Корхона (МЧЖ) саноат тикув машиналарини (ТИФ ТН кодлари – 8452 21 000 0, 8452 29 000 0) олиб кирмоқчи. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, бу машиналар импорт қилинганда божхона божи ва ҚҚСдан озод қилинади. Тикув машиналари кейинчалик Ўзбекистонда харидорларга улгуржи реализация қилиш учун олиб кирилади.
Корхона улгуржи реализация қилиш учун олиб кирилган технологик жиҳозлар бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкинми?
– Ҳа, ҳатто кейинчалик жиҳозларни ички бозорда реализация қиладиган бўлса ҳам, корхона уларни импорт қилиш чоғида имтиёзни қўллаши мумкин.
Юридик шахслар томонидан олиб кириладиган технологик жиҳозларга ҚҚС ва импорт божхона божи бўйича имтиёзлар Солиқ кодексининг 211-моддаси 7-банди ва БКнинг 297-моддаси 13-бандига мувофиқ тақдим этилади.
Тасдиқланган Рўйхат (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бўйича Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган технологик жиҳозлар ҚҚС ва божхона божини тўлашдан озод қилинади. ТИФ ТН кодлари кўрсатилган Рўйхатга киритилган янги технологик жиҳозларга имтиёзлар тақдим этилади.
Янги технологик жиҳозлар – «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида, унинг ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган технологик жиҳоз. Ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки жиҳозлар унинг томонидан ишлаб чиқарилганлиги, шу жумладан ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган ишлаб чиқарувчининг ҳужжати тақдим этилади (Рўйхатга изоҳ).
Импорт қилинадиган технологик жиҳозлар олиб кирилган пайтдан бошлаб 3 йил ичида экспортга реализация қилинса ёки текинга берилса, имтиёзларнинг амал қилиши бекор қилиниб, ҚҚС ва божхона божини тўлаш мажбурияти тикланади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.