Хусусий корхона қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолият юритади. Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги ҚҚБМРМ томонидан берилган тегишли лицензияга эга. ХК қимматли қоғозлар фонд бозорида депозитар ва брокерлик хизматларини кўрсатади, ушбу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритади.
ХК кичик корхона сифатида ЯСТ тўлайди: депозитар хизматлардан – 5%, брокерлик хизматларидан – 13%лик ставкада.
Президентнинг 19.03.2012 йилдаги ПҚ-1727-сон қарорига асосан Корейс фонд биржаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси фонд бозори учун Фонд бозори учун ягона дастурий-техник комплекс (бундан кейин – ЯДТК) жорий этилган. «Фонд бозорининг ахборот-ресурс маркази» ДУК билан тузилган шартномага мувофиқ ХК мижозларнинг топшириғига кўра фонд биржасида депозитар ва брокерлик операцияларини амалга ошириш учун ЯДТКга кириш ҳуқуқини олди. Тизимга кириш ҳуқуқи учун ХК ҳар ойда ДУКка ҳақ тўлайди.
Дастурга мустақил кириш ва инвестиция воситачисининг иштирокисиз қимматли қоғозларнинг олди-сотди битимларини амалга ошириш учун мижозларга логин ва пароль берилади.
Инвестиция воситачиси ўз мижозларига фонд бозорида қимматли қоғозларнинг олди-сотди битимларини мустақил амалга оширишлари учун ЯДТКга кириш ҳуқуқини бериши фаолиятнинг қайси турига киради? Хизматларнинг ушбу турига қандай ставкада ЯСТ солиниши керак?
С.Франк, ХК директори ўринбосари.
– Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг фаолияти Низом (АВ томонидан 13.03.2002 йилда 1108-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.
Инвестиция воситачиси брокер ёки дилер сифатида қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширади.
Брокер сифатида инвестиция воситачиси мижознинг воситачиси ёки ишончли вакилидек иш олиб боради ва воситачилик ёки топшириқ шартномаси ёхуд ишончнома асосида қимматли қоғозларга доир битимларни тузади.
Дилер сифатида инвестиция воситачиси ўз номидан ҳамда ўз ҳисобидан қимматли қоғозларга доир олди-сотди битимларини тузади.
Шу тариқа, инвестиция воситачисининг профессионал фаолияти қимматли қоғозларнинг олди-сотди битимларини тузиш билан бевосита боғлиқ.
Инвестиция воситачиси Фонд бозори учун ягона дастурий-техник комплексдан (ДУК ҳуқуқ эгаси) фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун ўз мижозларидан оладиган тўловлар роялти деб ҳисобланади.
Роялти тарзидаги даромадлар юридик шахснинг бошқа даромадларига киради (Солиқ кодексининг 132-моддаси 15-банди).
Бошқа даромадлар солиқ солинадиган ялпи тушум таркибига киритилади ва унга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкасида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 353, 355-моддалари).
Сизнинг ҳолатда ҳисобот даври (чорак) якунларига кўра инвестиция воситачисининг асосий фаолият тури депозитар хизматлар бўлса, ЯДТК тизимига кириш ҳуқуқини беришдан даромадларга 5%лик ставкада, брокерлик хизматлари бўлса – 13%лик ставкада ЯСТ солиниши керак бўлади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова).
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.