳақида кенг тушунтиришлар берилди.

Тадбир ташкилотчилари ҳуқуқий тарғибот бўйича «Ғишткўприк» чегара-божхона постида ташкил қилинган шароитлар билан ҳам яқиндан танишишди. 2019 йилдан бошлаб бу ерда йўловчиларнинг ўтиб-қайтишлари учун қўшимча заллар ишга туширилиб, ўтказиш имконияти янада кенгайтирилди.

Ушбу постда ҳам ҳуқуқий маслаҳат столлари ташкил қилинган бўлиб, тегишли ташкилот ва муассаса вакиллари йўловчиларга уларни қизиқтирган саволларга узлуксиз равишда жавоблар беришмоқда.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 1216 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика