2018 йилда ташкил этилган корхона (ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчи) қурилиш пудрати шартномалари бўйича ишларни бажариш чоғида фойдаланадиган моддий бойликларни сотиб олади (ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатган ҳолда). Материалларнинг бир қисми уларга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказмаган ҳолда ёрдамчи пудратчиларга топширилади. Ташкил этилган пайтдан бошлаб жорий йилнинг III чораги якунлангунга қадар корхонада ишлар, хизматларни реализация қилишдан тушум тушмади (уларни реализация қилиш бўйича оборотлар мавжуд эмас).
1. Ишларни реализация қилиш бўйича оборотлар мавжуд бўлмаганда Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрида (Харидлар реестрида) ҳамда ҚҚС ҳисоб-китобига 1 ва 7-иловаларда харид қилинган материаллар бўйича ҳисобварақ-фактуралар кўрсатиладими?
2. ҚҚС билан харид қилинадиган ва уларга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказмаган ҳолда ёрдамчи пудратчига топшириладиган материаллар ҚҚС билан ёки усиз бериладими?
1 |
Ҳа, ҚҚС ажратиб кўрсатилган, харид қилинган материаллар бўйича ҳисобварақ-фактуралар Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрида (Харидлар реестрида) (ҚҚС ҳисоб-китобига 7-илова, 3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) акс эттирилади.
Харид қилинган материаллардан солиқ солинадиган оборотлар мақсадида фойдаланилиши сабабли улар бўйича ҚҚС ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 218-моддаси 1-1-банди).
Ҳисобот даврида реализация қилиш бўйича оборотлар бор-йўқлигидан қатъи назар, харид қилинган материаллар бўйича ҚҚС суммаси ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илова «Ҳисобга олинадиган ҚҚС ҳисоб-китоби учун фойдаланиладиган олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси» ва 7-илова «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри»да акс эттирилади.
Ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлаш чоғида реализация қилиш оборотлари учун фойдаланиладиган материаллар бўйича ҚҚС олинади (ҚҚС ҳисоб-китобига 2-илова). Ҳозирча оборотларингиз мавжуд эмаслиги сабабли 1-иловада (050-сатр) акс эттирилган ҚҚСнинг жами суммаси 2-илова «Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» 060-«Ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси» сатрида кўрсатилади.
ҚҚС бўйича ҳисобот ортиб борган ҳолда тўлдирилиши сабабли харид қилинган материаллар қийматидан ҚҚС ҳисоботда ва сизда оборотлар юзага келганда акс эттирилади. Шунда ушбу оборотлар учун фойдаланилган материаллар бўйича ҚҚСни ҳисобга оласиз.
2 |
Уларга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказмаган ҳолда, яъни қайта ишлаш асосида ёрдамчи пудратчига бериладиган материаллар реализация қилиш обороти бўлмайди, шу сабабли уларга ҚҚС солинмайди (Солиқ кодексининг 199-моддаси 2-қисми 9-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.