Пойтахтимизда салбий экологик оқибатларнинг олдини олиш мақсадида давлат экологик экспертизасидан ўтказиш мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлмоқда. Бунда хўжалик субъектлари томонидан атроф-муҳитга етказилаётган зарарнинг олдини олиш ҳамда юмшатишга қаратилган экологик назорат тадбирлари алоҳида ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган 55 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг бир қисми атроф-муҳитга салбий таъсир ўтказиши аниқланган. Бугунги кунга қадар уларнинг 8 мингга яқини экологик экспертизадан ўтказилган бўлиб, бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган етти ойида 1 минг 200 дан зиёд тадбиркорлик субъекти экспертизадан ўтказилган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига асосан мўлжалланаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятни амалга оширишдан олдин бундай фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш мажбурийлиги, давлат экологик экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари, унинг объектлари ва турлари каби масалалар юзасидан тушунчалар берилди.
ЎзА материаллари асосида.