Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 43 / Менда таклиф бор

Аудиторлик ташкилотлари учун қайси солиқ тизими афзал

 

2019 йилдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (тушуми) 1 млрд сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу белгиланган чегаравий миқдорга етган хўжалик юритувчи субъектлар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади (29.06.2018 йилдаги ПФ-5468-сон Фармоннинг 2-банди).

 

Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2017 йил якунлари бўйича 15 та аудиторлик ташкилоти ёки ­14,7%и 1 млрд сўмдан ортиқ тушум олган. Уларнинг даромади республикадаги аудиторлик хизматлари умумий ҳажмининг 62,5%ини ташкил этган. Яна 5 та аудиторлик ташкилоти миллиардерлар сафига яқинлашиб қолган.

 

Шу муносабат билан савол туғилади: йирик аудиторлик ташкилотлари ҚҚС тўлашга ўтмаслик ва нарх бўйича рақобатга дош бериш ниятида ўз бизнесларини бўлакларга бўладиларми? Буни амалга ошириш осон, қонун ҳужжатларида 2019 йилдан бошлаб янги аудиторлик ташкилотларини таъсис этиш анча соддалаштирилди.

Аудиторлар учун ҚҚС ҳисобланиши масаласи жиддий аҳамиятга эга. Сабаби меҳнат сарфи аудиторлик хизматлари қийматининг 80%идан ортиқни ташкил этади, бундан кўп бўлиши ҳам мумкин. Аудиторлик ташкилотида ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш мумкин бўлган харажатлар деярли йўқ.

Устав капиталида давлат улуши бўлган субъектларнинг аудиторлик ташкилотларини танлаб олиши тартибини белгиловчи амалдаги қонунчилик нормалари ҳам умумий солиқ солишга ўтмоқчи бўлган аудиторлик ташкилоти учун манфаатли эмас.

Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги низомда (ВМнинг 21.11.2000 йилдаги 456-сон қарори билан тасдиқланган) танлов таклифи қийматига ҳам ҚҚС суммаларини киритиш талаб қилинган. Натижада аудиторлик ташкилоти – ҚҚС тўловчи танлов савдоларидан ўта олмайди, чунки таклиф этилаётган хизматлар қиймати танлов ғолибини танлашда асосий мезон ҳисобланади.

Чунончи, 1 минг АҚШ долларидан кам суммадаги бир контракт бўйича етказиб беришда харид товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нархи, сифати ва етказиб бериш муддатлари бўйича энг мақбул шартларни таклиф этган етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан амалга оширилади (Низомнинг 5-банди 2-хатбошиси).

1 минг АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача суммага битта контракт бўйича етказиб беришда эса харид:

● харид қилинадиган товарлар, ишлар ва хизматларнинг тавсифномасини, сонини, бажариш муддатини ва товарни етказиб бериш жойини кўрсатган ҳолда таклифларни етказиб берувчиларга ёки пудратчиларга юбориш;

● етказиб берувчилар ёки пудратчилар эълон қилган нархлар ва тавсифномаларни таққослаш йўли билан буюртмачилар томонидан ташкил этиладиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан амалга оширилади (Низомнинг 5-банди 3-хатбошиси).

Мижоз учун бир хил лицензия, етказиб бериш муддатлари ва хизматлар тавсифларига эга бўлган ­аудиторлик ташкилотлари одатда бир-бирига мутлақо ўхшаш кўринади. Хизматлар сифати эса аудиторлик ташкилоти билан шартнома тузгандан кейин билинади.

 

Шунга қарамай, умумий солиқ солишга ўтиш аудиторлик ташкилоти учун манфаатли бўлиши мумкин.

Аудиторлик хизматларига ҚҚС ҳисобланишидан буюртмачи, айниқса у йирик бизнес субъекти бўлса, манфаат олади.

Аудиторлик ташкилотининг ўзи ҳам наф олади. Амалиётнинг кўрсатишича, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган субъектлар ягона солиқ тўловини тўловчилардан кўра кўпроқ аудиторлик текширувларини ўтказадилар.

Солиқ солиш тизимини (солиқларнинг турлари ва уларнинг ставкаларини) эътиборга олган ҳолда ўз бизнесини бўлакларга бўлмай, умумий солиқ солишга ўтишга қарор қилган аудиторлик ташкилотининг кутилаётган молиявий натижасини ҳисоблаш мумкин.

минг сўмда

Кўрсаткичлар

 

Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси

 

ЯСТ тўловчиси

 

Тушум

 

1 100 000

 

1 100 000

 

Таннарх, ш. ж.:

 

742 000

 

732 000

 

МҲТФ

 

600 000

 

600 000

 

ЯИТ (12 %)

 

72 000

 

72 000

 

Бошқа харажатлар

 

70 000

 

60 000

 

Давр харажатлари, ш. ж.:

 

97 200

 

97 200

 

МҲТФ

 

60 000

 

60 000

 

ЯИТ (12%)

 

7 200

 

7 200

 

Бошқа харажатлар

 

30 000

 

30 000

 

Чегирилмайдиган харажатлар

 

15 000

 

15 000

 

Солиқ солинадиган база

 

275 800

 

1 100 000

 

Солиқ ставкаси (%)

 

12

 

5

 

Солиқ суммаси

 

33 096

 

55 000

 

Соф фойда

 

227 704

 

215 800

 

 

ҚҚС суммаси хизматлар қийматини яна 220 млн сўмга оширади. ҚҚС тўловчиси солиқ суммасининг бир қисмини ҳисобга олиш йўли билан қайтариши мумкин (унинг кутилаётган суммаси 20 млн сўмдан ортиқ эмас).

Муассис дивидендлари орқали иш ҳақи тўловчи ЯСТ тўловчи аудиторларнинг расмий иш ҳақи миқдори пасайтирилиши ҳисобига кўпроқ фойда олади.

Жадвалдан кўринганидек, аудиторлик ташкилоти ўз хизматларига ҚҚС ҳисобланганда соф фойда суммасидан ютқизади.

Бироқ умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиб, ҚҚС тўловчи йирик мижозларнинг контрактларини қўлга киритиш имконига эга бўлади, бу билан ўз ходимларини мунтазам иш ҳақи билан таъминлайди.

Шунга қарамай, йирик ишлар ва хизматлар етказиб берувчилари кўпайишини рағбатлантириш учун танлов талабларини қайта кўриб чиқиш, танлов таклифи суммасидан ҚҚСни чиқариб ташлаб, йирик ва кичик бизнес ўртасидаги манфаатлар тўқнашувида бошқа танлов мезонларини белгилашни таклиф этамиз.

 

Кейинги йилда бизни нималар кутмоқда? Аудиторлик ташкилотлари бўлинмайди. Аудиторлик ташкилоти учун номи ва бозорда фаолият юритиш даври катта аҳамиятга эга. Шу сабабли ягона бошқарув остида бўлган аудиторлик ташкилотлари ўртасида ҳажмлар қайта тақсимланса керак.

Халқаро ва миллий аудиторлик ташкилотлари – халқаро тармоқлар аъзолари умумий солиқ солишга ўтади.

 

Равшан ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон
Аудиторлар палатасининг
ижрочи директори.

 

Прочитано: 1161 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика