Корхона 2004 йилда юридик шахс – Ўзбекистон резидентидан АҚШ долларида фоизсиз қарз олган. Ҳисоб-китоб тўлов кунидаги курс бўйича сўмда амалга оширилади. Курс фарқи қарз суммасидан қарийб 3,5 баравар ошади. 2017 йилдан бошлаб қайта молиялаштириш ставкасида фоизларни ҳисоблаш ва солиқ солинадиган базага киритиш зарур, бироқ доллар эквивалентидаги қарзларни нима қилиш кераклиги ҳеч қаерда кўрсатилмаган. Бунинг устига, МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси 2017 йил 28 июндан бошлаб 14%гача ошди.
1. МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб қарз олувчининг даромадини аниқлаш тартиби резидентлардан олинган хорижий валютадаги қарзларга татбиқ этиладими? Солиқ солиш мақсадида қарз олувчининг доллар эквивалентидаги фоизсиз қарз бўйича даромадини қандай аниқлаш мумкин?
2. Қарз олувчининг ўтган чораклардаги фоизсиз қарз бўйича даромади суммасини янги белгиланган 14%лик қайта молиялаштириш ставкасида қайтадан ҳисоблаш зарурми?
Л.Ёқубжонова, МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Ҳа, татбиқ этилади. Солиқ кодексининг 135-моддасида назарда тутилган қарз олувчининг фоизсиз қарз бўйича даромадини аниқлаш тартиби барча қарзларга, шу жумладан хорижий валютадаги қарзларга татбиқ этилади.
Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз заём (қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам) олинаётганда қарз олувчининг даромади уни олиш санасидаги МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ушбу қоида кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитларга, Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан, шунингдек норезидентлар томонидан берилган заёмларга (ссудаларга) нисбатан татбиқ этилмайди (Солиқ кодексининг 135-моддаси).
Корхонангиз хорижий валютадаги фоизсиз қарзни резидентдан олганлиги боис, солиқ солиш мақсадида унга доир даромадни қарз олинган санада МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб аниқлашингиз керак бўлади.
Хорижий валютадаги операциялар бухгалтерия ҳисобида улар амалга оширилган санадаги МБ курси бўйича сўм эквивалентида акс эттирилиши лозим. Баланснинг валюта моддалари ҳам қайта баҳоланиши керак. Қайта баҳолаш ҳар ойда ҳисобот ойининг охирги санаси ва операцияларни амалга ошириш санасида МБ курси бўйича амалга оширилади (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Шу тариқа, хорижий валютадаги қарз мажбуриятлари бухгалтерия ҳисобида ҳисобот ойининг охирги санасидаги ёки улар бўйича операцияларни амалга ошириш санасидаги МБ курси бўйича сўм эквивалентида акс эттирилиши керак.
МИСОЛ. Юридик шахс (қарз олувчи) 2004 йил 1 августда Ўзбекистон резидентидан 1 000 АҚШ доллари миқдорида хорижий валютада фоизсиз қарз олган.
Бу ҳолда 2017 йил I чорагида қарз олувчининг валютадаги қарзи (ўтган йиллар учун қайта баҳолашларни ҳисобга олган ҳолда) қуйидаги эквивалентни ташкил этиши керак:
1–30 январда – 3 231 480 сўм (МБ курси бўйича $1 = 3 231,48 сўм);
31 январдан 27 февралгача – 3 280 250 сўм (МБ курси бўйича $1 = 3 280,25 сўм);
28 февралдан 30 мартгача – 3 404 350 сўм (МБ курси бўйича $1 = 3 404,35 сўм);
31 мартга келиб – 3 595 020 сўм (МБ курси бўйича $1 = 3 595,02 сўм).
Қарз олувчининг фоизсиз қарз бўйича даромадини аниқлашда қарзни олиш санасида амал қилган МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси қўлланади.
Бизнинг мисолда 2004 йил 1 августда МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси йиллик 18%ни ташкил этар эди. Шу сабабли қарз олувчининг фоизсиз қарз бўйича даромади 18%лик ставкадан келиб чиқиб аниқланади ва 2017 йил I чораги учун қуйидаги миқдорни ташкил этади:
1–30 январда – 47 808,2 сўм (3 231 480 сўм х (18% / 365 кун х 30 кун));
31 январдан 27 февралгача – 45 294,41 сўм (3 280 250 сўм х (18% / 365 кун х 28 кун));
28 февралдан 30 мартгача – 52 044,58 сўм (3 404 350 сўм х (18% / 365 кун х 31 кун));
31 мартга келиб – 1 772,89 сўм (3 595 020 сўм х (18% / 365 кун х 1 кун)).
2017 йил I чораги учун қарз олувчининг фоизсиз қарз бўйича солиқ солинадиган даромади суммаси 146 920,08 сўмни (47 808,2 + 45 294,41 + 52 044,58 + 1 772,89) ташкил этади.
2 |
МБ бошқарувининг қарорига кўра 2017 йил 28 июндан бошлаб қайта молиялаштириш ставкаси йиллик 14%гача оширилди.
Қарз олувчининг фоизсиз қарзлар ва фоиз ставкаси қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган қарзлар бўйича даромадини аниқлашда қарзни олиш санасида белгиланган МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси қўлланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси).
Сизнинг ҳолатда қарз олувчининг 2004 йилда олинган қарз бўйича даромади 2004 йилда амал қилган қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади, тўлиқ тўлангунга қадар қарздан фойдаланилган бутун давр мобайнида қўлланади.
Қарз олувчининг олдинги чораклардаги илгари олган фоизсиз қарз бўйича даромади суммасини янги белгиланган 14%лик қайта молиялаштириш ставкасида қайтадан ҳисоблаш талаб этилмайди.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.