Илгари қоракўлни экспорт қилиш тақиқланган эди. Айтишларича, ушбу маҳсулот ўзида ишлаб чиқарилган бўлса, уни экспорт қилиш қоидалари ўзгарган эмиш. Бунда у олдиндан тўловсиз экспорт қилинар экан. Шу тўғрими?
М.Шердонаев.
– Ҳақиқатан ҳам, Президентнинг 25.05.2017 йилдаги ПФ-5057-сон Фармони билан Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) ўзгартиришлар киритилган. Энди унинг 2-1-бандига мувофиқ, хўжалик субъектларига 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб ўзлари ишлаб чиқарган товарларни экспорт қилиш, янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экинларидан, шунингдек, ПФ-1871-сон Фармоннинг 2-иловасида кўрсатилган хом ашё товарларидан ташқари, чет эл валютасида олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномаларини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқлари берилди, бунда қуйидаги шартларга риоя қилиниши лозим:
√ шартнома миқдори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги керак;
√ товарлар экспорт қилинган кундан бошлаб, 90 кун ичида мажбурий валюта тушумининг келиб тушиши таъминланиши лозим.
Бунда ўзлари ишлаб чиқарган товарларнинг кейинги экспорти кўрсатилган шартларга мувофиқ экспортчи ташкилотнинг кўрсатилган шартларда аввалги дебиторлик қарзи бўлмаган тақдирда амалга оширилади.
Қоракўл экспортига келсак, бу борада сиз учун янгилик йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари асосида экспорт қилинадиган буюм ва маҳсулотлар рўйхатида (ПФ-1871-сон Фармонга 4-илова) қоракўл бўйича ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмаган. Тери хом ашёси (шу жумладан ностандарт), мўйна, шу жумладан қоракўл хом ашёси (шу жумладан ностандарт) (ТИФ ТН кодлари – 4101–4103, 4301–4302) илгаригидек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ҳукуматининг қарорлари асосида экспорт қилинади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.