Самарқанд вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтган вилоят маъмурий судининг сайёр суд мажлисида асосан «Самарқанд аэропорти» чегара божхона постида ва «Самарқанд» ҳамда «Улуғбек» ТИФ божхона постларида аниқланган 20 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилди.
Вилоят маъмурий суди судьялари С.Юсупов ва Р.Очилов раислик қилган сайёр суд ишида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев, соҳавий бўлим ва гуруҳ бошлиқлари ҳамда ТИФ божхона постлари ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши вакиллари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар иштирок этди. Суд мажлисини бундай сайёр тарзда ўтказишдан мақсад давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда маъмурий ишларни тез кўриб чиқиш ва бу билан фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда энг асосийси, қонунбузарларни жазолаш эмас, тарбиялашдан иборат эканлиги эслатилди.
Ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди ва уларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланган ҳолда қарорлар қабул қилинди.
Исомиддин ТУРАПОВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси катта суриштирувчиси.