Тўлиқ ставкада ишлайдиган ходим шу корхонанинг ўзида ўриндошлик асосида 0,5 ставкада ишлайди. Табелга кўра у бир ойда асосий ставка бўйича 25 иш куни ва ўриндошлик асосида 25 иш куни ишлаган.
ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш чоғида корхонада ички ўриндош сифатида ишлайдиган ходимнинг кунлари қандай ҳисобга олинади?
– Ички ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтини ҳисобга олиш асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида юритилади (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-банди).
ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш чоғида бир ойда барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунлари (бир кунда ишлаган соатларидан қатъи назар) сони, бироқ корхонада ўрнатилган иш кунлари сонидан ортмаган ҳолда ҳисобга олинади (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-банди).
ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш чоғида ишлаган соатлар эмас, кунлар ҳисобга олиниши сабабли ички ўриндош ишлаган кунлар сони 1 марта ҳисобга олинади.
Сизнинг вазиятда ходим ишлаган 25 кун ЯИТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобига 1 марта киритилади.
Бунда ходим асосий лавозими бўйича ва ўриндошлик асосида ишлаган соатлар сони иш вақти ҳисобида алоҳида-алоҳида акс эттирилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.