Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 47 / Паспорт масалалари

Машина хатосими?

 

Янги ишга қабул қилинган ходимани жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўяётганда унинг ШЖБПҲ бошқа жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилганлиги маълум бўлди. Паспорт берилган жойдаги ТИИБга мурожаат этганда яна давлат божини тўлаб, паспортини алмаштириши кераклигини айтганлар.

Бундай талаб қўйиш тўғрими, ахир паспортни алмаштириш зарурати унинг айбига кўра юзага келмаганку?

Ўзининг ҳақлилигини қандай исботлай олади?

Ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилгани учун ким қандай жавобгарликка тортилади?

Н.Раупова. Тошкент ш.

 

– Фуқаронинг шахс ўхшашлиги рақами (шахсий коди) паспорт тўлдирилаётганда автоматик равишда ҳосил бўлади, ноёб ҳисобланади ва ўзгартирилмайди (ВМнинг 31.05.1996 йилдаги 200-сон қарори).

Паспорт бланкларини ишлаб чиқариш «Давлат белгиси» Давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида, биометрик паспортларни персоналлаштириш ва йўқ қилиш Давлат персоналлаштириш марказида, паспортларни эгаларига топшириш эса миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (МФРБ) амалга оширилади (Низомнинг ­8-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга
1-илова).

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ходимлари фуқароларга паспортларини тақдим этаётганда:

► олувчи номига паспорт ёзиб берилган шахс эканлигига ишонч ҳосил қилишлари, бунинг учун унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотларни сўрашлари, уларни паспортдаги ёзувлар билан қиёслашлари, шунингдек шахснинг фотокарточкадаги тасвирини паспорт олувчининг ташқи қиёфаси билан солиштиришлари;

► олувчига паспортга киритилган маълумотлар ва қайдлар тўғрилигини текширишни таклиф этишлари шарт. Паспорт бўлинмалари ходимларининг айби билан паспортга нотўғри ёзувлар ёки қайдлар киритилгани ёхуд нотўғри маълумотлар ва хатоларга йўл қўйилгани аниқланганда мазкур ходимлар ҳисобидан бошқа паспорт тўлдириб берилиши керак.

Шу сабабли ходимангиз биометрик паспортнинг машина ўқийдиган зонасида нотўғри маълумот қайд этилгани, бу фуқаронинг шахсий кодида хатога йўл қўйилишига олиб келгани ҳақидаги ариза билан прописка қилинган жойдаги паспорт столи бошлиғига мурожаат қилсин.

Паспорт столи бошлиғи ушбу далил юзасидан текширув ўтказиши ва ички ишлар органлари маълумотлар базасининг электрон ҳисобига кўра шахсий кодни ўзгартириш тўғрисида хулоса чиқариши шарт.

Бунинг устига, МФРБ ходимларининг айби билан йўл қўйилган ушбу хато ишга жойлашишда тушунмовчиликлар юзага келгани боис моддий зарар келтирганлиги муносабати билан унга тўғри шахсий кодли биометрик паспортни ўз ҳисобларидан беришлари керак. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш туман бўлинмаси ушбу далилни рад этган тақдирда ходима юқори турувчи идораларга (Тошкент шаҳар ИИББ МФББ, вилоятлар ИИБ МФРБ, ҚР ИИВ) мурожаат қилишга ҳақли.

 

Болакайнинг фуқаролиги

 

Мен Ўзбекистон фуқаросиман, Тунис фуқаросига турмушга чиққанман, иккаламиз БААда ишлаймиз. Ўзбекистонда Тунис Элчихонаси йўқ, Тунисда ҳам Ўзбекистон Элчихонаси йўқ.

Фарзандимиз Дубайда туғилса, у ерда унга паспорт олишимиз мумкинми? Ёки болани Ўзбекистонда туғиб, унинг учун ўзбек паспортини олиш, кейинчалик эса Дубайда иккинчи Тунис паспортини расмийлаштириш керакми?

Замина Р.

 

– Ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган қуйидаги ҳолларда бола Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади:

1) агар у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган бўлса;

2) агар у Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида туғилган бўлса-ю, ота-онаси ёки уларнинг бири шу вақтда ЎзРда доимий истиқомат жойига эга бўлса.

Ўзбекистондан ташқарида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви билан белгиланади («Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).

Агар меҳнат шартномасига кўра ишлаш учун БААга борган бўлсангиз, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Дубайдаги Бош консулхонасида вақтинча консуллик ҳисобида туришингиз шарт.

Бола вақтинча консуллик ҳисобида турган жойингизда туғилса, у туғилгандан сўнг мазкур далилни Консулхонада албатта легаллаштиришингиз керак. Легаллаштириш ҳужжатлар ва далолатномалардаги имзолар ҳақиқийлигини ҳамда сиз турган давлат қонунларига мувофиқлигини белгилаш ва тасдиқлашдан иборат. ФҲДЁ ҳужжатларини легаллаштириш учун 10 АҚШ доллари миқдорида консуллик йиғими ундирилади (Тарифларнинг 12-моддаси, 24.12.2013 йилдаги ПҚ-2095-сон қарорга 3-илова).

Агар бола Ўзбекистонда туғилса, сиз доимий истиқомат жойингиздаги ФҲДЁ органларида гувоҳнома оласиз.

Иккала ҳолатда фарзандингиз Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида Дубайдаги консуллик муассасасида ёки Ўзбекистондаги доимий истиқомат жойида 16 ёшга тўлмаган шахс учун биометрик паспорт олишга ҳақли бўлади.

 

Қонунга мувофиқ

 

Онам – ЎзР фуқароси 1991 йилда доимий яшаш учун Қримга кетган. Кетиш олдидан Ўзбекистондаги квартирадан пропискадан чиққан, бироқ бир қатор ҳолатлар сабабли 20 кундан кейин қайтиб келишга мажбур бўлган. ЎзРга келиб, бирмунча вақт ўтгач (1994 йилда) пропискага эга бўлган. Шундан сўнг икки марта паспортини алмаштирган. Ҳозир паспортни янги биометрик паспортга алмаштириш чоғида паспорт столи ходимлари 1991 йилдан 1994 йилгача пропискаси бўлмаганлигини рўкач қилган ҳолда паспорт беришни рад этиб, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжатини олишни талаб қилмоқдалар. 

Паспорт столи ходимларининг бундай ҳаракат қилишлари тўғрими?

Фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжатини олса, бу қандай оқибатларга олиб келади?

В.С. Тошкент ш.

 

– Дарҳақиқат, келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолатидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тили, сиёсий қарашлари, диний эътиқоди, машғулотининг тури ва сажиясидан қатъи назар, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун кучга кирган вақтда (2.07.1992 йил) Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўладилар (4-модда).

1994 йилда паспорт алмаштираётганда паспорт столи ходимлари фуқаролар оқими кўплиги ва алмаштириш учун берилган эски намунадаги паспортлар тўпланиб қолганлиги сабабли онангизнинг паспортида юқорида кўрсатилган Қонун кучга кирган санада, яъни 1992 йил 2 июлда доимий прописка қилинганлиги тўғрисида белги йўқлигини пайқамаган кўринадилар. Унга асоссиз равишда Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини берганлар.

Ушбу далил юзасидан ўтказиладиган хизмат текшируви натижасида паспорт бекор қилиниб, онангизга 1994 йилдан доимий прописка қилингани қайд этилган фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси берилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади.

 

Ҳаммаси қоидага биноан

 

Тошкентдаги манзил-маълумотнома бюросида вафот этган фуқароларнинг пропискаси тўғрисидаги маълумотлар сақланадими? Паспортисткада бўлган карточкаларнинг шакллари нимаси билан фарқланади?

Х.Л.

 

– Фуқаролар пропискадан чиққанлиги ҳақидаги маълумотлар манзил-маълумотнома бюросида 6 йил давомида сақланади. Сўнг кетиш манзил варақаси картотекадан олиб ташланади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Ўлим ҳақидаги гувоҳнома олингандан сўнг паспорт столи энг яқин қариндошининг аризаси асосида марҳумни рўйхатдан чиқариб, фуқаро вафот этганлиги муносабати билан рўйхатдан чиқарилганини қайд этган ҳолда кетиш манзил варақасини манзил-маълумотнома бюросига йўллайди. Кетиш манзил варақаси манзил бюроси картотекасида 6 йил сақланади, шундан сўнг тузилган далолатнома асосида олиб қўйилади ва йўқ қилинади.

Манзил-маълумотнома бюроси ҳисобида вафот этган фуқаронинг пропискаси ҳақидаги маълумотлар йўқ бўлса, буни сақлаш муддати тугаганлиги сабабли кетиш манзил варақаси йўқ қилинганлиги билан асослаш мумкин.

Фуқаролар қайд этиш карточкаларини (4-шакл, АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 48-бандига 4-илова) қуйидагиларга тақдим этадилар:

► ички ишлар органларига ёхуд маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига – фуқароларнинг пропискаси ва пропискадан чиқишини расмийлаштиришда;

► мудофаа ишлари бўйича бўлимларга – ҳарбий ҳисобга қўйишда ва ҳисобдан чиқаришда.

Квартиралар бўйича карточкалардан (5-шакл, Йўриқноманинг 48-бандига 5-илова) қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

► паспорт режимини текшириш;

► паспортлар ўз вақтида олиниши, прописка муддати узайтирилиши ёхуд прописка қилиниши рад этилган фуқароларнинг чиқиши устидан назорат қилиш;

► фуқаролар прописка қилинган ва пропискадан чиққанда молиявий шахсий счётларга ўз вақтида ўзгартиришлар киритиш;

► мактаб ёшига етган болаларнинг рўйхатларини тузиш, маълумотномалар бериш ва ҳ.к.

 

Прописка қилишга розиман

 

Хорижда турган қариндошимнинг квартирасида яшайман. Муаммо юзага келмаслиги учун ушбу квартирада вақтинча пропискадан ўтмоқчиман. Менга тушунтиришларича, квартира эгасининг ўзи ариза ёзиши керак экан. Агар у хорижда бўлса ва яқин орада қайтмаса, нима қилиш керак?

Н.Шеров.

Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган фуқарога тегишли турар жой майдонига вақтинча ҳисобга олиш учун унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланган розилиги талаб этилади (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5-банди).

Фуқаро Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга (Минск, 22.01.1993 йил) аъзо давлатлар ҳудудида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси билан расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи икки томонлама халқаро шартнома тузилган давлатлар ҳудудида бўлган тақдирда, унинг розилиги тегишли давлат қонунчилигига мувофиқ тасдиқланиши мумкин.

Фуқаро Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 5.10.1961 йил) аъзо давлат ҳудудида бўлганда, унинг розилиги ушбу Конвенция талабларига мувофиқ апостиль белгиси орқали тасдиқланиши мумкин (Йўриқноманинг 6-банди).

Бунда квартира эгасининг шахсан ҳозир бўлиши шарт эмас.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1231 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика