Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 43 / Божхона

Божхона кодексидаги ўзгартиришлар

 

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (3.10.2018 йилдаги ЎРҚ-494-сон) 4 октябрдан кучга кирди. У билан Божхона кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ­(6-модда). Улардан кўзланган мақсад – ТИФ иштирокчилари, тадбиркорлар ва фуқароларнинг божхона иши соҳасида давлат хизматларидан фойдаланиши чоғида божхона органлари билан ҳамкорлиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни янада осонлаштириш.

 

2018 йил 1 июндан божхона брокери сифатида фаолият юритиш учун рухсатномалар бериш бекор қилинди (11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон Фармон). Шу сабабли ўзгартиришларнинг салмоқли қисми рухсат бериш тартиб-таомиллари, божхона брокери фаолиятини амалга ошириш учун тегишли ҳужжат ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис аттестатининг берилиши ҳақидаги нормаларнинг чиқариб ташланишига тааллуқлидир.

 

Божхона брокери ҳақида 

Ушбу фаолият тури учун рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинганлиги сабабли божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома олиш зарурати йўқолди (БКнинг 15-моддаси 2-хатбошиси). Энди божхона брокери – божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси.

Божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсат этувчи талаблар ва шартлар чиқариб ташланди, ДБҚнинг Божхона брокерларининг реестрини юритиш ва уни расмий веб-сайтида жойлаштириш мажбурияти бекор қилинди (БКнинг 277-моддаси 4–7-қисмлари).

Илгари божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома олиш шартларидан бири божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ҳисобланар эди. Уни бундай таъминотни назарда тутувчи ишларни бажаришдан аввал, 1 000 ЭКИҲ миқдорида тақдим этиш лозим эди (БКнинг 278-моддаси 3-хатбошиси). Илгари энг кам иш ҳақи миқдори ошганда бундай ўзгариш рўй берган кундан бошлаб бир ой давомида мазкур талаблар бажарилишини таъминлаш зарур эди.

Энди божхона брокери декларант ёки ваколатли шахс олдидаги ўз фуқаролик жавобгарлигини худди шу миқдорда суғурталаши шарт (БКнинг 282-моддаси 1-қисми 2-хатбошиси).

 

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис ҳақида

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга қўйиладиган талаблардан Давлат божхона қўмитаси томонидан берилган малака аттестатига эга бўлиш ҳақидаги шарт чиқариб ташланди (БКнинг 284-моддаси). Энди божхона брокери ёхуд бошқа юридик шахс билан меҳнат шартномаси тузган ва ушбу юридик шахс номидан божхона расмийлаштируви бўйича иш бажарадиган Ўзбекистон Республикаси жисмоний шахси божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис бўлиши мумкин.

Малака аттестатига зарурат йўқлиги сабабли унга оид қоидалар Божхона кодексидан чиқариб ташланди (БКнинг 285-моддаси). Шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг божхона органларидан мутахассис номига электрон рақамли имзо олиш ҳуқуқи бекор қилинди (БКнинг 286-моддаси 1-қисми «е» кичик банди).

Тегишинча, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, ушбу аттестатни қайта рўйхатдан ўтказиш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш) ва унинг амал қилишини тиклаш, уни ўқитиш учун божхона йиғимини ҳам тўлаш керак эмас (БКнинг 291-моддаси ­1-қисми 8, 9-хатбошилари).

 

Декларант ҳақида

Декларант товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс (БКнинг 15-моддаси).

Мазкур божхонага оид ҳуқуқий муносабатлар вакилининг ваколатлари кенгайтирилди. Декларантга қўшимча равишда қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

● божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни бажариш учун божхона назорати зонасига кириш;

● божхона масалалари бўйича божхона органларидан ахборот ва маслаҳатлар олиш;

● товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш нияти тўғрисида божхона органларини хабардор қилиш;

● дастлабки операциялар амалга оширилаётганда божхона мақсадлари учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;

● декларацияланадиган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона омборларига божхона назорати остида жойлаштириш (БКнинг 275-моддаси 1-қисми 5–9-хатбошилари).  

Илгари фақат божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис бундай ҳуқуқларга эга эди.

 

Қайта ишлаш

Қайта ишлаш режимларини қўллашда техник-иқтисодий асосни ваколатли органлар билан келишиш муаммо туғдирар эди. Унинг зарурлиги тўғрисидаги нормаларнинг чиқариб ташланиши – ТИФ тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича муҳим қадам бўлди.

Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга доир бир қатор талаблар ва шартлар чиқариб ташланди. Чунончи, энди товарни қайта ишлаш жараёнининг ТИАни ваколатли орган билан келишиш зарур эмас (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Бу товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга ҳам тааллуқли (БКнинг 72-моддаси).

Шунингдек товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ушбу органнинг хулосаси талаб этилмайди (БКнинг 44-моддаси 1-қисми 3, 4-хатбошилари).

Бироқ техник-иқтисодий асослар тушунчасининг ўзи бекор қилинмади. Қуйидаги шартлар сақланиб қолди:

● ТИАнинг ва амалдаги қайта ишлаш жараёнининг кўрсаткичлари бир-бирига мос бўлиши керак (БКнинг 44-моддаси 1-қисми 6-хатбошиси, 72-моддаси 1-қисми 5-хатбошиси);

● контракт (шартнома, келишув) шартлари ёки қайта ишлаш жараёнининг ТИА кўрсаткичлари ўзгарган тақдирда товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш рухсатномасини бериш тўғрисида янги ариза берилиши лозим (БКнинг 44-моддаси 3-қисми, 72-моддаси 2-қисми).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1125 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика