Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 01-02 / Солиқ солиш

Норезидент хизматлари: солиқ оқибатлари

 

Компаниямиз Қирғизистон фуқароси билан консалтинг хизматларига фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги контрактни тузмоқда. У хизматларни кўрсатиш учун Ўзбекистонга келмайди, амалда ватанидан туриб хизматларни кўрсатади. 

Халқаро битим бандлари қўлланилган тақдирда унинг солиқ оқибатлари қандай бўлади?

У резидентлигини тасдиқлаш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак?

 

Қирғизистон резиденти сертификати мавжуд бўлганда касб хизматларига ҳақ тўлаш тарзидаги даромаддан Ўзбекистонда ЖШДС ушлаб қолинмайди.

Эслатиб ўтамиз, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади (ЎзР Солиқ кодексининг 4-моддаси).

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўриб чиқилаётган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фойда ва даромадларга икки томонлама солиқ солинишига йўл қўймаслик ва солиқ тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш тўғрисида битим (Тошкент, 24.12.1996 йил, ВМнинг 20.01.1997 йилдаги 32-сон қарори билан тасдиқланган, 17.03.2000 йилдан кучга кирган) билан тартибга солинган.

Ушбу Битим мақсадларида «аҳдлашувчи давлатнинг резиденти» атамаси ушбу давлатнинг қонунчилиги бўйича турар жойи, доимий истиқомат жойига кўра унда солиқ тўловчи ҳисобланган шахсни билдиради (Битимнинг 4-моддаси).

Қирғизистон ва Ўзбекистон солиқ кодексларида резидентга ўхшаш таъриф берилган. У мамлакат ҳудудида ярим йил ёки ундан ортиқ турган жисмоний шахсдир. Шу сабабли Ўзбекистонга бормасдан ЎзР юридик шахсига хизматлар кўрсатувчи Қирғизистон фуқароси Қирғизистон резиденти бўлиб қолади.

Аҳдлашувчи давлат резидентининг касб хизматларини кўрсатиш ёки бошқа мустақил фаолиятлардан олган даромадига фақат мана шу давлатда солиқ солинади. У бундай фаолиятни амалга ошириш учун бошқа аҳдлашувчи давлатда доимий базага эга бўлган ҳол бундан мустасно. Агар унда ана шундай доимий база мавжуд бўлса, даромаднинг ушбу доимий базага тегишли қисмигагина бошқа давлатда солиқ солиниши мумкин.

«Касбий хизматлар» атамаси, жумладан, мустақил илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятини, шунингдек врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерларнинг мустақил фаолиятларини ўз ичига қамраб олади (Битимнинг 14-моддаси).

Яъни сизнинг ҳолатда Қирғизистон резиденти фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича хизматлар кўрсатишдан оладиган даромадга фақат Қирғизистонда солиқ солинади.

Ваколатли орган – Қирғизистон Республикаси Молия вазирлиги ёки унинг ваколатли вакиллари (Битимнинг 3-моддаси 1-банди «з» кичик банди) томонидан берилган резидент сертификати мавжуд бўлган тақдирдагина солиқ солиш соҳасидаги халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Норезидент даромад тўлаш пайтида ушбу ҳужжатни тақдим этмаса, у билан ўзаро муносабатларда ЎзР солиқ қонунчилиги қоидалари қўлланилади. Яъни норезидентга тўлаш чоғида солиқ агенти иш ҳақи тарзидаги даромадидан 20%лик ставкада ЖШДС ушлаб қолиши (ЎзР Солиқ кодексининг 182-моддаси) ва уни бюджетга тўлаши керак бўлади.

Солиқ солмаслик ҳуқуқига эга бўлган ЎзР норезидентининг даромадларидан ЖШДС бюджетга тўланган тақдирда, у тўланган солиқни қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ЎзР норезиденти аризани, шунингдек қуйидаги ҳужжатларни Ўзбекистон солиқ органига тақдим этади:

● у ЎзР билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартномага эга бўлган давлатнинг резиденти эканлигини расмий жиҳатдан тасдиқловчи ҳужжатни;

● олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатни;

● у ЎзР ҳудудидан ташқарида Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадлардан ЖШДС тўлаганлиги тўғрисидаги тегишли хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган ҳужжатни (Солиқ кодексининг 195-моддаси).

Норезидент Солиқ кодексининг 38-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати, яъни 5 йил ичида бюджетга тўланган солиқни қайтаришга ҳақли.

Хулоса: Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон юридик шахси билан ФҲШ бўйича Ўзбекистонга чиқмасдан хизматларни бажарганда ва Қирғизистон резиденти сертификати мавжуд бўлганда касб хизматларига ҳақ тўлаш тарзидаги даромаддан ЎзРда ЖШДС ушлаб қолинмайди.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.  

 

Прочитано: 1116 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика