Ишлаб чиқариш корхонаси тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. ИФУТ коди – 14130 «Бошқа устки кийимлар ишлаб чиқариш». Ишлаб чиқариш жараёнида қайтариладиган чиқиндилар ҳосил бўлади, уларни реализация қилмоқчимиз.
ҚМЧ (чиқиндиларни) олиб чиқиб кетишга коммунал хизматлар билан шартнома тузиш шартми?
– Ишлаб чиқариш жараёнида, одатда, барча корхоналарда чиқиндилар ҳосил бўлади. Кўчмас мулкдан фойдаланилганда қаттиқ маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келувчи ва ушбу кўчмас мулк ихтисослаштирилган санитария-тозалаш ташкилотларининг хизмат кўрсатиш доирасида жойлашган бўлса, ушбу мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар) улар билан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатилиши юзасидан шартнома тузишлари шарт.
Кўчмас мулк эгаси (юридик ва жисмоний шахслар)нинг қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси бўлса, мулкдор ҚМЧни жойлаштириш ва уларни ихтисослаштирилган полигонларда кўмиб ташлаш учун шартнома тузади (Қоидаларнинг 8-банди, ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 3-илова). Ушбу тартиб утиллаштирилиши ёки кўмиб ташланиши лозим бўлган чиқиндиларга нисбатан қўлланилади.
Четга сотиладиган қайтариладиган чиқиндилар балансга (1090-«Бошқа материаллар» счёти бўйича) кирим қилинади ва маиший чиқиндилар деб эмас, балки корхонанинг товар-моддий бойликлари деб тан олинади. Уларни сотиш чоғида олди-сотди шартномасида назарда тутилган умумий қоидалар қўлланилади, унинг шартларида ТМБнинг етказиб берувчи томонидан топширилиши ёки харидор уни етказиб берувчининг омборидан ўзи олиб чиқиб кетиши назарда тутилиши мумкин (ФКнинг 390-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.