Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмоқчиман. Фаолият соҳаси – ТИФ. Асосан фермер хўжаликлари ва агрофирмалар билан ишламоқчиман: қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб оламан, қайта ишлайман ва экспортга жўнатаман.
1. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш, қайта ишлаш ва экспортга жўнатиш қайси фаолият турига киради?
2. Якка тартибдаги тадбиркор ушбу фаолият билан шуғулланиши мумкинми?
3. Якка тартибдаги тадбиркор – ТИФ қатнашчиси қандай солиқлар тўлайди ва қандай преференциялар ёки имтиёзларга эга бўлади?
А.Исмоилов, мутахассис.
1
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичида (ИФУТ) ишлаб чиқарадиган саноатга (С секциясининг 10-бўлими) киради.
Кейинчалик қайта ишлаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш хом ашё харид қилиш ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш – ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни реализация қилиш.
2 |
Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари Рўйхатда (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илова) белгиланган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш унга кирмайди. Якка тартибдаги тадбиркорларга фақат ташкилотлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (хом сут, сабзавотлар, мевалар, асал, тери ва мўйна) тайёрлаш бўйича хизматлар назарда тутилган (Рўйхатнинг 73-банди). Ушбу фаолият тури уни қайта ишлашни назарда тутмайди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар фақат Рўйхат доирасида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишлари мумкин.
3 |
Якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўлайдилар. Президентнинг 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарори (12-илова) билан 2017 йилги ставкалар тасдиқланган.
Қонун ҳужжатларида фақат ЯТТ учун мўлжалланган махсус имтиёзлар назарда тутилмаган. Имтиёзлар ва преференциялар тадбиркорлик субъектларига тақдим этилади.
Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) барча турларига экспорт божхона божлари бекор қилинган (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон). Бироқ экспортда божхона расмийлаштируви учун йиғимлар белгиланган тартибда ундирилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилинган (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илованинг 3-банди «е» кичик банди).
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб:
√ тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилади;
√ ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга татбиқ этилади;
√ келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари 3 иш кунигача қисқартирилади ва б. (21.06.2017 йилдаги ПҚ-3077-сон).
Лилия ХИСМАТОВА, «Norma Online» эксперти.