Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 04 / Божхона

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш нимадан бошланади

 

Тадбиркор Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиб, уни Россия Федерациясига экспорт қилмоқчи.

Шу муносабат билан қуйидаги саволларга жавоб берсангиз.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш фаолиятини амалга ошириш учун ЯТТ ташкил этган маъқулми ёки МЧЖ? Солиқ солиш тартиби қандай?

Қандай рухсатномаларни олиш зарур?

Маҳсулотни божхона ҳудуди орқали олиб ўтиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак? Қандай божхона тўловларини тўлаш лозим?

Логистика тартиб-таомили қандай?

 

– Якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) фақат ташкилотлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш бўйича хизматларни кўрсатиши мумкин (Рўйхатнинг 74-банди, ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига ­1-илова). Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчилар – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келгусида қайта ишлаш ёки сотиш учун контрактация шартномалари асосида етиштирувчилардан харид қилувчи ташкилотлар.

Бинобарин, ЯТТ фақат тайёрланган маҳсулотни экспорт қила олади. Бунинг учун аввал унга маҳсулотни экспорт қилмоқчи бўлган корхона билан контрактация шартномасини тузиши керак. Мазкур шартнома туман қишлоқ хўжалиги бўлимида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим (Низомнинг 5-банди, ВМнинг 4.09.2003 йилдаги 383-сон қарорига 1-илова).

Тайёрлов фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор иккита ходимни ёллашга ҳақли.

Тадбиркор тайёрлов фаолияти билан эмас, балки фермерлардан маҳсулот сотиб олиб, уни экспорт қилиш билан шуғулланишни режалаштираётган бўлса, МЧЖ очгани маъқул. Бунинг учун улгуржи савдога лицензия олиш лозим.

Иккинчи вариант: МЧЖ ҳам контрактация шартномаси бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаши ва экспорт қилиши мумкин. Бу ҳолда улгуржи савдога лицензия талаб этилмайди.

 

Солиқлар

24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508-сон Қонун билан киритилган ўзгартиришларни ўз ичига олган Солиқ кодекси ва Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020–2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорига (26.12.2018 йилдаги ­ПҚ-4086-сон) мувофиқ, 2019 йилда:

1) солиқ даврида (1 йилда) 1 млрд сўмгача бўлган ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи ЯТТ оборотдан 4%лик ставкада ЯСТ тўлайди (оборот бундан ортиқ бўлса, юридик шахс сифатида қайта ташкил этилиши керак);

2) МЧЖ ҳам 1 млрд сўмгача оборот қилса, оборотнинг 4%и миқдорида ЯСТ тўлайди (оборот бундан ортиқ бўлса, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади).

ЯСТ тўловчиси бўлган МЧЖ 2019 йилдан бошлаб қуйидаги солиқларни ҳам тўлаши керак:

ер солиғи – ер участкаси мавжуд бўлганда;

мол-мулк солиғи – мол-мулкка, белгиланган муддатда ўрнатилмаган асбоб-ускунага, белгиланган муддатда тугалланмаган қурилишга эга бўлса;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ – сув истеъмолчиси ёки сувдан фойдаланувчи бўлса.

МЧЖ умумбелгиланган солиқларни тўловчи ҳисобланса, фойда солиғи (12%) ва ҚҚС (экспортга ҚҚС 0%ни ташкил этади) ҳам тўлайди.

 

Шартномавий муносабатлар

Экспорт контракти тегишли тарзда тузилган ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) рўйхатдан ўтказилган бўлиши шарт.

Халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 000 АҚШ долларигача товар (хизмат)ларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди, истисносиз барча юридик ва жисмоний шахсларга рухсат этилади. Бунда ТСОЯЭАТга ахборот киритиш ва БЮДни расмийлаштириш керак эмас. Товар почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ жўнатилади (14.05.2018 йилдаги ПҚ-3724-сон қарор).

Президентнинг «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (17.10.2018 йилдаги ПҚ-3978-сон) билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби анча соддалаштирилди. Хусусан, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгардир.

Бундан ташқари, Президентнинг 6.11.2017 йилдаги ПҚ-3377-сон қарори билан мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди. Хўжалик юритувчи субъектларга мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда экспорт контрактларини (шартномаларини) тузмасликка рухсат берилди. Инвойснинг ўзи кифоя, бироқ бунда етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги керак. Экспортга етказиб бериш ҳақидаги маълумотлар эса ТСОЯЭАТга киритилган бўлиши лозим.

Бироқ норезидентлар ЎзРнинг ваколатли тижорат банкларидаги ҳисобварақларга хорижий валютада 100 фоизлик олдиндан тўлов тўлашлари шарт. Банк ўтказмалари, халқаро банк карталари орқали тўловлар ёхуд айирбошлаш шохобчаларида сотиб олинган миллий валютадаги нақд пул маблағларини киритишга йўл қўйилади.

 

Маълумот учун. Экспорт қилувчида олдинги экспортга етказиб бериш бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлганда, товарларни чиқариш фақат муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган чет эл харидорига рухсат этилмайди.

 

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасидаги фаолиятни Ташқи савдо вазирлиги мувофиқлаштиради.

 

Рухсатнома

Ўзбекистондан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини қоидаларига ва фитосанитария талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун фитосанитария сертификатини олиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Карантин остидаги маҳсулотни экспорт қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар, тегишли ўсимликлар карантини давлат инспекциясини карантин остидаги маҳсулотни юклаб жўнатиш санаси тўғрисида камида 10 кун олдин хабардор қилиши шарт. Маҳсулотни юклаб жўнатиш учун мақбул бўлган жойни улар билан биргаликда белгилаши керак. Юклаб жўнатиш санасидан 3 кун олдин эса экспорт қилинаётган маҳсулотни текшириш учун тақдим этиши зарур («Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси).

 

Ҳужжатлар

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига (ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ, «Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини божхонада расмийлаштиришда божхона органларига қуйидагилар тақдим этилади:

1) контракт (етказиб бериш суммаси 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошганда);

2) божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ва электрон тижорат орқали 3 минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно;

3) товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

2018 йил 1 июлдан бошлаб ТИФ иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан БЮДни онлайн тўлдириб, божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармоннинг 4-банди).

Товарларни божхонада расмийлаштиришда уларни электрон шаклда декларациялаш тартиб-таомили Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 31.07.2018 йилдаги 605-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

 

Маълумот учун. Расмийлаштирув жараёнида номувофиқликлар (тафовутлар) ёхуд божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланса, божхона органи ходими 3 соат ичида декларацияловчи шахсга бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар рўйхатини ўз ичига олган электрон хабарнома жўнатади ёки тақдим этилаётган ҳужжатларнинг қоғоз манбаларда талаб қилиш ҳуқуқига эга. Уларни ўрганиш натижасида божхона ходими божхона қонунчилиги бузилиши мавжуд бўлмаган ҳолатда тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқ миқдорда тақдим этган шахсга қайтаради.

Божхона органлари бошқа ваколатли органларда мавжуд зарур ҳужжатлар ва маълумотларни электрон шаклда ахборот алмашинуви йўли билан мустақил равишда олади.

 

Божхона тўловлари

Барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) учун экспорт божхона божлари 1997 йил 1 ноябрдаёқ бекор қилинган (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармон).

Товарлар экспорт қилинганда қуйидаги божхона йиғимлари тўланади:

● «Экспорт» божхона режимида расмийлаштирганлик учун – божхона қийматининг 0,1%и, бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам эмас;

● ходим томонидан «Экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун, битта ходимнинг 1 соатлик иши учун – ЭКИҲнинг 10%и (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори).

 

Логистика истиқболлари

Президентнинг ПҚ-3978-сон қарори билан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКга мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқариш бўйича замонавий логистика менежменти механизмларини жорий этиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «ягона дарча» тамойили асосида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича темир йўл ҳужжатларини жўнаш станциясида расмийлаштириш ишларини ташкил этади; мева-сабзавот маҳсулотларини юклаш ва тушириш бўйича тариф ва хизматларни маҳсулот хусусиятларини инобатга олган ҳолда соддалаштириш юзасидан қайта кўриб чиқади. Шунингдек юк жўнатувчилари ва юк эгалари буюртмалари асосида юк етиб бориш муддати ва ҳаракатланиш чоғида вагоннинг жойлашган ерлари тўғрисидаги маълумотларни узатиш бўйича механизмни ишлаб чиқади ва жорий этади; мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари учун тегишли буюртма келиб тушган кунидан бошлаб 3 суткадан ошмаган муддатда вагон ажратиш тартибини жорий этади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК 2019 йил 1 июнга қадар мева-сабзавот маҳсулотларини вақтинчалик сақлаш жойларини тагликда қадоқлашнинг халқаро стандартларга мувофиқ бўлган ва уларнинг ўтказиш қобилиятини таъминлайдиган замонавий музлатгич ва сканерловчи ускуналар билан қайта жиҳозлайди.

2019 йил 1 январдан мамлакатнинг чегара ҳудудларида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари учун тегишли замонавий инфратузилмалар, шунингдек ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва логистика хизматлари мавжуд бўлган махсус зоналар фаолият юритиши керак.

Марказий банк эса товар омборхоналари томонидан бериладиган омборхона гувоҳномаларига мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар ва етиштирувчилар учун тижорат банклари томонидан кредитлар бериш механизмини жорий этиш учун масъул.

2019 йил март ойига келиб Интернетда Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот портали ишга туширилади, у «TradeUzbekistan.com» электрон савдо майдончаси, ДСҚ ва ДБҚнинг ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилади. У мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар, салоҳиятли импорт қилувчилар ва ҳ.к. тўғрисида маълумот олиш имконини беради. Унда экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш ҳам мумкин бўлади.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА, Сабоҳат СУЛТОНОВА,
«Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 3055 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-09-12 16:10:35, Гость_Нодирбек Назиров:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика