Улгуржи савдога лицензия 2013 йилда олинган. Корхонанинг устав фонди 3 500 ЭКИҲ миқдорида шакллантирилган (шундан 1 200 ЭКИҲ – пул маблағлари билан).
Улгуржи савдога лицензия олиш учун устав фондининг миқдори 3 500 ЭКИҲни ташкил этиши ҳақидаги талаб бекор қилинганлиги муносабати билан, агар устав фонди миқдори камайтирилса, у ўз кучини сақлаб қоладими?
– Ҳа, лицензия ҳақиқийлигича қолади.
Қуйидагилар улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
► ЎзРнинг улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя қилиш;
► мажбурий тартибда сертификатланиши керак бўлган товарлар сотилган тақдирда мувофиқлик сертификатлари ёки маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарда сертификатланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёхуд уларнинг нусхалари мавжуд бўлиши (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 9-банди).
ЭКИҲнинг камида 3 500 баравари миқдорида, улардан ЭКИҲнинг камида 1 200 баравари миқдорида пул маблағлари билан шакллантирилган устав фондининг мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб ВМнинг 3.05.2018 йилдаги 323-сон қарори билан бекор қилинди.
Мазкур талаб бекор қилинганлиги муносабати билан корхонанинг устав фонди камайтирилиши мумкин. Бироқ унинг миқдори қонун ҳужжатларида сизнинг юридик шахс ташкилий-ҳуқуқий шакли учун назарда тутилган энг кам миқдордан оз бўлмаслиги керак.
Саодат Усмонова,
«Norma» МЧЖ эксперти.