Корхона Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)дан ўз эҳтиёжлари учун 2013 йилда ишлаб чиқарилган (ишлаб чиқарилган мамлакати – Япония), илгари 2 йил фойдаланишда бўлган, двигатели ҳажми 2 500 куб см, 277 от кучига эга Toyota Camry автомобилини (ТИФ ТН коди – 8703 32 199 0) олиб келяпти. Автомобилнинг контракт қиймати Ўзбекистон божхона чегарасигача етказиб бериш (30 кун) харажатларини ҳисобга олган ҳолда 18 000 АҚШ долларини (16 000 + 2 000) ташкил қилади.
БЮДни расмийлаштириш ва божхона тўловларини тўлаш санасида МБ курси 1 АҚШ доллари учун 2 830 сўмни ташкил қилган. Автомобилни рўйхатдан ўтказиш санасида энг кам иш ҳақи миқдори 130 240 сўм бўлган.
Автомобиль қандай ва қайси муддатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади?
Қандай божхона тўловлари тўланади?
Автомобилни божхона расмийлаштирувидан сўнг ИИВ ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйиш қандай амалга оширилади?
Барча тўловларни ҳисобга олган ҳолда корхона учун автомобилнинг охирги қиймати қандай бўлади?
А.Нодирбек.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар
Импорт қилинаётган автомобилни божхонада расмийлаштириш божхона расмийлаштируви бўйича корхона штатидаги мутахассис (кейинги ўринларда – декларант) ёки юридик шахс бўлган божхона брокери томонидан амалга оширилади.
Ташувчилар ёки бошқа манфаатдор шахслар 2015 йил 1 декабрдан бошлаб автомобиль транспортида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида маълумотни электрон тарзда олдиндан тақдим этишлари мумкин (30.10.2015 йилдаги 307-сон ВМҚга 1-илова).
Автомобилни «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштириш (кейинги ўринларда – импорт) барча зарур ҳужжатлар, шунингдек ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида тўловчининг шахсий ҳисобрақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади (божхона тўловларини тўлаш кечиктирилиши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши ҳоллари бундан мустасно).
ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон Қарори билан автомобилни импорт қилишда декларант томонидан божхона органларига тақдим этиладиган қуйидаги ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди: божхона юк декларацияси (БЮД); олиб кириладиган автомобилнинг божхона қийматини аниқлайдиган ташқи савдо контракти (шартномаси); транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхат) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс); олиб кирилаётган автотранспорт воситасининг келиб чиқиши сертификати.
Божхона юк декларацияси – товарларнинг божхона расмийлаштирувида тадбиркорлик субъектининг танловига кўра қоғоз кўринишида ёки электрон шаклда тақдим этиладиган, божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига оладиган ҳужжатдир. Ушбу ҳужжат билан бирга божхона қиймати декларацияси (БҚД) тақдим этилади, у тегишли БЮДга илова қилинади ва усиз ҳақиқий ҳисобланмайди (Божхона қиймати декларациясини тўлдириш бўйича йўриқнома, АВ томонидан 13.01.1998 йилда 391-сон билан рўйхатдан ўтказилган). БЮДни расмийлаштириш тартиби Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида йўриқномада (АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Божхона органи БЮДни қабул қилиб олиб, унга рўйхат рақамини беради.
Агар импортчи (декларант) божхона расмийлаштирувини тезлаштирмоқчи бўлса, у импорт қилинаётган товарлар Ўзбекистонга етиб келгунига қадар дастлабки декларацияни (ДБД) тақдим этиши мумкин (Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида низом, АВ томонидан 30.01.2013 йилда 2418-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Шуни ҳисобга олиш керакки, агар шартномада сизнинг автомобилингизни 30 кун ичида етказиб бериш назарда тутилган бўлса, у ҳолда Toyota Camry ушбу муддатда дастлабки декларацияни қабул қилган божхона постига етказилиши лозим. Акс ҳолда ДБД бекор қилинади. Бунда хорижий маркадаги автомобиль етказиб берилган санадан бошлаб 15 кундан кечиктирмай янги БЮД тақдим этилиши керак.
Toyota Camry автомобилининг божхона қиймати битим қиймати бўйича баҳоланади. У маълум қилинганда БҚД-1 шакли тўлдирилади (391-сон Йўриқномага илова).
Товарнинг келиб чиқиш сертификати. Декларант БЮД билан бирга етказиб берувчи томонидан берилган товарнинг келиб чиқиш сертификатини тақдим этади. Сертификат божхона божи ставкаси ва уни тўлаш бўйича имтиёзлар тўғри қўлланилиши учун зарур. Сертификат қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) товар муайян мамлакатда келиб чиқишнинг тегишли мезонларини қаноатлантириши ҳақида экспортчининг ёзма декларацияси (СТ-1 шаклидаги ва Преференцияларнинг бош тизими А шакли бўйича сертификатлар учун);
б) ваколатли органнинг ёзма тасдиғи, ушбу органга сертификатда берилган маълумотлар ҳақиқатдагига мос келиши тўғрисида сертификат бериш вазифаси юклатилган.
Сертификат божхона органларига рус ёки инглиз тилларида тақдим этилади. Агар у бошқа тилда тўлдирилган бўлса, унга Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган) III боби 26-параграфига мувофиқ нотариус томонидан тасдиқланган ўзбек (рус) тилидаги таржимаси илова қилиниши керак.
Экспорт ёки реэкспорт қилаётган мамлакатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, босма ҳарфлар билан қўлда тўлдирилган сертификатнинг қабул қилинишига йўл қўйилади. Бироқ агар ушбу ҳужжатларда ваколатли орган томонидан тасдиқланмаган ўзгартиришлар ва тузатишлар мавжуд бўлса, улар кўриб чиқишга қабул қилинмайди.
Товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви божхона декларацияси тақдим этилган ҳамда барча зарур ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилган пайтдан бошлаб 3 иш куни ичида амалга оширилади. Мазкур 3 кун бошқа давлат органлари томонидан товарлар ва транспорт воситалари назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди (Божхона кодексининг 76-моддаси).
Божхона тўловлари
Божхона тўловлари товарлар ва транспорт воситаларининг божхона қийматидан ёки физик кўрсаткичларидан келиб чиқиб ҳисобланади. Улар декларант ёки бошқа исталган манфаатдор шахс томонидан Ўзбекистон миллий валютаси – сўмда божхона декларацияси қабул қилингунига қадар ёки қабул қилинаётган вақтда бир йўла тўланади.
Автомобилни импорт қилишда юридик шахслар томонидан қуйидаги божхона тўловлари тўланади:
божхона божи;
акциз солиғи;
қўшилган қиймат солиғи;
божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимлари.
Божхона божи. Импорт божхона божларини ҳисоблаш ва ундириш тартиби қуйидаги ҳужжатларда келтирилган:
Божхона кодекси (21.04.2016 йилга қадар – 26.12.1997 йилдаги 548-I-сон Қонун билан тасдиқланган, 21.04.2016 йилдан – 20.01.2016 йилдаги ЎРҚ-400-сон Қонун билан тасдиқланган);
«Божхона тарифи тўғрисида»ги Қонун (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон – 21.04.2016 йилга қадар);
Импорт божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тартиби (АВ томонидан 27.07.1999 йилда 782-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 782-сон Тартиб).
Божхона божи ҳисоб-китоби автомобилнинг божхона расмийлаштируви кунидаги курс бўйича сўмда амалга оширилади. Тўланиши лозим бўлган божхона божи адвалор (божхона қийматига нисбатан фоизларда) ва махсус (1 куб см учун пул суммасида) ставкалар бўйича ҳисобланган сумма сифатида аниқланади.
Белгиланган ставкалар ҳажмидаги божлар, товарни жўнатувчи мамлакатдан ва экспортчидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларда мумкин қадар қулайликни яратиб берувчи режимни қўллайдиган мамлакатлардан келиб чиққан товарларга нисбатан қўлланилади (782-сон Тартибнинг 3.2-банди).
Бу қоида Японияда ишлаб чиқарилган автомобилга нисбатан ҳам татбиқ этилади, негаки Япония Энг яхши қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхатига (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 426-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритилган.
Двигатель цилиндрлари иш ҳажми 1 500 куб см дан ортиқ бўлган, бироқ 2 500 куб см дан ортиқ бўлмаган автомобилга импорт божхона божи ставкаси 30% + 2,5 АҚШ доллари/куб см ни ташкил қилади (Президентнинг 5.08.2009 йилдаги «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1169-сон Қарорига 1-илова).
Бироқ агар у ишлаб чиқарилган санадан 2 йил ва ундан ортиқ вақт ўтган бўлса, фойдаланишда бўлган автомобиллар учун белгиланган ставкалар қўлланилади. Шу боис сизнинг ҳолатингизда 40% + 3,0 АҚШ доллари/куб см ставкаси қўлланилади.
Агар Тойотангизнинг божхона қиймати 50 940 минг сўмга (18 000 х 2 830) тенг бўлса, божхона божи суммаси қуйидагини ташкил қилади:
18 000 х 40% + 2 500 х 3 х 2 830 = 41 601 минг сўм.
Акциз солиғи. Импорт қилинадиган айрим турдаги товарлар бўйича акциз солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби Солиқ кодексининг VIII бўлимида келтирилган. Поршенли ички ёнув двигателига эга бўлган, сиқилганда ўзи алангаланиб ўт оладиган (дизель ёки ярим дизель билан), двигателининг ҳажми 1 500 куб см дан ортиқ, лекин 2 500 куб см дан ошмайдиган транспорт воситалари (шу жумладан, ишлатилганлари) учун 2,9 АҚШ долл./куб см ставкаси белгиланган (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарорига 13-2-илова).
Акциз солиғи суммаси қуйидагини ташкил қилади:
2 500 х 2,9 х 2 830 = 20 517,5 минг сўм.
Қўшилган қиймат солиғи. Импорт қилинаётган товарлар бўйича ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби Солиқ кодексининг VII бўлимида келтирилган. Товарларни импорт қилишда божхона қиймати, божхона божи ва акциз солиғи (акциз солиғи солинадиган товарлар бўйича) солиқ солинадиган базага киритилади.
Импорт қилинаётган товарларга ҚҚС ставкаси 20%ни ташкил қилади. ҚҚС суммаси:
(50 940 + 41 601 + 20 517,5) х 20% = 22 611,7 минг сўмни ташкил қилади.
Божхона расмийлаштируви учун йиғимлар. Мазкур йиғим ставкаси импорт режимида божхона қийматининг 0,2 фоизини ташкил қилади, бироқ камида 25 АҚШ доллари ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас (30.04.1999 йилдаги 204-сон ВМҚ билан тасдиқланган Божхона йиғимлари ставкаларининг 1-банди). Автомобилнинг божхона расмийлаштируви учун йиғим суммаси қуйидагини ташкил қилади:
18 000 х 0,002 х 2 830 = 101,88 минг сўм.
Шу тариқа, хорижда чиқарилган автомобилни импорт қилишда қуйидаги тўловлар тўланади:
божхона божи – 41 601 сўм;
акциз солиғи – 20 517,5 минг сўм;
ҚҚС – 22 611,7 минг сўм;
божхона расмийлаштируви учун йиғим – 101,88 минг сўм.
БААдан импорт қилинаётган ва 2 йил фойдаланишда бўлган Toyota Camry автомобили учун жами 84 832 080 сўм миқдорида божхона тўловлари тўланади.
Олиб кирилди, расмийлаштирилди. Кейинчи?
Олиб кирилган автотранспорт воситаси импорт божхона режимида расмийлаштирилгандан сўнг унинг эгасига ТИФ божхона пости томонидан Автотранспорт воситасини олиб кириш гувоҳномаси берилади (Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга 5-илова, АВ томонидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – Гувоҳнома). БЮД расмийлаштирилган кундан сўнг 10 кун муддат ичида автотранспорт воситасини ДЙҲХХнинг ҳудудий органларида рўйхатдан ўтказиш шарт, у ерга юридик шахс томонидан ёзма ариза, Гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар тўланганлиги тўғрисида квитанция тақдим этилиши лозим. Автотранспортни рўйхатдан ўтказишда юридик шахс хўжалик фаолияти юритадиган жой бўйича қуйидаги тўловлар ундирилади:
автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси берилганлиги учун тўлов;
автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов;
автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказганлик учун тўлов;
Республика йўл жамғармасига йиғим (ПҚ-2455-сон Қарорга 24-илова; 26.05.1997 йилдаги 256-сон ВМҚ билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш қоидалари).
Техник жиҳатдан соз деб топилган ва рўйхатдан ўтказилган транспорт воситасига қайд этиш гувоҳномаси ва давлат рақами белгилари билан биргаликда давлат техника кўригидан ўтганлиги тўғрисида махсус талон берилади. Агар автомобиль техник носоз деб топилса, қайд этиш гувоҳномаси ва давлат рақами белгилари берилади, лекин махсус талон фақат носозлик бартараф этилгандан кейин берилади.
Автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари учун тўлов ЭКИҲнинг 1,5 бараварига тенг (Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари)ни рўйхатдан ўтказишда, қайта рўйхатдан ўтказишда, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкалари, АВ томонидан 21.12.2011 йилда 2303-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Унинг суммаси 195 360 сўмни (130 240 х 1,5) ташкил қилади.
Автомототранспорт воситаларини ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида тўлов ундирилади. Рўйхатдан ўтказиш учун тўлов суммаси 13 024 сўмни (130 240 х 0,1) ташкил қилади.
Автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш учун тўлов ставкаси ЭКИҲнинг 10%ига тенг. Техник кўрик учун тўлов суммаси 13 024 сўм (130 240 х 0,1) тенг.
Ички ишлар вазирлиги органларида автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда унинг эгаси автомобиль сотиб олганлиги учун Республика йўл жамғармасига йиғим тўлайди. 3 йилгача фойдаланишда бўлган енгил автомобиллар учун йиғим ҳар бир от кучи учун ЭКИҲга нисбатан 11%ни ташкил қилади (ПҚ-2455-сон Қарорга 24-илова).
Республика йўл жамғармасига йиғим суммаси:
(130 240 х 0,11) х 277 = 3 968 412,8 сўмга тенг.
Toyota Camry автомобилини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказишда жами тўловлар суммаси 4 189 820,8 сўмни (195 360 + 13 024 + 13 024 + 3 968 412,8) ташкил қилади.
Балансга киритамиз
Шу тариқа, корхона балансига кирим қилинадиган автомобилнинг бошланғич қиймати 139 961 900,8 сўмни ташкил қилади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
контракт қиймати – 50 940 000 сўм;
божхона божи – 41 601 000 сўм;
акциз солиғи – 20 517 500 сўм;
импорт қилинаётган товарлар бўйича ҚҚС – 22 611 700 сўм;
божхона расмийлаштируви учун йиғим – 101 880 сўм;
автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами берилганлиги учун тўлов – 195 360 сўм;
автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш учун тўлов – 13 024 сўм;
автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш учун тўлов – 13 024 сўм;
Республика йўл жамғармасига йиғим – 3 968 412,8 сўм,
Арслонбек АБДУРАИМОВ,
«Norma Ekspert» мутахассиси.
Жавоб «Экспорт-импорт операциялари» ЭМТ маълумотлари бўйича
тайёрланди.