Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 47 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Автомобилларни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни расмийлаштиришга рухсат берилди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 24.10.2018 йилдаги 863-сон қарори билан 2001 йилдан амалда бўлган автомототранспорт воситаларига нисбатан ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни нотариал расмийлаштиришга тақиқ бекор қилинди (ВМнинг 28.08.2001 йилдаги 354-сон қарори).

 

Энди фуқаролар ишончли вакилларига автомобилга худди шундай ишончномани бошқа шахс номига расмийлаштириш ҳуқуқини беришлари мумкин. Бошқа шахсларга ўтказиладиган ваколатлар ҳажми камроқ бўлиши мумкин, бироқ кўпроқ бўлиши мумкин эмас, бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи эса асосий («бирламчи») ишончномада алоҳида қайд этилган бўлиши керак. «Иккиламчи» ишончнома ҳам нотариал расмийлаштирилиши лозим.

Шуни қайд этиб ўтамизки, Фуқаролик кодекси (140, 141-моддалар) ва Ўзбекистоннинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида кейинчалик бошқа шахсга ўтказиш, яъни иккинчи, учинчи ва ҳ.к. марта бошқа шахсга ўтказиш тўғридан-тўғри тақиқланмаган. Шу сабабли ушбу масалани аввалбошдан ҳал этган маъқул. Масалан, Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг 187-моддасига кўра, агар асосий ишончномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бундай қилиш тақиқланган – ҳужжатда кейинчалик бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш шарт эмас. Ўзбекистонда, агар бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаса, автомобиль қўлдан қўлга ўтиши хавфи мавжуд.

Ўз ваколатларини бошқа шахсга ўтказган шахс асосий ишончномани берган шахсни янги ишончли вакилнинг Ф.И.О. ва яшаш жойи ҳақида хабардор қилиши шарт. Хабарнома хабар берганлик далилини ҳужжат билан тасдиқлай оладиган тарзда берилиши керак. Агар бундай қилинмаса, кейинги ишончли вакилнинг барча хатти-ҳаракатлари учун аввалгиси жавобгар бўлади. Асосий ишончнома чақириб олинганда, муддати ўтганда ёхуд бошқа асосларга кўра тўхтатилганда бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.

Автомототранспорт воситалари юзасидан ишончномалар Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган) назарда тутилган тартибда расмийлаштирилади, шунингдек Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.08.2017 йилдаги 683-сон қарорига 1-илова) мувофиқ ЙҲХДХда ҳисобга қўйилади.

Кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 26.07.2018 йилдаги ЎРҚ–488-сон Қонунга мувофиқлаштирилган, унга кўра ташкилотлар жисмоний шахсларга ижарага берадиган автотранспорт воситаларини 30 кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномалари нотариал расмийлаштиришдан ва ЙҲХДХда ҳисобга қўйишдан озод этилган.

Бундан ташқари, энди норезидентлар учун машиналарга ишончномаларни расмийлаштириш мумкин. Бу ҳам 17 йил давомида тақиқланган эди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 25.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 980 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика