Корхонамиз автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси ҳисобланади.
ЯСТни ҳисоблаш чоғида ер солиғининг базавий 3 баравар миқдорини инобатга олиш керакми?
– Ҳа, автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари орқали нефть маҳсулотларини сотиш асосий фаолият тури ҳисобланган корхона ЯСТни ҳисоблашда ер солиғининг 3 баравар суммасидан келиб чиқиб унинг энг кам суммасини ҳисобга олади (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Нефть маҳсулотларини АЁҚШ орқали сотиш чакана савдо деб тан олинади, сабаби станциянинг ўзи турғун савдо шохобчаси ҳисобланади. Турғун савдо шохобчалари – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган жойларда доимий асосда жойлашган савдо объектлари (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар, оптика, автомобиль ёқилғиси қуйиш шохобчалари) (Қоидалар, ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарорига 1-илова).
Чакана савдо корхоналари ЯСТни айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Мазкур норма ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури фақат юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарларнинг чакана савдоси бўлган корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди (2449-сон Низомнинг 2-банди).
Фақат юридик шахслар нефть, газ ҳамда газ конденсатини сотишлари мумкин (Низомнинг 3-банди, ВМнинг 12.06.2018 йилдаги 444-сон қарорига 1-илова). Бинобарин, 2449-сон Низом АЁҚШга нисбатан татбиқ этилмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.