Корхона (МЧЖ) боксчилар – жаҳон чемпионларига спорт кийими ва боксчилар қўлқопини текинга бериб, уларга ҳомийлик қилади.
МЧЖ спортчиларга бериладиган кийим ва аксессуарлар суммасидан даромад солиғи – 22,5% тўлайди. Чорак тугаганда текинга бериш суммасига ЯСТ ҳам солинади. Иккиёқлама – 22,5% ва 4–5% (ушбу товарлар ўзиники ёки четдан сотиб олинганига қараб) солиқ солиш юзага келади.
Бокс бўйича чемпионларда (олтин, бронза, кумуш медаллар, WCB камарлари ва ҳ.к.) солиқлар бўйича имтиёзлар борми?
Бокс бўйича жаҳон чемпионлари ЖШДС тўлашдан озод этилганми?
Корхона текинга берилган спорт кийимлари суммасини ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритмаслиги мумкинми?
– Корхонангиз товарларни, шунингдек ўз маҳсулотларини спортчилар – жаҳон чемпионларига текинга бериш операцияси бўйича солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқармоқда.
Жисмоний шахслар, шу жумладан спортчилар қуйидагиларни олганда ЖШДС тўлашдан озод этилади:
● халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаганлиги учун бир йўла бериладиган пул мукофоти;
● Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари ва давлат пул мукофотларига сазовор бўлганда бир йўла бериладиган давлат пул мукофоти ёки шунга тенг баҳодаги эсдалик совғаларининг қиймати;
● Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бир йўла бериладиган пул мукофоти ва совғалар;
● халқаро ҳамда республика танловлари ва мусобақаларида буюм тарзидаги совринларнинг қиймати (Солиқ кодексининг 179-моддаси 7, 8 ва 13-бандлари).
Спортчиларга кийим ва аксессуарларнинг берилишини юқорида санаб ўтилган вариантларга киритиб бўлмаса, текинга бериладиган мол-мулк қиймати уларнинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади.
Товарларни текинга берадиган юридик шахслар ушбу товарлар таннархи ёки уларни олиш баҳосига (олиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда) ЯСТ соладилар.
Ушбу норма хайрия жамғармаларига, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларига бепул бериладиган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Корхона спорт кийимини жисмоний тарбия ва спорт муассасаларига эмас, балки тўғридан-тўғри жисмоний шахсларга текинга берса, мазкур имтиёзни қўллай олмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.