Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 31 / Божхона

Тадбиркорларга хизматлар масофадан туриб кўрсатилади

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда тадбиркорларга кўрсатилаётган давлат хизматлари, хусусан, божхона хизматларининг сифатини янада ошириш борасидаги масалалар таҳлил қилинди.

 

Пойтахтимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита ДБҚ раиси ўринбосари М.Салиевдан, қўмитанинг бошқа мутасадди вакиллари, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг раҳбарияти, тегишли бўлим, пост ва гуруҳ бошлиқлари, прокуратура, адлия, солиқ, Савдо-саноат палатасининг пойтахт шаҳар бошқармалари ходимлари, «Ўзстандарт» агентлиги мутахассисларидан жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Б.Дадаматов аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан мунтазам равишда ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар жойлардаги божхона ишига оид муаммоларни тезкор аниқлаш, ечимини кутаётган масалаларни очиқ мулоқот тарзида – бамаслаҳат ҳал этишга ёрдам бераётганини таъкидлади. Божхона идоралари ваколатига кирмайдиган масалалар эса тегишли вазирлик ва идораларга юборилаётгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви ва инвестицияларни жалб этиш борасида яратилаётган қулайликлар ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (29.06.2018 йилдаги ПҚ-3818-сон) кўра, 2018 йил 1 сентябрдан божхона расмийлаштируви тартибига киритилаётган ўзгартиришлар хусусида тўхталиб ўтилди. Масалан, кўрсатилган санага қадар ДБҚ сайтида «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилади. Унинг ёрдамида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборот ва бошқа маълумотларни реал вақт режимида олиш мумкин бўлади.

«Интеграциялашган тариф» хизмати орқали тақдим этиладиган ахборотнинг, жумладан санитар-карантин, фитосанитар ва ветеринар назорати бўйича, рухсатнома бериш хусусиятига эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши тўғрисидаги талабларнинг тўлиқ рўйхати 2 ой муддатда тасдиқланади.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2019 йил 1 январдан амалиётга киритиладиган импорт божхона божлари ставкалари ва республикамиз ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғи солинадиган товарларга акциз солиғи ставкалари тасдиқланди.

Маълумки, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида республикамиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш ва бу борадаги ишларни фаоллаштириш мақсадида Ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этишда божхона соҳасига тааллуқли муаммоларни ўрганади ва уларни бартараф этиш чораларини кўриб боради.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида яратилган қулайликлардан унумли фойдаланаётган корхоналардан бири, масалан, «АКА Petroleum» МЧЖ ХК ҳисобланади. Корхонада Россия Федерацияси ва Туркия давлатларидаги ҳамкорларни жалб қилган ҳолда 2018–2019 йилларда «Тошкент-товар» ҳамда «Чуқурсой» темир йўл станцияларида 128,0 млн АҚШ долларлик лойиҳа асосида замонавий мультимодал транспорт-логистика марказларини барпо этиш режалаштириляпти. Ҳозирда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича тайёрлов ва лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида жорий йилнинг 6 ойи давомида 36 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона томонидан импорт қилинган товарларга амалдаги қонунчиликка асосан 20,8 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Ўрганиш жараёнида экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларда мавжуд муаммо ва таклифларга аниқлик киритиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича маълумотлар шакллантирилди. Учрашув давомида иштирокчиларга тизимдаги коррупция ва тамагирлик ҳолатларига қарши курашишда жамоатчиликнинг ҳам фаол кўмаги зарурлиги, унга қарши биргаликда курашиш кераклиги, бу борада божхона, прокуратура ва солиқ органлари томонидан ҳар қандай амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилиши, куннинг исталган вақтида ушбу идораларнинг «Ишонч телефон»лари орқали мурожаат қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Тадбир сўнггида божхона иши ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш бўйича давлат органлари ҳар қандай кўмак беришга, коррупция ва бошқа иллатларга қарши курашишда кенг ҳамкорлик қилиш муҳимлиги, бундан ҳар бир тадбиркорлик субъекти ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси манфаатдор эканлиги таъкидланди.

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.

Прочитано: 1247 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика