Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 01-02 / Амалий бухгалтерия

Муассисга улушнинг қайтарилиши: солиқ оқибатлари

 

Жисмоний шахс, масъулияти чекланган жамият иштирокчиси устав фондига ҳиссасининг 100%ини 85 млн сўмлик ускуна (трансформатор) кўринишида киритди. Мол-мулк капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи 0820-«Асосий воситаларни харид қилиш» счётига кирим қилинди. Ушбу асосий восита 2 йил давомида фойдаланишга киритилмади. 2 йил ўтгач, ушбу иштирокчи муассислар таркибидан чиқиш ва ҳисса миқдорида киритилган мол-мулкни қайтариб олишга қарор қилди. У муассислар таркибидан чиқди ва илгари киритган 85 млн сўмлик ускунани қайтариб олди. Устав фонди унинг улуши суммасига камайтирилди.

Маълумот учун: МЧЖ – ЯСТ тўловчиси бўлиб, фойда билан ишлайди.

Муассисга устав фондидаги улуши ускуна билан қайтариб берилганда МЧЖ учун қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

 

– Иштирокчи МЧЖ таркибидан чиққанда унга улушнинг ҳақиқий қиймати қайтарилади.

Жамиятлардаги муносабатлар «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.

Қонун императив норма ҳисобланади, яъни муайян, қатъий шаклда ифодаланади ва диспозитив нормадан фарқли равишда унинг адресатлари ташаббусига кўра ўзгартирилмайди.

Кўриб чиқилаётган масала юзасидан Қонунда қуйидагилар белгиланган:

Биринчиси – МЧЖ иштирокчиси унинг бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар исталган вақтда ундан чиқишга ҳақли (Қонуннинг 8-моддаси).

Иккинчиси – МЧЖ иштирокчиси, агар бу уставда тақиқланмаган бўлса, УФдаги ўз улушини бошқа иштирокчига ёки учинчи шахсга сотишга ёки ўзга тарзда улар фойдасига воз кечишга ҳақли (Қонуннинг 20-моддаси).

Агар улушни сотиб олишга ҳеч ким кўнмаса, жамият иштирокчисининг талабига биноан МЧЖ унга қарашли улушни олишга мажбур (Қонуннинг 22-моддаси).

УФдаги улушдан бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак (Қонуннинг 20-моддаси). Яъни улушнинг олди-сотди шартномасини тузиш ва уни МЧЖга тақдим этиш зарур.

Учинчиси – МЧЖ жамият иштирокчисига унинг улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши шарт (Қонуннинг 22-моддаси). Иштирокчи улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади (Қонуннинг ­14-моддаси). Агар МЧЖ фойда билан ишласа, ҳақиқий қиймат номинал қийматдан юқори бўлади. Бу ҳолда ҳақиқий қиймат тўланганда муассисда солиқ солинадиган даромад – дивидендлар юзага келади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).

Улушнинг ҳақиқий қиймати жамиятнинг иштирокчиси шундай талаб билан мурожаат этган кундан олдинги охирги ҳисобот даври (чорак) учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади (Қонуннинг 22-моддаси).

Соф активларни аниқлаш учун «Баланс активи бўйича жами» сатри (400-сатр) суммасидан «Узоқ муддатли мажбуриятлар, жами» сатри (490-сатр) суммаси ва «Жорий мажбуриятлар, жами» сатри (600-сатр) суммасини айириш зарур. Мазкур ҳисоб-китоб натижасида олинган айирма бухгалтерия баланси тузилган санадаги соф активлар суммасини ташкил этади (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидалар).

 

МЧЖ иштирокчиси улушининг ҳақиқий қийматини ҳисоб-китоб қилишга шартли мисол:

Кўрсаткичлар

 

Сумма, млн сўмда

 

АКТИВ

 

Ўрнатиладиган ускуна

 

85

 

Пул маблағлари

 

120

 

Актив бўйича жами

 

205

 

ПАССИВ

 

Устав фонди

 

135

 

Тақсимланмаган фойда

 

50

 

Қарз (бюджетга, етказиб берувчиларга ва б.)

 

20

 

Пассив бўйича жами

 

205

 

 

 

Соф активлар суммаси 185 млн сўмни (205 – 20) ташкил этади.

1-сон иштирокчининг улуши (85 млн сўм) 63%га тенг (85 / 135 х 100%).

1-сон иштирокчи улушининг ҳақиқий қиймати – 116,5 млн сўм (185 х 63%), бунда:

85 млн сўм – дастлабки ҳисса, солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди);

31,5 млн сўм – дивидендлар (Солиқ кодексининг 22-моддаси), солиқ солинади.

МЧЖдан чиқиб кетаётган иштирокчига солиқ чегириб қолинган улушнинг ҳақиқий қиймати – 113,35 млн сўм (85 + (31,5 – 10%)) тўланади.

 

Тўртинчиси – иштирокчига улушни пул билан тўлаш ёки унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериш мумкин (Қонуннинг 22-моддаси). МЧЖнинг айрим иштирокчилари ва раҳбарлари УФдаги улуш қандай кўринишда олинган бўлса, худди ўша мол-мулк қайтарилиши керак деб ўйлайдилар. Бу хато фикр. Жамиятдан чиқиб кетаётган иштирокчи томонидан УФга ҳисса тариқасида жамият фойдаланиши учун илгари берилган мол-мулк МЧЖ фойдаланишида қолаверади (Қонуннинг 15-моддаси). Бироқ муассислар улушни, шу жумладан илгари УФга киритилган мол-мулк (асосий воситалар, ТМБ) кўринишида қайтариш ҳақида келишиб олишлари мумкин – бу сизнинг ҳолатга тўғри келади.

Бешинчиси – МЧЖ ўз иштирокчиларининг жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларининг номинал қийматини камайтириши ва (ёки) жамиятга тегишли улушларнинг ҳақини тўлаш орқали ўз УФни камайтиришга ҳақли (Қонуннинг 19-моддаси). Сизнинг ҳолатда улуш МЧЖга ўтади. Жамият УФни бир йил ичида ўзига қарашли улуш суммасига камайтириши мумкин (Қонуннинг 23-моддаси). Бир йил ичида дегани – бир йил ўтишини кутиш дегани эмас. Муассисларнинг розилигига кўра МЧЖдан битта иштирокчи чиқиб кетган заҳоти УФни камайтиришингиз мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, МЧЖ, агар бундай камайтириш натижасида УФнинг миқдори таъсис ҳужжатларидаги ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра ЭКИҲнинг 40 бараваридан кам бўлиб қолса, ўз УФни камайтиришга ҳақли эмас (Қонуннинг 19-моддаси).

Масалан, 2016 йил октябргача 40 ЭКИҲ – 5 209 600 сўм (130 240 х 40), 2018 йил ноябрдан эса – 8 109 200 сўм (202 730 х 40).

 

Жамият ўз УФни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кун ичида бу ҳақда ўзига маълум бўлган барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши, шунингдек қабул қилинган қарор тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт (Қонуннинг 19-моддаси).

 

Энди муассисдан олинган ускунани ҳисобга олишингиз асослилигини кўриб чиқамиз. Ускуна 2 йил ичида керак бўлмаган бўлса, у нима мақсадда киритилган?

 

1-ВАЗИЯТ. Муассис уни сотиш мақсадида товар сифатида берган деб тахмин қилиш мумкин. Бу ҳолда қуйидагича кирим қилиш зарур эди:

Дт 2910 – Кт 4610 – муассисдан УФга ҳисса сифатида сотиладиган товар олинди.

 

2-ВАЗИЯТ. Муассислар ишлаб чиқариш жараёнида трансформатор қўлланилиши керак бўлган корхонани ташкил этган бўлсалар, қандайдир ҳужжатда трансформаторни олиш мақсади, уни ўрнатиш муддатлари ва шартларини қайд этган маъқул.

 

Масалан, буни УФдаги пулсиз ҳиссаларнинг пул баҳоси тасдиқланадиган муассисларнинг умумий йиғилиши баённомасида акс эттириш мумкин (Қонуннинг 15-моддаси).

Ушбу ускуна ўрнатилиши – корхона электр таъминоти тизимига уланиши кераклиги сабабли қуйидаги проводкани акс эттириш зарур:

Дт 0710 – Кт 4610 – муассисдан УФга ҳисса сифатида ўрнатиладиган ускуна олинди.

Ҳар бир ускунани ўрнатиш муддати бор. Умумбелгиланган солиқларни тўловчилар 2018 йил 1 январдан ускуна бўйича мол-мулк солиғини тўламайдилар. Бироқ у бир йилдан ортиқ вақт ўрнатилмаган бўлса, икки баравар – 10%лик ставка бўйича тўлайдилар (Солиқ кодексининг 266-моддаси; 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 17-илова).

Сизда – ЯСТ, 2018 йил учун мол-мулк солиғини тўламайсиз. Бироқ текширув чоғида саволлар юзага келмаслиги учун ўрнатиш муддатига амал қилиш лозим.

Ўтган вақт ичида 2 йил аввал киритилган асосий воситалар, масалан, қайта баҳоланиши натижасида қиймати ўзгарган бўлиши мумкин. 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, ўрнатиладиган ускуналар қайта баҳоланиши лозим. Яъни унинг қиймати муассис ҳиссаси миқдорига мувофиқ келмаслиги мумкин. Сизнинг МЧЖ кичик корхона сифатида ўтган давр учун қайта баҳолашни амалга оширмаган бўлса, ускунани бошланғич қиймати бўйича беришга ҳақлисиз.

 

Операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби:

Дт 8610 – Кт 6620 – чиқиб кетаётган муассисдан сотиб олинган улуш (85 млн сўм):

Дт 8710 – Кт 6610 – тўланадиган дивидендлар (31,5 млн сўм);

Дт 6610 – Кт 6410 – дивидендлардан солиқ ҳисобланди (3,15 млн сўм).

 

1-вазият бўйича:

Дт 9120 – Кт 2910 – реализация қилинган товар таннархи (85 млн сўм);

Дт 6620 – Кт 9020 – товарни реализация қилишдан тушум (85 млн сўм);

Дт 9810 – Кт 6410 – ЯСТ ҳисобланди (4,25 млн сўм (85 млн сўм х 5%)).

 

2-вазият бўйича:

Дт 9220 – Кт 0710 – чиқиб кетаётган ускуна таннархи (85 млн сўм);

Дт 6620 – Кт 9220 – муассис олдидаги қарз (85 млн сўм).

 

Сизнинг ҳолатда бошқа даромад олинмаган, солиқ солиш амалга оширилмайди. Муассислар ускунани бошқа, баланс қийматидан юқори ёки қуйи нархда бериш ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин, бу бошқа солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин.

 

ҚҚС тўловчилар эътиборига!

Юридик шахснинг муассиси муассислар таркибидан чиққанда унга дастлабки ҳисса доирасида мол-мулкни бериш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти бўлмайди ва, тегишинча, ҚҚС солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 199-моддаси 2-қисми 5-банди).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 217 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика