Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 46 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Балиқчилик кластерлари солиқлардан 3 йилга озод этилади

 

Президентнинг «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (6.11.2018 йилдаги ПҚ-4005-сон) қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ташкил этилган. Унинг таркибига кирувчи юридик шахслар 2023 йилгача личинка, балиқ чавоқлари ва товар балиқ етиштиришдан, балиқчилик маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашдан олинган даромадлари бўйича ЯСТдан озод этилган. Шунингдек балиқ омихта емлари (ТИФ ТН коди – 2309 90) 2019 йил охиригача божхона тўловларини тўлашдан озод қилинган. Шунингдек, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида «Балиқ ишлаб чиқарувчи» ЭИЗ ташкил этилиб, унинг қатнашчиларига имтиёз ва преференцияларнинг тўлиқ спектри тақдим этилган.

 

Фоизлар компенсация қилинган ҳолда кредитлар

3 ой давомида «Ипотека банк» АТИБнинг устав капиталидаги давлат улуши эквивалентда 50 млн АҚШ доллари миқдорида оширилади. Маблағлардан зарурат бўлганда балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун фойдаланилади. Банк чуқур таҳлиллар асосида рентабеллик, самарадорлик ва пул оқимларининг кредит ҳамда улар бўйича фоизларни ўз вақтида қайтаришни таъминлайдиган лойиҳаларга кредит ажратади. Кўрсатилган маблағлар эвазига берилган кредитларнинг ярми тижорат фоиз ставкаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсацияси кўринишида берилади. 2019–2020 йилларда балиқчилик соҳасини ривожлантиришга кредитлар бўйича, лойиҳалар ҳажми ва зарур валюта туридан қатъи назар, компенсация беришнинг қуйидаги шартлари амал қилади:

банк томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25%и миқдорида – айланма маблағларни тўлдиришга (балиқ чавоқлари, омихта ем, минерал ўғит харид қилишга) ажратиладиган кредитлар бўйича;

ўрнатилган кредит ставкасининг 50%и миқдорида – наслли она балиқ ва балиқ увилдириғи, ёпиқ сув айланма тизими, қафас (садок) қурилмаларида ва бошқа интенсив усулларда балиқ етиштиришни ташкил этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехлари ва репродукторларни ташкил этиш, ҳовузлар қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун банк томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича.

Бунинг учун кўрсатилган даврда Жамғармага ҳар йили $15 млн ўтказиб берилади.

 

Имтиёзлар билан кластер шаклида ривожлантириш

Сув ҳавзаларига ва сув билан узлуксиз таъминлаш имкониятига эга бўлган балиқчилик хўжаликларини босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштиришга қарор қилинди. Хусусан, комплекс ишлаб чиқаришга: инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлашга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этилади.

2019 йил февралгача салоҳиятли тадбиркорлик субъектлари, молиялаштириш манбалари ҳамда ер майдонлари аниқланиб, 2019–2021 йилларда балиқчилик кластерларини ташкил этишнинг манзилли дастури лойиҳаси тайёрланади.

Йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган кластерлар 1.01.2019 йилдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.

2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда:

● наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари, мелиорация ишлари учун махсус техникалар ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари;

● чет эл ташкилотлари ва уларнинг шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтириладиган омихта ем ва минерал ўғит (аммофос) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Бундан ташқари, балиқчилиқ хўжаликларига сунъий сув ҳавза майдонларида етиштирилган балиқ ҳосилдорлигидан келиб чиқиб табақалаштирилган ягона ер солиғи ставкаларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу борада 2 ой муддатда аниқ таклифлар ишлаб чиқилиши ва киритилиши лозим.

Балиқчилик хўжаликлари – «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси аъзоларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги ихтиёрий ҳисобланади.

 

Ер ва сув билан таъминлайдилар!

Балиқчилик хўжаликлари янги сунъий сув ҳавзаларини ташкил этишлари учун ер участкалари ажратилади. Бунда иккита шарт назарда тутилган:

● фақатгина интенсив усул ва ресурс тежамкор технологияларни қўллаш зарур;

● сув билан кафолатли таъминлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатига салбий таъсири йўқлиги бўйича Сув хўжалиги вазирлигининг хулосаси талаб этилади.

● 1.04.2019 йилгача балиқчилик хўжаликлари билан сувдан фойдаланиш бўйича шартномалар тузилади. Улар учун белгиланган сув миқдорининг кафолатли етказиб берилиши таъминланади. Сув танқислиги шароитида балиқчилик хўжаликлари ўз маблағлари ҳисобидан сунъий сув ҳавзаларига бошқа манбалардан қўшимча сув олиб кела оладилар.

Шунингдек белгиланишича, балиқчилик хўжаликлари сунъий сув ҳавза майдонларида ички канал, мелиорация ва чуқурлаштириш бўйича бажариладиган ишлар уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, барча коллектор ва дренажларда мелиорация бўйича бажариладиган ишлар эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

Олег ЗАМАНОВ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 


*Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 7.11.2018 йилдан кучга кирди.

 

Прочитано: 1191 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика