Президент 17.10.2018 йилда «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш механизми анча соддалаштирилди.
Биринчидан, энди юридик шахслар уни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, август ойидан бошлаб бундай маҳсулотларнинг экспорти бўйича нарх белгилаш тартиби ўзгарган (1.08.2018 йилдаги ПФ-5495-сон).
Иккинчидан, экспортдан тушумларни ўз вақтида таъминламаган ташкилотлар Ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар. Кейинчалик уларга нисбатан экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари қўлланилади.
Учинчидан, тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Якка тартибдаги тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган тушумдан ЯСТ тўлашлари керак бўлади.
Тўртинчидан, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар бўлади.
Бешинчидан, тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуришлари мумкин.
Ташқи савдо вазирлиги мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштиради, экспорт қилувчиларга сотиш бозорларини излашда ёрдам беради, улар билан ҳар ойда учрашувлар ўтказади. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ҳамда экспорт қилувчилар Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар уюшмасига бирлашадилар. Бунда уларга ССП, Адлия вазирлиги ва бизнес-омбудсман кўмак беради.
Кейинги йилнинг март ойига келиб интернетда Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот портали ишга туширилади. У «TradeUzbekistan.com» электрон савдо майдончаси, ДСҚ ва ДБҚ ахборот тизимлари билан интеграцияланади. Портал мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар, салоҳиятли импорт қилувчилар ва ҳ.к. тўғрисида ахборот олиш, шунингдек экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини беради.
Ваколатли идораларга тегишли топшириқлар берилди, шахсан жавобгар шахслар белгиланди.
Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.