ДСҚ ва МВнинг қарори билан ҳисобварақ-фактураларнинг янги шакллари тасдиқланган.
Дори воситаларини улгуржи сотувчилар бундай ҳисобварақ-фактураларда базавий қиймат, устама ва сотиш қийматини қандай кўрсатишлари керак?
– Реализация қилинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларига ҳисоб-китоб ҳужжатлари расмийлаштирилаётганда:
● савдо устамасини ҳисоблаб чиқариш учун база ҳисобланадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг харид қиймати (импорт қилинганлари учун) ёки сотиш нархи (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун);
● кейинчалик реализация қиладиган ташкилот учун харид нархи ва у қўллайдиган савдо устамаси албатта кўрсатилади (Низомнинг 21-банди, 31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон қарорга 4-илова).
ДСҚ ва МВнинг қарори (АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан ҳисобварақ-фактуранинг 8 устундан иборат янги шакли (3-илова) тасдиқланган.
Бироқ дори воситаларини реализация қиладиган корхоналар учун алоҳида тасдиқланган ҳисобварақ-фактура шакли мавжуд эмас. Шу сабабли дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш учун уни расмийлаштираётганда ҳисобварақ-фактуранинг умумбелгиланган шаклига қўшимча устунлар киритиб, у ерда талаб этилаётган ахборотни кўрсатишингиз мумкин. Ёки тасдиқланган шаклдаги ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириб, ушбу ахборот қайд этилган маълумотномани унга илова қилиш мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.