Бизнинг МЧЖ спорт кийим-кечакларини ишлаб чиқаради ва сотади, шу жумладан жисмоний шахс билан шартнома тузиб, уларни Спорт федерациясига бепул беради. Ўзбекистон вакили сифатида спорт мусобақаларида (шу жумладан халқаро даражадаги) қатнашадиган спортчи билан шартнома тузилади. Унга молиявий ёрдам ҳам берилади. Спортчи Ўзбекистон терма жамоасининг расмий вакили ҳисобланиши ҳамда бепул кўрсатилган ёрдам Ўзбекистондаги спорт ривожига хизмат қилишини эътиборга олишингизни сўрайман.
Спортчида, шунингдек берувчи тараф – МЧЖда унга бепул спорт кийим-кечаклари ва молиявий ёрдам берганда солиқ оқибатлари қандай бўлади? Ушбу вазиятда жисмоний ва юридик шахсларга солиқ солишда қандайдир имтиёзлар мавжудми?
ЖШДСни ким, қандай тартибда ва қайси муддатларда тўлаши керак?
Агар кийим-кечак таннархи бўйича берилса, ЖШДС қайси суммадан тўланади?
Мазкур операциялар қандай бухгалтерия проводкалари билан акс эттирилади?
Ш.Саидова, МЧЖ бухгалтери.
Солиқ оқибатлари: жисмоний шахс учун
Спортчига бепул берилган спорт кийим-кечаклари, шунингдек молиявий ёрдам унинг учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси). Бундай даромад турига тўлов манбаида ЖШДС солиниши керак. Солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда уни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти корхонангиз зиммасига юклатилади. База ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда (тўловчилар учун) маҳсулот таннархи бўйича аниқланади. Жисмоний шахснинг аризаси бўлса, солиқни энг юқори ставкада ушлаб қолиш мумкин (Солиқ кодексининг 184, 186-моддалари).
Солиқ тўловчининг даромадларидан ҳисобланган солиқ суммаси улар ҳақиқатда тўланаётганда (берилаётганда) ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 185-моддаси). Спорт кийим-кечакларини бериш ҳолатида натура ҳолида даромад олинади, шу сабабли жисмоний шахс ЖШДС суммасини корхона кассасига тўлаши ёки уни ҳисоб-китоб рақамига ўтказиши зарур. Жисмоний шахсга солиқни чегирган ҳолда молиявий ёрдам берилади.
Солиқ агенти меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсдан унинг ёзма аризаси асосида ЖШДСни ушлаб қолмасликка ҳақлидир. Бунда жисмоний шахс топширилган декларация асосида солиқни тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 184, 189-моддалари).
Моддий наф тарзидаги даромадга фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ЯИТ солинмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Эътибор беринг, халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаганлик учун олинган бир йўла бериладиган пул мукофоти (Солиқ кодексининг 179-моддаси 8-банди), шунингдек халқаро ҳамда республика мусобақаларида олинган буюм тарзидаги совринлар (Солиқ кодексининг 179-моддаси 13-банди) спортчилар учун даромадларнинг имтиёзли турлари ҳисобланади.
Юридик шахс учун
Бепул топширилган маҳсулот бўйича
Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни бепул топшириш МЧЖ учун реализация бўйича оборот ҳисобланади ва корхонангиздаги солиқ солиш тизимига қараб – ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда ялпи тушумга ёки фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда ялпи даромадга киритилади (Солиқ кодексининг 355, 130-моддалари).
Товарларни (ишларни, хизматларни) текин беришга, улар жисмоний тарбия ва спорт муассасаларига берилаётган ҳолда, ЯСТ солинмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган база, шу жумладан жисмоний тарбия ва спорт муассасаларига бериладиган бадаллар, ҳомийлик ва хайрия тариқасидаги маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 2%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади (Солиқ кодексининг 159-моддаси 1-банди).
Кўриб турганимиздек, алоҳида спортчиларга эмас, балки жисмоний тарбия ва спорт муассасаларига хайрия тариқасида ёрдам кўрсатилган ҳолда имтиёзлар тақдим этилади.
Агар жисмоний тарбия ва спорт муассасасига спорт кийим-кечакларини берсангиз, имтиёзлардан фойдаланишингиз мумкин. Муассаса эса ўз навбатида уни формали кийим-кечак сифатида спортчига бера олади. Бу ҳолда форма қиймати унинг даромади деб ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 5-банди).
Бепул топширилган маҳсулот таннархи ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 2-қисми).
Беғараз молиявий ёрдам бўйича
ЯСТ тўловчилар учун жисмоний шахсга беғараз молиявий ёрдам бериш солиқ оқибатларини келтириб чиқармайди. Юридик шахслар – умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун беғараз берилган молиявий ёрдам чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди), яъни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базага киритилади.
Бухгалтерия ҳисоби
Ўзи ишлаб чиқарган, бепул топширилган маҳсулот бўйича бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот таннархи ҳисобдан чиқарилди
|
9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»
|
2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»
|
Жисмоний шахсга маҳсулот берилди
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»
|
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
ҚҚС ҳисобланди (тўловчилар учун)
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»
|
Бепул топширилган маҳсулот харажатларга ҳисобдан чиқарилди
|
9430-«Бошқа операцион харажатлар»
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»
|
Беғараз молиявий ёрдам бўйича:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Жисмоний шахсга беғараз молиявий ёрдам ўтказилди
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Беғараз молиявий ёрдам харажатларга ҳисобдан чиқарилди
|
9430-«Бошқа операцион харажатлар»
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»
|
Надежда ГУШЧИНА, «Norma Online» эксперти.