Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 04 / Устуворликлар

Божхонадаги ўзгаришлар – мамлакат манфаатини кўзлаб

 

22.12.2018 йилдаги ЎРҚ-507-сон Қонун билан 26 январь Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди.

Барча мамлакатлар божхоначилари бу куни касб байрами – Халқаро божхоначилар кунини нишонлайдилар. У 1983 йилдан буён нишонланади ва жаҳон божхона хизматлари бир-бирига яқинлашгани, божхона соҳасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга йўналтирилган фаолияти тубдан модернизация қилинганидан гувоҳлик беради.

Ўзбекистон 1992 йил 28 июлда Божхона ҳамкорлиги кенгашини таъсис этган Конвенцияга (Брюссель, 15.12.1950 йил) аъзо бўлган. Бугунги кунга келиб мамлакатимиз божхона соҳасига оид 17 та халқаро конвенцияга аъзо ҳисобланади, Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) ишида фаол қатнашади.

 

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) божхона органларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, уларнинг функцияларини оптималлаштириш, улар ишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш белгиланган.

Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида (ПФ-5414-сон Фармон билан тасдиқланган) божхона хизматининг ўрта муддатли истиқболдаги мақсад ва вазифалари бир тизимга солиниб, аниқлаштирилган. Улар ишини тубдан трансформациялаш тамойиллари, божхона назоратининг янги фалсафаси ҳамда божхона соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти белгиланган.

2018 йил божхона хизмати учун ­янгиланиш, устувор вазифаларни ўзгартириш: қатъий маъмурий назорат остига олиш, фискал ёндашиш ўрнига ташқи савдога ҳар томонлама кўмаклашишга ўтиш йўлида муҳим босқич бўлди.

2019 йилда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида қулай шарт-шароит яратиш иши давом эттирилади. Ҳудудий бошқармаларда ТИФ иштирокчиларига божхона юк декларацияларини тўлдиришда бепул асосда хизмат кўрсатувчи махсус «фронт-офислар» ташкил этилмоқда.

1 февралдан бошлаб WCOнинг Хавфсизлик ва жаҳон савдосини енгиллаштириш ҳадли стандартларига мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институтини жорий этиш режалаштирилмоқда. Мазкур ёндашувнинг амалга оширилиши божхонага виждонли тадбиркорларга бериладиган имтиёзлар кўринишида бизнес ҳамжамиятига ҳуқуқий таъсир ўтказиш ва хавфи юқори бўлган субъектларга диққатини жамлаш имконини беради. ТИФ иштирокчилари эса маъмурий таомилларга оид махсус имтиёзлардан фойдаланиб, товарларни божхонада тозалаш учун кам маблағ ва вақт сарфлаш имконини қўлга киритадилар.

Жорий йил 1 мартдан бошлаб олиб кириладиган юкларни божхонада назорат қилиш шаклларини тўлиқ табақалаштириш тизимини жорий этиш кўзланган. Қўшимча равишда яна 2 та – «яшил» ва «кўк» йўлак ишга туширилади.

Ушбу муддатгача ТСОЯЭАТга дастурий-техник ўзгаришлар киритилиб, ТИФ иштирокчилари ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни киритиши янада осонлашади.

1 июнгача 2019–2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси шакллантирилиши лозим, унда рақамли иқтисодиётда божхона маъмуриятчилигининг замонавий усулларини жорий этиш ҳам назарда тутилади.

Божхона тартиб-таомиллари оддий, тушунарли, жаҳон амалиётига мос бўлиши лозим. Ушбу талабларни инобатга олган ҳолда ДБҚ барча божхона тартиб-таомилларининг шаффофлигини таъминловчи янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди.

Стратегик вазифаларни амалга оширишда муҳим компонентлардан бири, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шароитида божхона инфратузилмасини модернизация қилиш ва янгилаш ҳисобланади. ПФ-5582-сон Фармонга 2-иловада Чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда божхона терминалларини қуриш тармоқ жадвали белгиланди.

Божхона иши йилдан-йилга мураккаблашиб бораётганлиги сабабли кадрлар малакасига ҳам талаб ошмоқда. Иш самарадорлигини ошириш учун божхона органлари хизматига қабул қилинадиган шахсларни излаш, танлаб олиш ва касбга яроқлилигини текширишнинг замонавий усулларини жорий этиш, кадрлар сиёсати ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш лозим.

 

Бошқа мамлакатларнинг божхона маъмуриятлари божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш йўлини босиб ўтишлари учун узоқ вақт сарфлаганлар. Бироқ биз ундан анча қисқа муддатда ўтишимиз керак. Божхона бизнес билан очиқ мулоқот қилган ҳолда эркин фикр алмашиши, юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилиши, асосийси – биргаликда қарор қабул қилиши лозим. Фақат шундагина кўзланган режаларни амалга ошириш ва божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш дастури мақсадларига эришиш мумкин.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
 махсус мухбиримиз.

Прочитано: 472 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика