Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг келиб чиқиш сертификатини олиш тартиби соддалаштирилди
ТСВ, МВ ва ДБҚнинг қарори (16.11.2018 йилда 2131-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Маълумот учун: Кўпинча мамлакатлар ўзаро товар айирбошлашда мақбул божхона божлари, солиқлар ва йиғимлар ҳақида аҳдлашиб оладилар. Масалан, МДҲ мамлакатлари ўртасида Эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида битим (Москва, 15.04.1994 й.) тузилган. Аҳдлашувларни амалда рўёбга чиқариш учун товарнинг келиб чиқиш сертификатларидан фойдаланилади. Улар ишлаб чиқарувчи мамлакатни тасдиқлайди ва олиб кириш чоғида ҳамкор давлат «ўтказиш пункти» бўлиб хизмат қиладиган учинчи мамлакатлар маҳсулотларидан унинг товарларини фарқлаш имконини беради. Бундан ташқари, айрим мамлакатлар учун экспорт-импортга чекловлар жорий этилиши мумкин. Бунда ҳам сертификатга эҳтиёж юзага келади.
Қабул қилинган ҳужжат билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳужжат олиш тартибига 2 та истисно киритилди.
Биринчидан, МДҲ мамлакатларига экспорт қилиш чоғида қўлланиладиган СТ-1 шаклидаги сертификатни олиш учун ариза берувчи «Ўзбекэкспертиза» АЖ ёки унинг бўлинмаларига тақдим этадиган анча қисқартирилган ҳужжатлар пакети тасдиқланди. Бунда қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари ҳақида сўз бормоқда:
► етказиб берувчи ва харидор ўртасидаги экспорт (реэкспорт) қилинаётган товар бўйича шартнома (контракт асосида экспорт қилинган тақдирда);
► экспорт қилинаётган товарга ҳисобварақ-фактура (инвойс);
► экспорт қилинаётган товарнинг келиб чиқишини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (экспорт қилувчининг ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олинганлигини тасдиқловчи ва ҳ.к.).
Бунда сертификат олиш учун мурожаат қилинган куни мазкур ҳужжатларни тақдим этиш имконияти бўлмаганда, ариза берувчи томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотнинг номи, ҳажми, тайёрловчиси ва етиштирилган ҳудуди ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олувчи хат тақдим этилишига рухсат этилади (халқаро меъёрларга мувофиқ товар олиб кирилаётган мамлакатнинг божхона ёки бошқа ваколатли органлари томонидан сўровнома келганда, ариза берувчи юқорида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиши лозим).
Сўнг мажбурий тартибда экспертиза ўтказилади. Унда ҳақиқатан ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасида етиштирилганлиги аниқланади.
Бу – муҳим! Барча турдаги товарларни экспертизадан ўтказиш тартибига жиддий аниқлик киритилди. Гап шундаки, товар тўлалигича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёки ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгиси ўзгаришига олиб келадиган етарли даражада қайта ишланган ёхуд уни ишлаб чиқаришда фойдаланилган материаллар қиймати ёки қўшилган қиймати товар нархида муайян қатъий белгиланган улушга етганда сертификат берилади. Энди келиб чиқиши номаълум бўлган материаллар «етарли даражада қайта ишланганлик» мезонига мувофиқ таҳлил қилинганда хорижий материаллар деб ҳисобланади. Масалан, эҳтиёт қисм қаерда ишлаб чиқарилганлиги номаълум, шу сабабли ускуна таркибида у хорижий материал сифатида ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, аризани топшириш санасидан сертификат бериш санасигача бўлган муддат 3 кундан 2 кунга қисқартирилди (экспертиза ўтказиш ва сертификатни расмийлаштириш учун 1 кундан).
Иккинчидан, ариза берувчига СТ-1 шаклидаги сертификат талаб этилмаса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспертизадан ўтказиши мажбурий эмас. Бошқа шаклдаги сертификатни (Низомга 4-илова) олиш учун қабул қилинган ҳужжат билан бланкаси тасдиқланган ариза-декларацияни тақдим этиш кифоя. Уни қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этиш мумкин.
Бу ҳолда «Ўзбекэкспертиза» АЖ тақдим этилган ҳужжатларни шундайлигича қабул қилади, сертификат эса ариза-декларация тақдим этилгандан кейин 1 кун ичида расмийлаштирилади. Бироқ экспорт қилинаётган товарлар бўйича улар олиб кирилаётган мамлакатнинг ваколатли органлари нотўғри ёки ишончсиз маълумотларни аниқлаган тақдирда, ариза берувчида келиб чиқиш мамлакатини тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим этиш ва барча харажатларни тўлаш мажбурияти юзага келади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.11.2018 йилдан кучга кирди.
Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.