Бизнинг МЧЖ (ЯСТ тўловчи) 2017 йилнинг I ярмида савдо фаолияти билан шуғулланди. Савдо корхоналари «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўламайди. III чоракда асосий фаолият турига айланган ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошладик.
1. Агар ишлаб чиқариш асосий фаолият турига айланган бўлса, «Камолот» жамғармасига (Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармасига) ажратмалар тўлаш зарурми? Жамғарма билан шартнома тузиш керакми?
2. Иккита фаолият турини юритганда ЯСТни қандай ҳисоблаш лозим?
3. Юридик шахслар Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ажратма тўлайдиларми?
Ш.Саидова, МЧЖ бухгалтери.
1 |
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 2017 йил 30 июнда ташкил этилди. Ушбу Иттифоқни ривожлантириш жамғармасига 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб бадаллар ўтказилади (5.07.2017 йилдаги ПФ-5106-сон Фармоннинг 1, 13-бандлари).
Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси мавжуд. Ушбу Жамғармага бадаллар ўтказиш тартиби сақланган: у савдо корхоналарига татбиқ этилмайди (ВМнинг 30.05.2001 йилдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган Низом).
Солиқ солиш мақсадида савдо корхоналари жумласига савдо фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради (Солиқ кодексининг 350-моддаси).
Агар 2016 йил якунларига кўра корхонангизнинг асосий фаолият тури савдо фаолияти бўлган бўлса, кўрсатилган Низом сизга татбиқ этилмайди. Тегишинча, «Камолот» жамғармасига бадаллар ўтказиш керак эмас.
Қонун ҳужжатларида Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси билан шартномалар тузиш тартиби белгиланмаган.
2 |
2017 йилнинг III чорагидан бошлаб фаолиятнинг 2 турини амалга ошираяпсиз. Шу сабабли алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишингиз шарт (Солиқ кодексининг 42-моддаси). Чакана савдо учун ЯСТ ставкаси – 4%, ишлаб чиқариш учун – 5% (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-1, 10-2-иловалар).
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш тартиби асосий фаолият турига боғлиқ. У ҳар чоракда ортиб бормайдиган якун билан аниқланади.
Агар чорак якунларига кўра асосий фаолият тури чакана савдо бўлса, ЯСТнинг энг кам миқдори қатъий белгиланган солиқнинг тегишли ставкаси бўйича аниқланади (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Чорак якунлари бўйича ишлаб чиқариш устунлик қилса, ЯСТнинг энг кам миқдорини ер солиғининг 3 баравари миқдоридан келиб чиқиб аниқлаш лозим (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
3 |
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаклланиш босқичида турибди. Фаолиятининг асосий вазифалари белгиланган. Ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ЯСТ учун ҳисобланган сумманинг 8%ини ўтказиш ҳисобига шаклланади (5.07.2017 йилдаги ПФ-5106-сон Фармон).
Ноила МУҚМИНОВА,
«Norma Online» эксперти.