Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисида»ги қарорига (26.11.2014 йилдаги 322-сон) мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига 2015 йилнинг 1 январидан учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш тақиқланган.
Аммо бугунги кунда айрим фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан кузатув камерали ва камерасиз учувчисиз учиш аппаратларини (дронларни) олиб келиш ҳолатлари учрамоқда. «Самарқанд аэропорти» чегара божхона постида Санкт-Петербургдан учиб келган Н.С. «яшил» йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганда унга тегишли бўлган багаж ва қўл юклари божхоначиларда шубҳа уйғотди. Мазкур юклар тегишли назорат тартиб-таомилларидан ўтказилганда улар орасида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган 2 та учувчисиз учиш аппарати яширилгани маълум бўлди.
Учиш аппаратларининг техник таснифи ўрганилганда самода 70 метр баландликка кўтарилиб тасвирга олиш, Wi-Fi орқали смартфон телефонларда тасвирни тўғридан-тўғри кўриш имкониятига эга эканлиги аниқланди. Ҳозирда бу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (12.05.2016 йилдаги 150-сон) билан зарурат туғилган ҳолларда айрим ташкилотларнинг мазкур қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириши, реализация қилиши ва фойдаланишига рухсат берилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.