Ташкилот қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Йил давомида фақат таъмирлаш (косметик ва мукаммал) билан шуғулланадиган пайтларимиз бўлади. Баъзан эса бир чорак давомида бинолар қурилиши, бошқасида – таъмирлаш ишлари билан шуғулланамиз. Агар сметага кўра қурилиш муддати 3 ойни ташкил этса, амалда эса 6 ойда қуриб битказган бўлсак (буюртмачининг айби билан ишлар бажарилмаган бўлса), бу ҳолда ЯИТни қандай ҳисоблаш керак?
Н.Иванова,
бош бухгалтер.
– Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобот ойи якунлари бўйича асосий фаолият тури қуйидаги турдаги қурилиш ишларини бажариш бўлган барча қурилиш ташкилотларига татбиқ этилади:
барча турдаги бинолар, спорт иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек қурилиш майдонларидаги йиғма қурилиш конструкцияларини монтаж қилиш;
бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишда қурилиш майдонини тайёрлаш;
ҳар хил турдаги бино ва иншоотлар учун умумий бўлган бир йўналишга ихтисослаштирилган ҳамда махсус малака ва асбоб-ускуналарни талаб қилувчи қурилиш фаолияти (фундамент қуриш, шу жумладан қозиқ қоқиш; ўзи ишлаб чиқармаган пўлат конструкцияларни монтаж қилиш; арматура каркаслари элементларини букиш; ғишт ва бошқа тошларни териш; ҳавозалар ва тахтасупаларни, шу жумладан ижарага олинганларини ўрнатиш ва демонтаж қилиш, ўзи ишлаб чиқармаган фасад каркасларини монтаж қилиш ва ўрнатиш);
бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишда муҳандислик асбоб-ускуналарини ўрнатиш;
бино ва иншоотларни қуришда ишлов бериш ва бошқа якуний ишлар;
аҳоли буюртмалари бўйича уй-жойларни (квартираларни), шунингдек ишлаб чиқариш учун мўлжалланмаган бино (хона)ларни таъмирлаш;
Шу тариқа, сиз айни қайси фаолият – қурилиш ёки таъмирлашни амалга оширишингиздан қатъи назар, Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 28.12.2010 йилда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2173-сон Низом) мувофиқ ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини ҳисобга олишингиз шарт.
Агар қайсидир ойларда на қурилиш, на таъмирлаш ишлари бажарилмаса (буюртмачининг айби билан, бошқа сабабларга кўра), ЯИТ Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2095-сон Низом) мувофиқ ҳисобланади.
Сметада назарда тутилган қурилиш муддатига риоя этилмаса ва ойлар бўйича меҳнат сарфи тенг тақсимланмаган бўлса, 2173-сон Низомнинг 16-1-бандига амал қилиш лозим. Бундай ҳолларда меҳнат сарфи (киши-соатда) ҳар бир календарь ойда амалда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб аниқланади.
МИСОЛ. Сметага кўра қурилиш муддати 3 ойни, меҳнат сарфи – 4 500 киши-соатни ташкил этади. Қурилиш амалда 6 ой давом этди, шундан 2 ойида буюртмачининг айби билан ишлар бажарилмаган.
4 ойдаги ходимлар сони меъёри бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) ҳақида расмийлаштирилган маълумотнома-ҳисобварақ-фактураларга кўра амалдаги меҳнат сарфидан (киши-соат) келиб чиқиб аниқланади.
Ишлар бажарилмаган 2 ойдагиси эса – 2095-сон Низомга мувофиқ ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.