Хусусий корхонамиз янги йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтди. 2019 йилдан Солиқ кодексида АВнинг амортизация нормалари камайтирилди. Балансимизда бино ва омборхоналар бор, улар бўйича 5%лик ставкада амортизация ҳисоблар эдик.
Амортизация ставкасини 5%лигича қолдирсак, бизда фойда солиғи бўйича қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Солиқ кодексининг 144-моддасида асосий воситалар амортизациясининг энг юқори нормалари кўрсатилган, улар фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани ҳисоблаш пайтида чегириб ташланади (Солиқ кодексининг 141-моддаси).
Асосий воситаларнинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ ҳисобланган амортизация суммаси билан Солиқ кодексининг 144-моддасига мувофиқ белгиланган нормалар бўйича ҳисобланган амортизация суммаси ўртасидаги ижобий фарқ жорий ҳисобот даврида юзага келган пайтда солиқ солинадиган фойдани ҳисоблаб чиқаришда чегирилмайди. «Нормалардан юқори» амортизация суммалари кейинги даврларда, корхонанинг ҳисоб сиёсати билан белгиланган, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддат ичида чегирилиши лозим (Солиқ кодексининг 146-моддаси).
Асосий воситалар ҳисоби ва амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тартиби 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»да (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Амортизацияни тўғри чизиқли ҳисоблаш усулида амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизация қиймати ва мазкур объектнинг фойдали ишлатилиш муддатидан келиб чиқиб аниқланади. Усул амортизация нормаси фойдали хизмат муддатининг давомийлигига асосланган (5-сон БҲМСнинг 36-банди). Фойдаланишдаги асосий воситаларнинг фойдали хизмат муддати асосий воситалар ҳолатини яхшилайдиган, бинобарин, хизмат муддатини узайтирадиган ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олган ҳолда корхона томонидан қайтадан кўриб чиқилиши мумкин (5-сон БҲМСнинг 45-банди).
Сиз қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш ёки техник қайта қуроллантириш ишларини амалга оширган бўлсангиз, натижада асосий воситалардан фойдаланишдан кутилаётган иқтисодий наф анча кўпаядиган бўлса, корхоналар уларнинг фойдали хизмат муддатини қайта кўриб чиқишлари мумкин. Бунда АВ ҳолатини яхшилайдиган ва уларнинг хизмат муддатини узайтирадиган ишлаб чиқариш харажатларигина эмас, балки ушбу муддатни қисқартирувчи технологик ўзгаришлар ҳам ҳисобга олинади.
Солиқ солиш мақсадида амортизациянинг энг юқори нормалари ўзгариши сабаблигина амортизация ҳисоблаш нормалари (фойдали хизмат муддати) ўзгартирилиши мумкин эмас деб ҳисоблаймиз (Солиқ кодексининг 144-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.