Бугунги кунда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида бир қатор меъёрий ҳужжатлар, чора-тадбирлар, махсус дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Аммо бу каби имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, ноқонуний фаолиятдан даромад олишни қасд қилган тадбиркорлар ҳам, афсуски, учраб турибди. Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Хатирчи туманилик К.А.нинг хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда қўлбола усулда ясалган мойжувоз фаолияти йўлга қўйилгани аниқланди. Шунингдек, хонадон ертўласида қалбаки усулда тайёрланган 60 литр пахта ёғи, 375 кг кунжара ҳамда мойжувоз учун эҳтиёт қисмлар борлиги маълум бўлди.
Айни шу туманда истиқомат қилувчи Б.А.нинг ҳам хонадонидан шундай «цех» топилди. Тезкор тадбир давомида хонадондан мойжувоз аппарати, 47 литр пахта ёғи, 320 кг чигит, 270 кг кунжара ва эҳтиёт қисмлар «бўй кўрсатди».
Вилоятда, шунингдек, айрим тадбиркорлар томонидан божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзларни суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳам фош этилган. Масалан, Ўзбекистон Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (14.12.2017 йилдаги ПФ-5285-сон) асосан, қайта ишлаш мақсадида олиб кириладиган сунъий ва синтетик тола, жун маҳсулотларига божхона тўловларидан тегишли имтиёзлар тақдим этилган. Айни шундан фойдаланиб, Навоий шаҳрида рўйхатдан ўтган ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига аъзо бўлган К.А. раҳбарлигидаги корхона ҳам Туркиядан келтирилган 62,4 тонна сунъий акрил толалари учун божхона тўловларидан 336 млн сўмдан ортиқ имтиёздан фойдаланиб келган.
Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари мазкур имтиёзлардан нечоғлик самарали фойдаланилаётганлигини ўрганишганда бутунлай бошқа манзара намоён бўлди: аслида ушбу маҳсулотларни қайта ишлаш учун корхона томонидан технологик ускуналар олиб келинмаган экан.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ДБҚ Ахборот хизмати.