2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида (Президентнинг 7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармонига 1-илова) тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада рағбатлантириш, экспорт-импорт операцияларини тартибга солишни такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатдошлигини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш каби вазифалар белгиланган.
Мазкур вазифаларнинг ижроси юзасидан Навоий вилояти божхона бошқармаси Божхона қийматини аниқлаш ва тўловлар ҳисобини юритиш бўлими ходими Элдор Жўрабоев билан суҳбатлашдик.
– Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва такомиллаштириш бўйича божхона соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ҳаракатлар стратегиясида тадбиркорлик субъектларини хом ашё ва материаллар билан таъминлашни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ёки ишлаб чиқариш ҳажми етарли бўлмаган маҳсулотлар импорти динамикасини таҳлил қилиш асосида бундай товарларга божхона тўловлари миқдорини камайтириш белгиланган эди.
Мазкур йўналишда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш, унинг рақобатдошлигини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хориждан киритилаётган хом ашё ва материаллар билан таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, аҳолининг истеъмол талабини қаноатлантириш мақсадида республика Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори* қабул қилинди. Қарорда четдан келтириладиган товарлар учун импорт божи ва акциз солиғи ставкалари янгидан белгиланди.
Марказий банк жорий йилнинг 5 сентябридан эътиборан 1 АҚШ долларининг расмий курсини 8 100 сўм этиб белгилади. Яъни долларнинг расмий курси бир ҳафта олдингига нисбатан 3 889 сўм 65 тийинга ошди.
– Маълумки, четдан келтириладиган айрим товарлар учун божхона тўловларининг ставкалари АҚШ долларида ҳисобланади. Эндиликда доллар расмий курсининг ошиши четдан келтириладиган товарлар, бутловчи қисм ва хом ашёларнинг нархларига қай даражада таъсир кўрсатади?
– Четдан келтириладиган товарлар нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг юқоридаги қарорига кўра, республикамизга олиб кирилаётган кўплаб маҳсулотларга бож ставкалари бекор қилинган ва айримларининг акциз солиғи ставкалари пасайтирилган. 2017 йилнинг 10 сентябридан бошлаб маҳсулотларнинг айрим турларига нисбатан импорт божхона божлари ставкаси ҳамда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган акциз солиғи солинадиган маҳсулотларнинг ставкалари ўрнатилди. Шундай қилиб, 42 номдаги товар позицияси учун «0» ставкада божхона божи белгиланди, яъни импорт божхона божи бекор қилинди. 8 номдаги товар позицияси учун эса божхона божи ставкаси камайтирилди. 8 хил товар позицияси акциз солиғидан озод этилди.
Наргиза РАҲМОНОВА суҳбатлашди.
Навоий вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.
*4.09.2017 йилдаги ПҚ-3254-сон.