Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 32 / Амалий бухгалтерия

Иш ҳақидан қарзингиз қолган бўлса

 

Инвентарлаш якунларига кўра жамиятимиз даромадлар ва харажатлар ҳисобварақларида 3 йил аввал ишдан бўшаган ходимларнинг иш ҳақи бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзи борлигини аниқлади.

3 йил аввал ишдан бўшаган ходимларнинг қарзини ҳисобдан чиқаришда қандай бухгалтерия проводкалари берилади ва қандай турдаги солиқлар ҳисоблаб чиқарилади?

Ж.Чориев,

бухгалтер.

 

– Инвентарлаш чоғида ташкилотингизда ходимларнинг иш ҳақи бўйича даъво қилиш муддати – 3 йил (Фуқаролик кодексининг 150-моддаси) ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзи борлиги аниқланган. Даъво қилиш муддати ўтган қарз умидсиз қарз деб тан олинади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).

Шуни эслатиб ўтамизки, даъво қилиш муддати ҳар бир ишланган ой учун иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган санадан бошлаб ҳисобланади. Масалан, 2013 йил июнь ва июлида ҳисоблаб ёзилган, талаб қилинмаган иш ҳақи бўйича даъво қилиш муддати тегишинча 2016 йилнинг июнь ва июлида тугайди. Агар бир ходимда ҳам дебиторлик, ҳам кредиторлик қарзи бўлса, ўзаро ҳисоб-китоб қилиш зарур.

Корхона умидсиз қарзни ҳисобдан чиқаришга ҳақли. Дебиторлик ва кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш учун раҳбар тегишли буйруқ чиқаради, бунга ҳисоб-китобларни инвентарлаш далолатномалари асос бўлади (19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш», АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Кредиторлик қарзи – бошқа даромадга

Ҳисоблаб ёзилган, бироқ муайян сабабларга кўра берилмаган иш ҳақи корхонанинг кредиторлик қарзи деб тан олинади ва 6720-«Депонентланган иш ҳақи» ёки 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ҳисобварағида даъво қилиш муддати тугагунча ҳар бир ходим бўйича алоҳида ҳисобга олиниши керак. Муддат ўтгач, талаб қилинмаган депонентланган иш ҳақи суммаси корхонанинг бошқа даромадларига ҳисобдан чиқарилиши керак (Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг «В» бўлими 2.5-банди, ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган).

 

Депонентланган қарз ҳисобдан чиқариладиган санада қуйидаги проводка берилади:

 

Дебет

 

Кредит

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

6720-«Депонентланган иш ҳақи»

9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар»

 

 

Олинган даромад бошқа даромад сифатида (Солиқ кодексининг 132-моддаси 7-банди) фойда солиғини ҳисоблашда жами даромадга ёки ЯСТни ҳисоблашда ялпи тушумга киритилади.

 

Дебиторлик қарзи – зарарга

Активлар кўпайишига йўл қўймаслик учун муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилиши керак. Даъво қилиш муддати ўтганлиги сабабли умидсиз дебиторлик қарзи деб тан олинган қарзни ҳисобдан чиқаришдан зарарлар давр харажатлари деб эътироф этилади ва 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағида ҳисобга олинади (Харажатлар таркиби тўғрисидаги низомнинг «Б» бўлими 2.3.15.7-банди). Бир вақтнинг ўзида ҳисобдан чиқарилган қарзни 007-«Тўлашга қобилиятсиз дебиторларнинг зарарга ўтказилиб ҳисобдан чиқарилган қарзи» балансдан ташқари ҳисобварағида акс эттириш ва ҳисобдан чиқарилган пайтдан бошлаб 5 йил давомида ҳисобга олиш лозим. Қарздор маълум бўлиб қолган ёки унинг мулкий аҳволи ўзгарганда уни ундириш имкониятини кузатиш учун шундай қилиш зарур (Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқноманинг (21-сон БҲМС) 442-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Фойда солиғини тўловчилар учун умидсиз дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар бошқа харажат ҳисобланади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 40-банди «в» кичик банди) ва солиқ солинадиган базадан чегирилади. ЯСТни ҳисоблашда эса мазкур зарарлар солиқ солинадиган базага таъсир кўрсатмайди.

Жисмоний шахс учун корхона олдидаги қарзнинг ҳисобдан чиқарилган суммаси (ходимга бўнак, қарз берилганда) моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 5-банди). Ушбу даромад қарзни ҳисобдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилинган пайтда юзага келади. Унга тўлов манбаида – юридик шахсда, яъни корхонангизда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиниши керак (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Тўлов манбаида моддий наф тарзидаги даромадларга шкала бўйича солиқ солинади. Бу ҳолда солиқнинг якуний суммаси жисмоний шахс даромадлари ҳақида декларация тақдим этганда ДСИ томонидан ҳисоблаб чиқарилади. Корхона солиқ даври (йил) тугаганидан кейин 30 кун ичида мазкур жисмоний шахслар бўйича ДСИга асосий бўлмаган иш жойидан даромад олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиши шарт. Ушбу вазиятда пул кўринишидаги даромад тўланмаганлиги боис корхонангиз жисмоний шахсдан солиқни ушлаб қола олмайди. Шу сабабли собиқ ходимларни излаб топиш ва жисмоний шахс ҳисоблаб чиқарилган солиқни корхона кассасига тўлашини ёки ДСИга жами даромади ҳақида декларация тақдим этиб, ЖШДСни мустақил равишда тўлаши ҳақида ариза ёзишини (Солиқ кодексининг 184-моддаси) илтимос қилиш зарур. Агар ЖШДСни ўз ҳисобингиздан тўлашга қарор қилсангиз, солиқ органлари текширув ўтказганда ушбу солиқ суммаси жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади деб тан олиниши хатари юзага келиши мумкин (Солиқ кодексининг 177-моддаси 6-банди). Жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадларидан ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ушланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

 

Надежда ГУШЧИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2384 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика