Қизимни (туғилган санаси – 2009 йил 20 ноябрь) 1-синфга бериш учун ҳужжатларини топшираётганимда мактаб директори фарзандим 7 ёшга тўлмаганини, эҳтимол 1-синфга кира олмаслигини айтди. Халқ таълими вазирлигининг 2.05.2013 йилдаги 154-сон буйруғи билан тасдиқланган болаларни 1-синфларга қабул қилиш тўғрисидаги қоидаларга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ жорий йилнинг 1 январидан 31 декабригача туғилган болалар 7 яшар ҳисобланади. Нима қилишим ва қаерга мурожаат қилишим мумкин? Мактаб директорининг гаплари қанчалик тўғри, бу масала қандай меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади?
Р.Тайматова,
поликлиника шифокори.
– Умумий қоидаларга кўра болаларни умумтаълим мактабига қабул қилиш тиббий-психология-педагогика комиссиясининг тавсияномалари бўйича 6–7 ёшдан амалга оширилади. Бундай комиссиялар жамоатчилик асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузурида тузилади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амал қилади (Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълим тўғрисида низомнинг 4.1-банди, ВМнинг 13.05.1998 йилдаги 203-сон қарорига 1-илова; АВ томонидан 17.07.2010 йилда 2121-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тиббий-психологик-педагогик комиссиялар тўғрисидаги низом).
Халқ таълими вазирлиги томонидан 2013 йилда қабул қилинган қарорга кўра жорий йилнинг 31 декабригача 7 ёшга тўладиган барча болалар умумий тартибда 1-синфга қабул қилинишлари шарт. Жорий йилнинг 1 сентябригача 6 ёшга тўладиган болалар эса юқоридаги комиссиянинг тавсияномаси асосида қабул қилинишлари мумкин (ХТВнинг 2.05.2013 йилдаги 154-сон буйруғи).
Шу тариқа, мактаб директорининг болани қабул қилишдан бош тортиши устидан юқори органга шикоят қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар аҳли Давлат халқ таълими бошқармасига 237-08-26; 237-08-30 ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиши мумкин.
Елена ЕРМОХИНА,
«Norma Online» эксперти.