Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 47 / Хўжалик юритиш қоидалари

Бракдан халос бўламиз

 

МЧЖнинг асосий фаолият тури – ишлаб чиқариш, шунингдек савдо билан ҳам шуғулланади. 9 ой якунларига кўра савдо устунлик қилди. ЯСТ тўлайди, ҚҚС тўламайди.

Маҳаллий етказиб берувчидан 31 млн сўмга олинган товарда (қишки кийим) брак борлиги аниқланди. Товар бир йил олдин олинган. Мавсумий кийимни очиб кўрмаганлигимиз сабабли харид қилаётганда бракни топмаганмиз. Шартнома шартларига кўра корхона брак эканлигини рўкач қилиб, товарни бир йилдан кейин қайтариб бера олмайди, сабаби буни олиш чоғида қилиш керак эди. МЧЖ уни сотиш учун яроқсиз товар сифатида ҳисобдан чиқаришга қарор қилди.

Аниқланган бракни қайси счётга киритайлик?

Брак сифатида ҳисобдан чиқарилган товарга ЯСТ солинадими?

 

Сотиш учун яроқсиз ва утилизация қилинган товарларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётида акс эттирилади (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.15.11-банди). Зарарларга ЯСТ солинмайди.

Корхона нуқсонли бўлганлиги сабабли сотилиши ёки фойдаланилиши мумкин бўлмаган брак товарни ҳисобдан чиқариши ва утилизация қилиши мумкин. Бироқ нуқсонли товарлардан фойдаланишнинг имкони бўлса, улар арзонлаштирилиши ва таннархидан паст нархда сотилиши ёки хайрия жамғармаларига текинга берилиши мумкин.

Утилизация қилинадиган товарни ҳисобдан чиқариш тартиби унинг бузилиши ёки фойдаланиш (сотиш) учун яроқсиз ҳолга келишига олиб келган сабабларга боғлиқ.

Нуқсонли товарни ҳисобдан чиқариш ва утилизация қилиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни тавсия этамиз. ­19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»да (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда инвентаризация ўтказиб, унинг натижаларига кўра нуқсонли товарлар мавжудлиги ҳақидаги хулосани расмийлаштиринг. Товарларни ҳисобдан чиқариш учун далолатнома тузинг. Ҳисобдан чиқарилаётган товарни корхона омборидан уни утилизация қилиш жойигача олиб чиқиш учун «Махсустранс» ИЧБ ёки чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи бошқа ваколатли ташкилотлар билан шартнома тузинг. 

Асос – сотишга яроқсиз товар маиший чиқинди деб тан олинади. Қаттиқ маиший чиқиндилар юридик шахсларнинг фаолияти натижасида юзага келади (озиқ-овқат маҳсулотлари, шиша, резина, қоғоз, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраб-жойлаш материаллари чиқиндилари ва ҳ.к.).

Солиқ органлари текширув чоғида мазкур операцияни нақд пулга сотиш ва даромадларни яшириш деб тан олишлари хатари мавжуд, оқибатда солиқ ва жарима солишлари мумкин. Шу сабабли брак товарлар кейинчалик утилизация қилиш учун олиб чиқиб кетилганлиги далилини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши керак. Мисол учун, нуқсонли товарлар Махсустранс машиналарига ортилаётганлиги фотосуратлари, утилизация қилиш жойигача ташиш хизмати кўрсатилганлиги тўғрисидаги ҳисобварақ-фактура.

Корхонангизда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга мўлжалланган ўзингизга қарашли махсус автотранспорт бўлса, қаттиқ маиший чиқиндиларни махсус полигонларга жойлаштириш ва кўмиш учун шартнома тузиш ва ҳисобварақ-фактура ёзиш лозим. Бу қоида утилизация қилинадиган ёки кўмиладиган чиқиндиларга нисбатан қўлланади.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1123 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика