Россия фуқароси бўлган дугонам меҳмонга келди. Кириш чоғида «яшил йўлак» орқали ўтмоқчи бўлганида божхоначилар уни «қизил йўлакдан» ўтказдилар. Гарчи ёнида 2 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган маблағ бор эди. Дугонам декларация тўлдирган, уни қайтариб бермаганлар.
Чиқиш пайтида муаммога тўқнаш келмайдими? Ҳозир мамлакатимиз фуқаролари ва чет эллик фуқаролар қанча миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишлари мумкин?
И.Мельник.
– Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидаларига (ВМнинг 30.01.2018 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова) мувофиқ, жисмоний шахсларга эквиваленти 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистон ташқарисига эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади. Бунда божхона назорати қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.
Жисмоний шахслар томонидан олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валюта 2 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлса, унга ёзма декларация тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади. Бунда йўловчи божхона декларациясида олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади.
Маълумот учун. Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра эквиваленти 2 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валюта декларацияланиши мумкин.
Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш:
● резидентлар томонидан – ЎзР МБнинг рухсатномаси асосида амалга оширилади, унда олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади;
● норезидентлар томонидан – мамлакатимизга кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, унда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилган бўлиши лозим.
Эквиваленти 5 000 АҚШ долларидан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос бўлган ҳужжатни бошқа шахсларга беришга йўл қўйилмайди.
Резидент томонидан МБнинг рухсатномасини ва норезидент томонидан Ўзбекистонга кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларациясини ишлатиш 1 маротаба амалга оширилади. Келгусида ушбу ҳужжатлардан кўрсатилган нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.