Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 31 / Тадбиркорлар диққатига

МТМ – шаклидан мазмунигача

 

«Таълим тўғрисида»ги Қонунда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ташкил этилиши назарда тутилган. Мактабгача таълим муассасалари (МТМ) ҳам давлат ва нодавлат шаклида бўлиши, давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этилиши мумкин.

 

Таълим муассасаси давлат аккредитациясидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқларига ва таълим фаолиятини юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Уни ўтказиш тартиби махсус Низомда (ВМнинг 10.02.2006 йилдаги 21-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган. Аккредитациялашни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (24.07.2017 йилгача – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази) аттестацияга асосан амалга оширади. Унда таълим муассасаси фаолиятининг давлат таълим стандартлари ҳамда талабларига мувофиқлиги аниқланади. Таълим муассасаси 5 йилда 1 марта режали аттестациядан ўтказилади. Давлат аккредитацияси ва аттестациясидан барча таълим муассасалари, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ўтиши лозим. Нодавлат муассасалар, давлат аккредитацияси ва аттестациясидан ўтишдан ташқари, лицензия ҳам олишлари керак. Уни ҳам Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси беради. Лицензиялаш тартиби Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 27.03.2018 йилдаги 241-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

Мактабгача муассасалар учун таълим стандартлари ва талаблари Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади (Низомнинг 3.2-банди, ВМнинг 5.01.1998 йилдаги 5-сон қарорига 1-илова). У мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсати ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳамдир.

Ҳар бир таълим муассасаси уставга эга бўлиши шарт. У махсус Тартиб (ВМнинг 5-сон қарорига ­3-илова) асосида таълим тури хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

 

ДАВЛАТ МТМ

Давлат МТМ Мактабгача таълим вазирлиги тизимига киради. Уларнинг фаолияти махсус Низом (ВМнинг 19.07.2017 йилдаги 528-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади. Давлат МТМ шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан таъсис этилади ва тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ молиялаштирилади.

Қуйидагилар фаолиятни молиялаштириш манбалари бўлиши мумкин:

● давлат бюджети маблағлари;

● ота-оналарнинг тўловлари;

● шартномалар асосида мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

● жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

● маҳаллий, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

● қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

МТМнинг қўшимча бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиши бюджет молиялаштириши камайтирилишига олиб келмайди.

Давлат МТМ раҳбари билан 1 йил муддатга меҳнат шартномаси тузилади. У тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун жавобгар бўлади. У чоракда камида 1 марта тегишли фуқаролар йиғинига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот бериши шарт.

Давлат МТМ ота-оналар билан тузилган шартномалар асосида қўшимча пуллик таълим хизматларини кўрсатишлари мумкин. Бироқ бу хизматлар асосий таълим фаолияти ўрнига ёки унинг доирасида кўрсатилиши мумкин эмас. Шунингдек МТМда уларнинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларни тузиш ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Давлат МТМ ходимларининг меҳнатига Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 5.01.2018 йилдаги 10-сон қарорига 1-илова) ҳамда Президентнинг «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (28.02.2018 йилдаги ПҚ-3571-сон) мувофиқ ҳақ тўланади.

Шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки у ваколат берган орган МТМга мол-мулкни оператив бошқарув ҳуқуқида бириктириб қўяди. Шунингдек МТМ харажатлар сметаси бўйича унга ажратилган маблағлар ҳисобига мол-мулк сотиб олишга ҳақли.

Давлат МТМда болалар сақлангани учун ота-оналар тўлови миқдори ҳар йили Президент томонидан белгиланади (2018 йилга – 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 32-иловада). У қуйидагиларга боғлиқ:

● МТМ жойлашган жой (Тошкент ш., вилоят марказлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, туман марказлари, бошқа жойлар);

● боланинг МТМда бўлиш вақти (кунига 4 соатдан 24 соатгача);

● мактабгача гуруҳнинг иш ҳафтаси тури (5 ёки 6 кунлик);

● оиладаги МТМга қатновчи болалар сони.

Республиканинг айрим туманларида жойлашган давлат МТМ учун 2023 йил 1 январгача ота-оналар тўловининг амалдаги миқдори 2 баравар пасайтирилган (ПҚ-3571-сон қарорнинг 2-банди).

Болалар давлат МТМга йўлланмалар асосида қабул қилинади. Уларни олиш учун ота-оналар қуйидагиларга мурожаат қиладилар:

● Давлат хизматлари марказларига – шахсан бориб;

● Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (ЯИДХП) – ЭРИдан фойдаланган ҳолда электрон тарзда.

Болаларни давлат МТМга қабул қилиш тартиби Болаларни Давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти (ВМнинг 28.03.2018 йилдаги 244-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

 

НОДАВЛАТ МТМ

Нодавлат МТМ Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида низомга (ВМнинг 528-сон қарорига 2-илова) мувофиқ фаолият юритади. Давлат МТМнинг муассислари тоифасига кирмайдиган юридик ва жисмоний шахслар уларнинг муассислари бўлиши мумкин. Муассислар Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда МТМ фаолиятини назорат қиладилар.

Нодавлат МТМ учун чеклов мавжуд – уларни қуйидагича ташкил этиш тақиқланади:

● ишлаб турган давлат МТМ таркиби ва ҳудудида;

● бошқа давлат МТМга эга бўлмаган аҳоли пунктларидаги ишлаб турган давлат МТМ ўрнига (ВМнинг 24.06.1999 йилдаги 313-сон қарори 3-банди).

Нодавлат МТМ раҳбари муассислар томонидан тайинланади. У чоракда камида 1 марта тегишли фуқаролар йиғинига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот бериши шарт.

МТМ муассислар томонидан унга бириктирилган, шунингдек унга ажратилган маблағлар ҳисобига харид қилинган мол-мулкни тасарруф этишга ҳақли. Нодавлат МТМда уларнинг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларни тузишга йўл қўйилмайди.

Нодавлат МТМ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилиши шарт. Уларнинг сони тарбияланувчилар ўртача йиллик контингентининг 10%идан кам бўлмаслиги керак. Бунда уларни ўқитиш МТМга келиб тушган даромадлар умумий суммаси ҳисобидан молиялаштирилади. Кейинги йилларда бепул ўқитишни давом эттириш бўйича қарор МТМ томонидан таълим олувчининг оилавий шароити ва унинг академик натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади (15.09.2017 йилдаги ­ПҚ-3276-сон қарорнинг 4-банди).

Нодавлат МТМ учун бир қатор имтиёз ва преференциялар назарда тутилган. Чунончи, 2021 йил 1 январгача улар қуйидагиларни тўлашдан озод қилинган (ПҚ-3276-сон қарорнинг 8-банди):

● барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ЯИТдан ташқари). Мазкур имтиёз мақсадли – бунда озод қилинаётган маблағлар МТМни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга йўналтирилиши керак;

● меҳнат шартномаси асосида ишловчи хорижий ўқитувчи ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақидан ЯИТ. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги қолган даромадлар бўйича 2023 йил 1 январгача ЯИТни улар 10%лик ставкада тўлайдилар (5.04.2018 йилдаги ПҚ-3651-сон қарорнинг 10-банди).

Нодавлат МТМ:

● тугатилаётган давлат МТМнинг бўшаётган бинолари ва иншоотларини мавжуд жиҳозлари ва асбоб-ускуналари билан биргаликда, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан 3 йилгача муддатга ижара ҳақи тўламасдан ижарага олиши ­(ВМнинг 313-сон қарори 2-банди);

● бошланғич маблағни шакллантириш, бино ва иншоотларни сотиб олиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, замонавий ўқув жиҳозлари ва ўқитиш воситаларини сотиб олиш учун 5 йилдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли кредитлар олиши. Улар бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаслиги керак (ПҚ-3276-сон қарорнинг 11-банди);

● ҳақиқатда истеъмол қилинган электр ва газ таъминоти хизматлари қийматининг ­50%и миқдорида давлат бюджетидан компенсация олиши мумкин. Мазкур преференция 2023 йил 1 январгача амал қилади ва Қорақалпоғистон ва республика вилоятлари марказлари, туманлар ва шаҳарларда жойлашган ва қуйидаги биноларда ташкил этилган МТМга нисбатан татбиқ этилади:

1) инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан «ноль» харид қийматида берилган давлат кўчмас мулки;

2) хусусий инвесторларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган (ВМнинг 18.12.2017 йилдаги 991-сон қарори).

Нодавлат МТМ меҳнат шартномалари асосида ишга таклиф этган хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар:

● тузилган меҳнат шартномалари доирасида олган даромадлари бўйича ЖШДС ва суғурта бадалларини тўлашдан озод қилинади;

● иш берувчи ҳисобидан Ўзбекистонга ва бошқа томонга авиачипталар сотиб олишлари мумкин (узоқ муддатли меҳнат шартномалари асосида – бир йилда 2 мартадан ошмаган ҳолда);

● қисқа муддатли меҳнат шартномаларига асосан (бир ойдан кўп бўлмаган муддатга) иш берувчилар ҳисобидан Ўзбекистонда яшашлари мумкин, узоқ муддатли меҳнат шартномалари доирасида эса уларнинг яшаш жойи учун ­тўловлар ­шартнома ­шартларига мувофиқ иш ҳақи билан биргаликда тўлаб берилади (ПҚ-3276-сон қарорнинг ­10-банди);

● консуллик ва бошқа йиғимларни тўламасдан кириш визасини расмийлаштиришлари мумкин (ПҚ-3276-сон қарорнинг 12-банди).

Давлат ва нодавлат МТМнинг моддий-техник таъминоти белгиланган нормаларга мувофиқ амалга оширилади. Чунончи, МТМ тарбияланувчиларининг овқатланиши Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг соғлом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 528-сон қарорига 4-илова) талабларига мувофиқ ташкил этилади. МТМни ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари ҳам қонуний тасдиқланган (АВ томонидан 17.03.2018 йилда 2986-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

2018 йилнинг 15 апрелидан бошлаб МТМни кичик тадбиркорлик субъектлари жумласига киритиш учун уларнинг ўртача йиллик ходимлари чекланган сони 25 кишидан 100 кишига етказилди ­(ПҚ-3651-сон қарорнинг 10-банди).

 

ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ШАРТИДА ТУЗИЛГАН МТМ

2018 йил 1 январдан Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида янги МТМ давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартларида ташкил этилмоқда. Уни амалга ошириш шакллари ва тартиби махсус Низомда (ПҚ-3651-сон қарорга ­1-илова) белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик – хусусий инвестицияларни жалб қилиш, ресурсларни бирлаштириш ва хавф-хатарларни тақсимлаш мақсадида давлат шериги ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга юридик расмийлаштирилган ўзаро самарали ҳамкорлиги. Давлат шериги Мактабгача таълим вазирлиги ҳисобланади. Хусусий шерик юридик (давлат ташкилотларидан ташқари) ёки жисмоний шахс бўлиши мумкин. Давлат ёки хусусий шерик ДХШни ташкил этиш ташаббускори бўлиши мумкин.

ДХШ қуйидаги шаклда амалга оширилиши мумкин:

● нодавлат МТМ биноларини қуриш учун доимий фойдаланиш учун ер участкаларини бепул тақдим этиш;

● давлат мулки бўлган бўш турган объектларни, шу жумладан ишламайдиган давлат МТМнинг биноларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш;

● бут қилинмаган давлат МТМнинг фойдаланилмайдиган бинолари ёки корпусларини узоқ муддат бепул фойдаланиш учун хусусий шерикларга ўтказиш;

● ишлаб турган давлат МТМ ҳудудидаги ер участкаларини нодавлат МТМ биноларини қуриш учун доимий фойдаланишга бепул бериш;

● мавжуд давлат МТМни қайта қуриш ва жиҳозлаш ҳамда кейинчалик оталиққа олиш шарти билан нодавлат МТМ объектларини қуриш учун ер участкаларини бепул тақдим этиш;

● концессия асосида қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бино ажратиш;

● хусусий шерик мулки негизида ташкил этилган нодавлат МТМни моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш;

● оилавий нодавлат МТМни моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш;

● оталиқ шаклидаги филантропик фаолият.

ДХШнинг барча шакллари, охирги 3 тасидан ташқари, танлов асосида амалга оширилади.

ДХШ тўғрисида битим тузилгандан кейин хусусий шерик нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олади ­(оилавий нодавлат МТМни моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш шакллари бундан мустасно).

ДХШ лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерик:

● давлат МТМнинг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 30%идан 50%игача миқдорда бюджетдан субсидиялар олишга ҳақли (МТМ жойлашган жойга қараб). Бундай харажатлар миқдорини Молия вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги белгилайди. Субсидиялар олиш тартиби махсус Низомда (ВМнинг 19.05.2018 йилдаги 378-сон қарорига 2-илова) белгиланган;

● тарбияланувчилар умумий сонининг 15%идан 70%игача миқдорда (ДХШ шаклига қараб) ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини ўқитиши шарт. Бунда улар учун шу жойдаги давлат МТМ учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорларда ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмлари ўрнатилади.

Қуйидагилар ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳисобланади:

а) кам таъминланган;

б) оила аъзолари ногирон бўлган;

в) боқувчисини йўқотган;

г) боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган.

Болалар ДХШ шартларида ташкил этилган МТМга йўлланмалар асосида имтиёзли шартларда қабул қилинади. Уларни олиш учун ота-оналар туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлинмасига мурожаат қиладилар.

ДХШ шартларида ташкил этилган нодавлат МТМга қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади:

● шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга йиллик 1%лик ставкада имтиёзли кредитлар ажратиш. Кредитларни ажратиш тартиби ва шартлари махсус Низомда (ВМнинг ­378-сон қарорига 1-илова) белгиланган;

● ташкил қилинаётган нодавлат МТМнинг эҳтиёжлари учун тасдиқланган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, асбоб-анжомлар, ўқув қуроллари ва ўйингоҳлар ДХШ тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 2 йил муддатга божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинади;

● ўз фаолиятини амалга ошира бошлагандан кейин 10 йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади. Имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугайдиган сана у ниҳоясига етадиган ойнинг охирги куни ҳисобланади.

Ушбу солиқ ва божхона имтиёзларидан мактабгача таълим соҳасида кўрсатилаётган хизматларидан оладиган соф тушум улуши умумий реализация ҳажмида ҳисобот (солиқ) даври якунларига кўра камида 80%ни ташкил этадиган нодавлат МТМ фойдалана оладилар. Имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг белгиланган квоталар бўйича ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларига асосан қабул қилинган тарбияланувчиларга таълим хизматлари кўрсатишдан олинган фойда (соф тушум) ДХШ тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати мобайнида фойда солиғи (ЯСТ) бўйича солиқ солиш базасидан чиқариб ташланади;

● оталиқ шаклидаги филантропик фаолият тарзида ДХШ амалга оширилганда хусусий шерик солиқ солинадиган базасини бириктирилган давлат МТМга хайрия ва ҳомийлик ёрдами тарзида йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтиришга ҳақли;

● ДХШ тўғрисида битим имзоланган ойдан бошлаб 10 йил давомида 5%лик ставкада ЯИТ тўлаш ҳуқуқи.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 3450 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика