Хоналарни умумий овқатланиш корхоналари учун ижарага бериш фаолиятидан олинадиган даромадлардан ЯСТ қандай ставкада тўланади – турғун савдо шохобчаларини ижарага беришга ихтисослашган корхоналар учун бўлганидек 30%данми ёки 5%данми?
И.Пирматов,
бош бухгалтер.
– ЯСТнинг 30%лик ставкасини озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларни реализация қилиш учун турғун савдо шохобчаларини ижарага берадиган корхоналар қўллайди. Мазкур фаолиятдан тушумнинг миқдори 60%дан ошиши керак. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра, турғун чакана савдо шохобчаси деб жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарори билан ажратилган ер участкаларидаги «Давархитектқурилиш» қўмитаси органларида белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича қурилган, санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормалари ва талабларига жавоб берадиган, савдо залига, савдо асбоб-анжомларига ҳамда товарларни сақлаш, сортларга ажратиш ва қадоқлаш учун хоналарга эга бўлган, шунингдек назорат-касса машиналари билан жиҳозланган объект (бино, иншоот) эътироф этилади. Чакана савдо фаолияти эса пировард истеъмолчи учун, тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда товарлар сотишни назарда тутувчи фаолиятдир.
Солиқ кодексининг 350-моддасида «умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият» тушунчасига таъриф берилган. Бундай фаолият деганда кулинария, шунингдек бошқа озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаш, реализация қилиш ва уларни истеъмол қилишни ташкил этиш бўйича фаолият тушунилади.
Бинобарин, савдо ва умумий овқатланиш битта фаолият эмас. Бундан келиб чиқилса, хонани умумий овқатланиш корхонаси учун ижарага беришдан олинган даромадларга 5%лик ЯСТ ставкаси қўлланади.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.