Асосий фаолият тури – кенг қўлланиладиган ва аҳамиятли кўрсаткичлардан бири. Ташкилотга солиқ солиш тартиби, солиқнинг у ёки бу ставкасини қўллаш, имтиёз ва преференциялар олиш ҳуқуқи унга боғлиқ.
Асосий фаолият турининг ИФУТ бўйича коди – бошланғич ҳужжатларда (ҳисобварақ-фактуралар, чеклар, далолатномаларда) акс эттириладиган ташкилотнинг мажбурий реквизитларидан бири. Уни солиқ ва статистика ҳисоботларида, рухсатнома тусидаги ҳужжатларни бериш ҳақидаги аризаларда кўрсатиш зарур.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда асосий фаолият турини аниқлаш қоидалари мақсадига кўра фарқланади. Баъзи ҳолларда у йилда 1 марта белгиланади, бошқаларда эса уни ҳар чоракда белгилаш зарур бўлади.
Ушбу мақолада ташкилотнинг асосий фаолият тури қайси ҳолларда, қандай даврийлик билан ва қай тартибда аниқланишини кўриб чиқамиз.
Кичик бизнес тоифасига киритишда
Асосий фаолият тури бўйича ходимларининг ўртача йиллик сони юридик шахсни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритиш мезони ҳисобланади. У ҳисобот йили якунларига кўра аниқланади. Бинобарин, ташкилотнинг кичик бизнесга мансублигини белгилаш мақсадида асосий фаолият тури йил якунларига кўра аниқланади.
Чунончи, корхона 2018 йилда кичик бизнес субъекти бўлишини аниқлаш учун:
√ 2017 йил якунларига кўра асосий фаолият турини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи (ИФУТ) («Ўзстандарт» агентлигининг 28.01.2011 йилдаги 05-268-сон қарори билан тасдиқланган) бўйича кодини белгилаш;
√ ходимларининг 2017 йилдаги ўртача йиллик сонини ҳисоблаш;
√ уни Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичига (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова), ИФУТнинг ушбу кодига мувофиқ келувчи чекланган сони билан таққослаш зарур.
Статистика органлари ўз фаолиятида таянадиган асосий фаолият турини аниқлаш қоидалари ИФУТга Киришда баён этилган. Уларга мувофиқ, қўшилган қийматнинг умумий ҳажмида унинг улуши кўпроқ бўлса, шу фаолият тури асосий ҳисобланади.
Қўшилган қиймат – мазкур ташкилотда яратилаётган маҳсулот қийматининг бир қисми. У товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушган тушум билан уларни тайёрлашга моддий харажатлар қийматининг айирмаси сифатида ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, қўшилган қиймат – янги яратилган қиймат.
Шу сабабли асосий фаолият турини қўшилган қийматдан келиб чиқиб аниқласак, барча ҳолларда ҳам тушумнинг улуши қолганларидан устунлик қиладиган фаолият асосий деб ҳисобланмайди.
МИСОЛ. «А» маҳсулотига белгиланган қўшилган қиймат 100 сўмни, уни сотишдан тушган тушум 1 100 сўмни ташкил этади. «Б» маҳсулотига белгиланган қўшилган қиймат 80 сўмни, уни сотишдан тушган тушум 1 200 сўмни ташкил этади.
Агар асосий фаолият тури тушумдан келиб чиқиб аниқланса, «Б» маҳсулотини ишлаб чиқариш фаолияти асосий ҳисобланади, сабаби уни сотишдан тушган тушум «А» маҳсулотини сотишдан тушган тушумдан устун туради (1 200 > 1 100).
Агар асосий фаолият тури қўшилган қийматдан келиб чиқиб аниқланса, «А» маҳсулотини ишлаб чиқариш асосий ҳисобланади, сабаби қўшилган қийматнинг умумий ҳажмида унинг улуши устунлик қилади (100 > 80).
Давлат статистика органлари ташкилотнинг асосий фаолият турини тақдим этилган йиллик статистика ҳисоботи асосида аниқлайдилар. Ҳисоботларда акс эттирилган маълумотлардан келиб чиқиб, статистика органи ташкилотнинг ИФУТ кодини мустақил равишда (хўжалик юритувчи субъектни жалб этмасдан) аниқлайди ҳамда уни Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига (КТЯДР) киритади.
Статистика ҳисоботининг тасдиқланган шаклларида қўшилган қиймат сингари кўрсаткич назарда тутилмаган. Бунинг учун бошланғич ахборот мавжуд бўлса, уни ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқлаш мумкин. Шу сабабли амалиётда статистика органи ташкилотнинг асосий фаолият турини аниқлаш чоғида, одатда, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушган соф тушумга асосланади. ИФУТни қўллаш қоидаларига кўра, бундай усулда статистика ҳисобини юритишга рухсат берилган. ИФУТга Киришда қайд этилишича, қўшилган қиймат ҳақида маълумотлар бўлмаса, айланма, ходимлар сони, иш ҳақи сингари ўрнини босувчи мезонлар қўлланиши мумкин.
Солиқ солиш мақсадида
Солиқ кодексига мувофиқ, асосий фаолият тури реализациянинг умумий ҳажмидаги соф тушумдан келиб чиқиб аниқланади. Ҳисобот даври якунлари бўйича соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолият асосий ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
ЯСТ тўловчилар амалга ошириладиган фаолият турига қараб тегишли солиқ ставкасини қўллайдилар. ЯСТ бўйича ҳисобот даври чорак ҳисобланади, шу сабабли уни тўловчилар асосий фаолият турини ҳар чоракда белгилашлари керак.
Солиқ тўловчи солиқ солинадиган базани тўғри шакллантира олиши, тегишли солиқ ставкасини қўллаши, имтиёзлар ёки пасайтирувчи коэффициентлардан фойдаланиши учун шундай қилинади.
Масалан, ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда бошқа даромадлар (асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан даромадлар, ижара тўловлари, текинга олинган мол-мулк, курс фарқи, ҳисобдан чиқарилган қарз ва б.) ялпи даромад таркибига киритилади ҳамда уларга ташкилотнинг асосий фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкаси бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 353-моддаси).
Чорак якунларига кўра асосий фаолият тури савдо ҳисобланса, бошқа даромадларга ЯСТнинг 5%лик ставкасида солиқ солинади. Агар воситачилик фаолияти асосий тур бўлса, унга 33%лик ставкада солиқ солиш керак.
Бунда ҳатто ҳисобот чорагида ташкилотнинг ҳақиқатдаги фаолият тури унинг ИФУТ кодига (ўтган йил якунлари бўйича берилган) мувофиқ келмаса ҳам, чорак якунларига кўра коди ўзгармайди.
Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун
Савдо (умумий овқатланиш) корхоналари, кичик корхона ҳисобланиш-ҳисобланмасликларидан қатъи назар, ЯСТ тўлайдилар.
Савдо (умумий овқатланиш) фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар улар сирасига киради (Солиқ кодексининг 350-моддаси).
Шу тариқа, солиқ солиш тартибини қўллаш учун савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг асосий фаолият тури йил якунлари бўйича белгиланади.
Айтайлик, 2016 йил якунларига кўра корхонанинг асосий фаолият тури савдо ёки умумий овқатланиш бўлса, у 2017 йилдан бошлаб солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқисиз ЯСТ тўлаши керак.
Солиқ солиш тизимини танлаш мақсадида ҳар чорак якунлари бўйича ҳам асосий фаолият турини белгилаш мумкин. Агар савдо (умумий овқатланиш) корхонасида жорий йилнинг кетма-кет келувчи 2 чораги давомида савдо (умумий овқатланиш) асосий фаолият тури бўлмаса, у кейинги чоракдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга ёхуд йил охиригача ЯСТ тўлашга ҳақли (Солиқ кодексининг 352-моддаси).
Йил якунлари бўйича ҳам савдо (умумий овқатланиш) асосий фаолият тури ҳисобланмайди, дейлик. Бунда корхона кейинги йилдан бошлаб, агар ходимлар сони мезонига кўра кичик бизнесга мувофиқ келмаса, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга мажбур бўлади. Корхона кичик корхона ҳисобланган ҳолдагина ЯСТ тўлашда давом этиши мумкин.
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олиб
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ЯСТ тўловчилар уни энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда тўлайдилар.
Чакана савдо корхоналари учун ЯСТнинг энг кам миқдори айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Бошқа фаолият турлари бўйича ЯСТнинг энг кам миқдори эса – эгаллаб турган ер участкаси майдонига қараб ҳисоблаб чиқариладиган ер солиғининг 3 баравари миқдоридан келиб чиқиб (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда асосий фаолият тури чорак бўйича алоҳида ортиб бормайдиган якун билан аниқланади. Шу сабабли корхона ЯСТнинг энг кам миқдорини тўғри ҳисоблаб чиқариш учун асосий фаолият турини ҳар чоракда белгилаши зарур.
МИСОЛ. Кичик корхона ноозиқ-овқат товарлари билан улгуржи ва чакана савдо қилади.
I чорак якунлари бўйича улгуржи савдодан тушум чакана савдоникидан устунлик қилади. Демак, I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори эгаллаб турган ер участкаси (омборхона, офис, савдо шохобчалари ва б.) майдонига қараб ҳисоблаб чиқариладиган ер солиғининг 3 баравари миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.
II чоракда чакана савдодан тушум улгуржи савдоникидан устунлик қила бошлади. II чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилувчи ЯТТ учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ миқдорида қабул қилинади.
Бундан ташқари, амалга оширилаётган фаолият турига қараб (чакана савдодан ташқари) ЯСТнинг энг кам миқдорини белгилашда пасайтирувчи коэффициентлар қўлланиши мумкин. Улардан фойдаланиш учун корхона асосий фаолият турини ҳар чоракда белгилаши лозим.
Савдо воситачилигида
Фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан (ФКнинг 832-моддаси) воситачининг харидорларни излаш, улар билан комитентга тегишли воситачилик нарсаси бўлган товарнинг олди-сотди шартномасини тузиш бўйича воситачилик хизматларини кўрсатиши воситачилик шартномасига доир ҳуқуқий муносабатлар предмети ҳисобланади. Ушбу хизматлар учун воситачига воситачилик ҳақи тўланади (ФКнинг 833-моддаси). Бунда воситачи сотаётган товар унинг мулкига ўтмайди, балки комитент мулкида қолади (ФКнинг 838-моддаси).
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, воситачи томонидан воситачилик шартномаси бўйича товарларни реализация қилишга савдо фаолияти деб қаралмайди (Солиқ кодексининг 350-моддаси 5-қисми).
Ўз навбатида ИФУТ бўйича статистикада улгуржи савдо агентларининг фаолияти улгуржи савдо фаолияти деб таснифланади (46.1-«Мукофот эвазига ёки шартнома асосидаги улгуржи савдо» устуни).
ИФУТга изоҳларда бу гуруҳ қуйидагиларни ўз ичига олади:
√ бошқа шахслар номидан ёки бошқа шахслар ёки фирмалар ҳисобига битимларни амалга оширувчи комиссион агентлар, товар брокерлари ва бошқа улгуржи савдо билан шуғулланувчиларнинг фаолияти;
√ сотувчини харидор билан учраштириш ёки комитент номидан тижорат битимларини амалга ошириш билан боғлиқ фаолият, шу жумладан Интернет орқали;
√ улгуржи аукцион уйлари, шу жумладан Интернет тармоғи орқали улгуржи аукционлар фаолияти.
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, воситачи агентларнинг операцияларига савдо фаолияти сифатида қаралмаса ҳам, йил якунлари бўйича асосий фаолият турининг ИФУТ кодини аниқлашда уларнинг тушумига улгуржи савдо (46-гуруҳ) деб қаралиши керак. ИФУТ гуруҳларига изоҳларда (2-таҳрир) (G секцияси) бу ҳақда батафсил тушунтириш берилган.
МИСОЛ. Корхона бир нечта фаолият турини амалга оширади. Йил якунларига кўра фаолият турлари бўйича соф тушум улуши қуйидагича:
тўқимачилик буюмларини ишлаб чиқариш – 45%;
тўқимачилик товарлари билан улгуржи савдо қилиш – 35%;
тўқимачилик хом ашёси билан улгуржи савдо қилишда воситачилик – 20%.
ИФУТ бўйича асосий фаолият турини аниқлаш қоидаларига мувофиқ:
улуши энг салмоқли бўлган секция аниқланади;
ушбу секция ичида устунлик қилувчи бўлим аниқланади;
мазкур бўлимдаги гуруҳ, синф ва кичик синф аниқланади.
Тўқимачилик буюмларини ишлаб чиқариш С секцияси «Ишлаб чиқарадиган саноат»га (ИФУТ кодлари – 13101–13990) киради. Тўқимачилик товарлари билан улгуржи савдо қилиш (ИФУТ коди – 46410) ҳамда тўқимачилик хом ашёси билан улгуржи савдо қилиш бўйича агентларнинг фаолияти (ИФУТ коди – 46110) G секцияси «Улгуржи ва чакана савдо»га киради. Ушбу фаолият турлари бўйича соф тушумнинг умумий улуши 55%ни (35% + 20%) ташкил этади.
G секциясининг жами улуши (55%) С секциясидагидан (45%) устунлик қилади. Демак, ташкилотнинг асосий фаолият тури G секциясида устунлик қилувчи фаолият тури бўлади. Бизнинг мисолда бу тўқимачилик товарлари билан улгуржи савдо қилиш.
Йил якунларига кўра ушбу корхонага ИФУТ коди – 46410 берилади. Унинг асосий фаолият тури – улгуржи савдо.
Ўтган йил якунларига кўра савдо фаолияти асосий ҳисобланган юридик шахслар савдо корхоналарига киради. Ходимлари сонидан қатъи назар, улар ЯСТ тўлашлари шарт.
Мол-мулкни ижарага берувчилар учун
Мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланмаганда ундан олинган даромадлар бошқа даромадлар таркибига киритилади. Бу ҳолда умумбелгиланган солиқларни тўловчиларнинг ижарадан олинган даромадларига ҚҚС солинади, фойда ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини ҳисоблаб чиқаришда жами даромад таркибига киритилади. Ижара тўловларидан мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар тўланмайди.
Агар мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланса, ижара тўловларидан мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмалар ҳам тўланади.
ЯСТ тўловчилар ижарадан олинган даромадларни ялпи тушум таркибига киритадилар ва асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ставкада солиқ соладилар (Солиқ кодексининг 353-моддаси). Бироқ ижара асосий фаолият тури ҳисобланганда ундан олинган даромадларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар учун белгиланган ставкада (2017 йилда ЯСТ ставкаси – 5%) ЯСТ солинади.
Агар ЯСТ тўловчининг турғун савдо шохобчаларини ижарага беришдан олган даромадлари 60%дан ортиқни ташкил этса, уларга 30%лик ставкада солиқ солиши керак.
Имтиёзларни қўллаш учун
Солиқ имтиёзлари ва преференцияларини тақдим этувчи аксарият қонун ҳужжатларида юридик шахснинг у ёки бу асосий фаолият турига мувофиқ келиши асосий шартлардан бири ҳисобланади.
Масалан, гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган микрофирмалар ва кичик корхоналарга асосий фаолият тури бўйича ЯСТ ставкасини 50%га пасайтириш тарзида имтиёзлар тақдим этилган (26.01.2009 йилдаги ПҚ-1047-сон).
Агар гўшт ва сутни қайта ишлаш қолган фаолият турларидан устунлик қилса, корхона ушбу имтиёзни қўллаши мумкин.
МИСОЛ. Корхона бир нечта фаолият турини амалга оширади. Ҳисобот даври якунларига кўра соф тушум улуши қуйидагича:
гўшт ва сутни қайта ишлаш – 36%;
савдо – 35%;
хизматлар – 29%.
Бизнинг мисолда гўшт ва сутни қайта ишлашдан тушумнинг улуши савдо фаолияти бўйича тушумнинг улушидан фақат 1% ошади. Шунга қарамай, гўшт ва сутни қайта ишлаш фаолияти асосий ҳисобланади, сабаби у қолганларидан устунлик қилади. Корхона тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланишга ҳақли.
Бироқ айрим қонун ҳужжатларига кўра, тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланиш учун фаолият тури асосий бўлибгина қолмай, бошқа талабларга ҳам жавоб бериши керак.
Масалан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган (21.12.2016 йилдаги ПҚ-2687-сон). Ҳисобот даври якунлари бўйича ушбу товарларни ишлаб чиқаришдан тушумнинг улуши реализациянинг умумий ҳажмида камида 60%ни ташкил этган тақдирдагина корхона улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу тариқа, имтиёзларни қўллаш учун имтиёзли товарларни ишлаб чиқариш реализациянинг умумий ҳажмида камида 60% улушга эга асосий фаолият тури бўлиши керак.
Ахборотдан фойдаланиш қулай бўлиши учун экспертларимиз асосий фаолият тури қайси ҳолларда, қандай даврийлик билан ва қандай кўрсаткичлар асосида аниқланишини жадвалда кўрсатиб бердилар.
Қайси ҳолларда
|
Қандай даврийлик билан
|
Қандай кўрсаткичлар асосида
|
Қачон қўлланади
|
Ташкилот кичик бизнес субъектига мансублигини аниқлашда
|
Йил якунлари бўйича бир марта
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум, қўшилган қиймат
|
Кейинги йил бошидан
|
Ташкилот савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига мансублигини аниқлашда
|
Йил якунлари бўйича бир марта
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Кейинги йил бошидан
|
Жорий йилда умумбелгиланган солиқ солишга ўтиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг асосий фаолият турини ўзгартиришда (солиқ тўловчининг хоҳишига кўра)
|
Кетма-кет келувчи икки чоракда (I, II чораклар ёки II, III чораклар) ортиб бормайдиган якун билан
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Кейинги чоракдан (тегишинча, III ёки IV чоракдан) бошлаб
|
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда
|
Ҳар чоракда ортиб бормайдиган якун билан
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Ҳисобот чорагида
|
ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун пасайтирувчи коэффициентларни аниқлашда
|
Ҳар чоракда ортиб бормайдиган якун билан
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Ҳисобот чорагида
|
Бошқа даромадларга ЯСТ ставкаларини қўллашда
|
Ҳар чорак якунлари бўйича ортиб борадиган якун билан
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Қуйидагиларнинг якуни бўйича: I чорак; ярим йиллик; 9 ой; йил |
Мол-мулкни оператив ижарага бериш хизматларини асосий фаолиятга киритишда
|
Ҳар чорак якунлари бўйича ортиб борадиган якун билан
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Қуйидагиларнинг якуни бўйича: I чорак; ярим йиллик; 9 ой; йил |
Имтиёзлар ва преференцияларни қўллашда
|
Ҳар чорак якунлари бўйича ортиб борадиган якун билан
|
Товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан соф тушум
|
Қуйидагиларнинг якуни бўйича: I чорак; ярим йиллик; 9 ой; йил |
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.