Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 33 / Таътилга чиқувчиларга маслаҳатлар

Самолётда – саёҳатга

 

Август охирлаб, куз ҳам келиб қолдиёзги таътиллар тугамоқда. Ҳар доимгидек самолётга чипта тугамоқда. Омади келганлар эса орзиқиб кутилган сафарга отланадилар. Божхона расмиятчиликлари ва қўл юкини самолётда ташиш сингари «майда-чуйда»лар саёҳатга отланганларнинг диққатини ортиқча безовта қилмаслиги учун қоидаларни эслатиб ўтамиз. Аввалги ёз мавсумларида самолётда сафарга чиққанлар ҳам бу эслатмаларни эътибор билан ўрганиб чиқишларини тавсия қиламиз, чунки мазкур масалада баъзи бир янги жиҳатлар пайдо бўлган.

 

Қўл юки тўғрисида

Самолёт бортидан шахсий эҳтиёжлар учун қўл юкида исталган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб ўтиш мумкин, бундан суюқ ва желесимон (дирилдоқ) таомлар мустасно. Мисол учун, ейиш учун ўзингиз билан ёнғоқ, печенье, ҳўл мева, бутерброд, конфет, чипслар ва ҳоказоларни, бола учун – болалар таомларини олишингиз мумкин. Бироқ йогурт, шарбат, желе ва шунга ўхшаш маҳсулотларни олмаганингиз маъқул, уларни барибир қонуний асосда мусодара қиладилар. Консервалар ва банкалардаги маҳсулотлар ҳам шулар жумласига киради.

Рухсат берилган маҳсулотларнинг ҳаммасини шаффоф пакетларга ўраган маъқул. Бу ҳол кўздан кечиришни анча жадаллантиради.

 

Маълумот учун. Ташувчи ва аэропортнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим. Чунончи, Париждаги Шарль де Голль номидаги аэропортда қўл юкида пишлоқ олиб ўтиш тақиқланган.

Duty Free маҳсулотларини ўзингиз билан олишингиз мумкин. Муҳими, дўкон ўрови шикастланмаган бўлиши керак (сотувчи товарни сиғими 2 л бўлган махсус пакетга ўраб-жойлаб берсин). Бунда чекни сақлаб қўйинг – уни божхона назорати чоғида талаб қилишлари мумкин.

 

Медикаментлардан таблеткалар, турли томчилар (кўз, бурун учун ва ҳоказо), ўраш материаллари, водород пероксидини олиб ўтиш мумкин.

Дорилар қўллаш йўриқномаси билан биргаликда, шикастланмаган завод ўровида бўлгани маъқул. Акс ҳолда самолётдан тушаётганда божхоначиларда сиз анальгин деб аслида тақиқланган моддаларни олиб кираётганингиз хусусида шубҳа туғилиши мумкин.

Агар жароҳатланган бўлсангиз, қўлтиқтаёқ ёки бошқа ортопедик мосламаларни қўл юкига олишингиз мумкин.

Қандай техник қурилмаларни ўзингиз билан самолётга олиб чиқишингиз мумкинлигини сиз бораётган мамлакатнинг хавфсизлик қоидалари белгилайди. Одатда қўл юкида ноутбук, планшет, мобил телефон, МР3-плеер, фотоаппарат, электр устара ва тиш чўткаси, қурилмаларга «зарядка», ҳажмдор электр асбобларни (масалан, фен) олиб ўтишга рухсат берилган.

Самолётга қулоқчинларни (наушник) олиш ҳам мумкин. Гарчи ўзингиз билан мобил телефон олиш тақиқланмаган бўлса-да, учиш пайтида у сизга керак бўлмаслиги мумкин. Кўпинча учиш олдидан телефонларни умуман ўчириб қўйиш илтимос қилинади, зеро улар самолётлар электрон тизимларининг ишлашига халал бериши мумкин.

 

Маълумот учун. Агар ўзингиз билан бесўнақай техникани олмоқчи бўлсангиз, нормаларни унутманг. Одатда қўл юкида буюмларнинг узунлиги 56 см дан, бўйига 45 см дан, эни эса 25 см дан кўп бўлмаслиги керак. Юкнинг оғирлиги 3–15 кг доирасида бўлади. Аниқ рақам аэропортга боғлиқ.

 

Упа-эликлардан қўл юкида ҳар қандай қуруқ косметик воситалар: қорайтиргич, тушь, кўз ва лаб учун қаламлар, упа, пушти-қизил ёғупа ва ҳоказоларни ҳам олиб ўтиш мумкин. Бироқ ҳажми 100 мл дан ортиқ бўлган банка ва флаконларда суюқликлар, желесимон моддаларни олиб ўтиш эса қатъиян тақиқланган! Уларни багаж жомадонига ўраб солинг, акс ҳолда пардоз-андоздан ажраб қолишингиз ҳеч гап эмас.

Босим остидаги баллончаларни ҳам самолётга олиб кириш мумкин эмас. Шу боис соқол олиш кўпиги ва дезодорантлардан воз кечишга тўғри келади.

Шунингдек шахсий гигиена буюмларидан қўл юкида тиш чўткаси ва паста (бироқ паста масаласида аниқлаштириб олиш керак – баъзи аэропортларда ўзи билан паста олиш тақиқланган), нам салфеткалар, соқол олиш устараси, ўткир учи бўлмаган тароқ (баъзан металл тароқларни олиб ўтиш тақиқланади), ҳажми 100 мл дан кўп бўлмаган ацетонсиз лакни эритиш суюқлигини олиш мумкин.

 

Маълумот учун. Қўл юкида фақат санчувчи-қирқувчи буюмларни, масалан, маникюр тўпламларини (айниқса, қайчиларни) олиб кириш қатъиян тақиқланади.

 

Тажрибали сайёҳлар ўзингиз билан кофта олишни тавсия қиладилар. Енгил футболка ёки кўйлакда совқотиш мумкин – ўтириш пайтида салонда одатда иссиқ бўлади, учгандан сўнг эса кондиционерлар ишга туширилиши мумкин. Шу боис кийимлардан ўзингиз билан салонга кофта ёки свитер, пальто, шолрўмол олишингиз мумкин. Қалин жун рўмол ҳам олса бўлади.

Қўшимча равишда аёллар сумкаси, соябон ва ҳасса олиб киришингиз мумкин. Агар сиз болалар билан бораётган бўлсангиз, болаларнинг кўчма беланчаги ёки коляскасини олишингиз мумкин. Ўзингиз билан газета-журналлар, бошқа босма нашрларни олишингиз тақиқланмаган (ошириб юбормасангиз, албатта).

 

Маълумот учун. Юқорида эслатилганлардан ташқари, қўл юкида қимматбаҳо тақинчоқлар, ҳужжатлар, қиммат турадиган буюмлар, пулли ҳамённи олиш мақбул бўлади. Паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатларни ҳам ёнингизда олиб юринг – кўнглингиз хотиржам бўлади, йўл бўйи хаёлингиз ҳужжатларда бўлмайди. Бунинг устига, агар багажингиз тасодифан йўқолиб қолса, бегона мамлакатда ҳужжатларсиз қолмайсиз.

 

Тақиқланган буюмларнинг тўлиқ рўйхати кўпинча бевосита чиптанинг ўзида кўрсатилади. Унда агар ушбу рўйхат бўлмаса, чипталарни харид қилаётганда ушбу масала билан қизиқинг.

Ва, албатта, ўлчамлар борасидаги қоидаларни аниқлаштиришни унутманг, улар ҳар бир авиакомпания учун фарқланади. Ушбу масалага айниқса лоу-костлар (бюджетга қарашли авиакомпаниялар) жиддий қарашади. Уларда қатъий қоида бор: бир кишига – қўл юкининг бир жойи тенгдир. Шу сабабли ҳаммасини битта сумка ёки пакетга солишга тўғри келади. Фақат йиғиладиган болалар коляскалари, қўлтиқтаёқлар ва уст кийим учунгина истиснога йўл қўйиш мумкин.

 

Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтиш чоғидаги божхона расмиятчиликлари

Жисмоний шахслар чегара орқали олиб ўтадиган барча товарлар божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтиши керак. Бунда товарларни шахсий, оилавий, уй-рўзғор эҳтиёжлари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғланмаган бошқа эҳтиёжлар учун олиб кирадиган ва олиб чиқадиган шахслар учун божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиби белгиланган бўлиб, улар божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этилганлар, шунингдек товарларга нисбатан улар мувофиқлигининг мажбурий тасдиқланиши қўлланмайди.

Интернетда авж олаётган миш-мишларга қарамай, товарларни олиб ўтишнинг қиймат лимитида ўзгаришлар мавжуд эмас. Жисмоний шахснинг олиб чиқиб кетишига рухсат берилган нақд хорижий валютанинг миқдори ҳам аввалгидек қолди.

Божхона тўловларини тўламасдан жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун кузатиб бориладиган багажда қуйидагиларни:

√ Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни бож тўламасдан олиб киришнинг чегараланган меъёрларига (АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ чегарадош бўлмаган давлатлардан умумий қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни;

√ Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (1.06.2009 йилда ПҚ-1118-сон) мувофиқ чегарадош давлатлардан умумий қиймати 10 АҚШ долларидан ошмайдиган истеъмол товарларни олиб кириш мумкин.

Ўзбекистон резидентларига рухсатнома олмасдан 2 000 АҚШ долларига эквивалент суммада хорижий валютани олиб чиқишга рухсат берилган. Кўрсатилган суммадан ортиқчаси Марказий банк ёки ваколатли банкларнинг рухсатномаси билан олиб чиқилади. 5 000 АҚШ доллари ва ундан юқори миқдорга эквивалент суммани олиб чиқиш зарур бўлганда МБнинг рухсатномасини тақдим этиш лозим. Норезидентлар божхона декларациясига мувофиқ республикага олиб келинган сумма доирасида маблағни олиб чиқадилар (Йўриқнома, АВ томонидан 7.05.1999 йилда 716-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Маълумот учун. Кузатиб бориладиган багаж ва қўл юкида олиб ўтиладиган товар ва валюта бойликлари ёзма декларацияланиши керак. Йўловчи декларациясининг шакли ва уни тўлдириш тартиби Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 1887 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика