Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 31 / Божхона

Вагон. Ошхона. Шкафдаги оғу

 

Юртимизда ташқаридан сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликларни импорт қилиш йўлига ғов бўлиш учун аниқ ва самарали тартиблар ишлаб чиқилган. Бунда, энг аввало, юртдошларимиз саломатлиги, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаати алоҳида эътиборга олинади. Амалдаги тартибларга риоя қилмай, ички бозорни сифатсиз маҳсулотлар билан тўлдиришда «жонбозлик кўрсатаётганлар» эса, афсуски, учраб турибди.

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда «Астана-Самарқанд» йўналиши бўйича юртимизга кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юкларини одатдаги божхона кўригидан ўтказди.

Шунда йўловчи О.С. вагоннинг ошхона жиҳозлари турадиган шкафнинг пастки қисмида умумий қиймати 2 млн сўмлик бўлган жами 120 дона «EZ Revolution cartridges» татуировка игналарини яширганлиги маълум бўлди. Божхона назорати давомида эса ошхона шкафидаги қутилар орасида қора рангли полиэтилен пакет ўрами ҳам борлиги аниқланди.

Бу пакет ўрами холислар иштирокида очиб кўрилганда эса унинг ичида гиёҳвандлик воситасига ўхшаш хашаксимон ўсимлик борлиги аниқланди.

Республика ИИВ Эксперт-криминалистик марказининг хулосасига кўра 20,71 граммлик ушбу қуритилган ўсимлик «Марихуана» оғуси экан.

 

Яшириб янглишишди

Мазкур постда божхоначилар «Алмати–Нукус» йўналишидаги поездни назоратдан ўтказишганда қўшни давлатдан кириб келган фуқаро вагоннинг хуфия қисмларига 250 млн сўмликдан ортиқ 10 минг дона флеш-карталар ва алкоголь маҳсулотларини яширгани маълум бўлди.

Бир ҳолатда 71 млн сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари божхона чегарасидан яширинча олиб ўтилаётгани, бошқасида эса 17 млн сўмлик автомобиль эҳтиёт қисмлари ва тиббиёт буюмлари вагоннинг хуфия жойларига яширилгани маълум бўлди.

Шунингдек, «Алмати-Тошкент» йўналишидаги халқаро қатнов поездининг йўловчилари ва уларнинг юклари божхона назоратидан ўтказилганда фуқаро А.Н. вагоннинг шифт қисмига қиймати 77 млн сўмдан ортиқ 4 644 дона кўз линзаларини яширганлиги фош этилди.

Ушбу поезд йўловчиси Т.Г. эса сифати кафолатланмаган, қиймати қарийб 26 млн сўмлик 145 дона «Озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар»ни ноқонуний олиб кирганлиги аниқланди.

 

Гуруч курмаксиз бўлмасми?

Амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахсларнинг четга гуруч маҳсулотларини 3 кг гача олиб чиқишига рухсат этилади. Лекин ошхўрларнинг нафси ҳакалак отган кўринади...

«Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Тошкент–Новосибирск» йўналишидаги халқаро қатнов поездининг йўловчилари ва уларнинг юкларини божхона назоратидан ўтказишганда фуқаро Қ.А. 300 кг гуручни божхона назоратидан яширганлигини фош қилишди. Дастлабки маълумотларга кўра божхона ходимларининг оғзаки сўровида айтилмаган ва декларацияланмаган мазкур гуручларнинг умумий қиймати 3,3 млн сўмни ташкил этар экан.

Шунга ўхшаш ҳолатда «Андижон–Москва» халқаро йўловчи поездининг йўловчиси М.Ш.га тегишли юклар божхона назоратидан ўтказилганда 6,5 млн сўмлик салкам 730 кг гуруч маҳсулотлари ноқонуний олиб кетилаётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган.

 

Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-71 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 1202 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика