Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 13 / «Ташаббус–2016»

Кишининг ўз меҳнати билан топган нонидан кўра мазалироқ нарса йўқ

 

Март ойи. Баҳорда сув-жилғаларнинг пишқириб оқиши, дарахтларнинг гулларга бурканиши табиатдаги ғайрат-шижоатнинг жўш урганидан дарак беради. Баҳор ойида мамлакатимизда анъанавий «Ташаббус» кўрик-танловининг авж паллага чиқиши ҳам рамзий маънода тадбиркорларимизнинг жидду-жаҳди, ғайрату рағбатининг баландлигини намойиш қилади гўё.

 

 

 

Мана йигирма йилдирки, ҳар баҳор ҳам шундай кечади, тадбиркору фермер, ҳунарманду усталарнинг анъанавий беллашуви ҳар баҳорда такрор-такрор ўтказиб келинади. Ҳар йили ўз соҳасининг фидокор пешқадамлари, ўз оиласи фаровонлиги ва жамиятимиз иқтисодий равнақини юксалтираётган ватандошларимиз қаҳрамонга айланишади. 24–25 март кунлари пойтахтдаги «Туркистон» санъат саройида Ўзбекистон Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилган «Ташаббус–2016» кўрик-танловининг якуний, республика босқичи бўлиб ўтди. Бу йилги кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичларида жами 7 701 нафар тадбиркорлик субъекти (шундан 3 132 – нафари тадбиркор, 2 149 нафари – фермер ва 2 410 нафари – ҳунармандлар) иштирок этди. Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида эса жами 544 нафар тадбиркорлик субъекти (193 нафар тадбиркор, 159 нафар фермер ва 192 нафар ҳунарманд) иштирок этган. Дастлабки босқичларнинг энг муносиб деб топилган 41 нафар иштирокчиси (шундан 14 нафари тадбиркор, 14 нафари ҳунарманд, 13 нафари фермерлар) эса республика босқичига йўлланма олишди. Улар фаолиятидан маълумотлар берувчи стенд ва маҳсулотлар ҳозирда муҳташам саройни безаб турибди. Биз асосан Ватанимиз ҳунармандлари учун ажратилган павильондаги таассуротларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

 

«Ҳамма имконият ўз қўлимизда»

 

Истиқлол туфайли биз кўп неъматлар қатори хусусий иш билан шуғулланиш, иқтисодий мавқеимизу молиявий мақомимизни ўзимиз белгилай олиш имкониятига ҳам эга бўлдик, десак муболаға бўлмайди.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманилик Муҳаммадиброҳим болалигида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида хасталикка учради – оёғидаги асаб тўқималари лат еди. Кўп йиллик даволанишлар боланинг дардини енгиллаштирди-ю, лекин бутунлай тузалиб кетишига умид қолдирмади.

– Фарзандларим орасида шу ўғлимнинг тақдири мени кўпроқ безовта қилар эди, – дейди Муҳаммадиброҳимнинг отаси Ашурали ИСРОИЛОВ (суратда). – Катта бўлса, бу оёғи билан қандай оила қуради, рўзғорини қандай тебратади деган хаёл хавотирга солаверарди. Шукурлар бўлсинки, мустақиллик йилларида хусусий иш билан, ҳунармандчилик билан шуғулланишга йўл очилди. Юртимизда миллий анъаналаримиз нафақат тикланмоқда, балки уларнинг меҳнати мана бундай кўрик-танловлар орқали рағбатлантириб ҳам борилаётгани кишиларда келажакка бўлган умидни оширмоқда – ҳар бир ташаббускор, ғайратли одам учун кенг имкониятлар муҳайё этилган.

Бугун Муҳаммадиброҳим ИСРОИЛОВ (суратда) миллий кулолчилик билан шуғулланади. У 2004 йилда фаолиятини бошлаб, боболаридан қолган ҳунарнинг давомчисига айланди. 2005 йилдан Ўзбекистон «Ҳунармандлар» уюшмасининг аъзоси, минтақа ва республика миқёсида ўтказилган кўплаб кўргазма ва танловларда иштирок этиб келади.

– Кулолчилик билан менинг катта бобом шуғулланган экан. Шўролар даврида хусусий мулкчилик, ҳунармандчилик соҳалари тақиқлангани сабабли авлодларимизда бу ҳунар билан шуғулланадиганлар қолмаган, натижада сулолада узилиш содир бўлган. Мен ­3-авлод вакилиман. Болаликда пластилинлардан турли шаклларни ясашга қизиққанимни кузатган отам шу ҳунарни ўргатиш учун мени усто Қутбиддин Турдиевга (дарвоқе, у киши ҳам «Ташаббус» кўрик-танловининг дастлабки совриндорларидан) шогирдликка бердилар. Ундан кейин ҳунаримни янада мустаҳкамлаш учун Тошкентдаги А.Хўжаев номли миллий ҳунармандлик ва дизайн коллежида таҳсил олдим, кулолчилик сир-синоатларидан чуқурроқ хабардор бўлдим.

Ҳозирги кунда ҳунарманд М.Исроилов ўз атрофига жами 35 нафар ғайратли ҳунармандларни тўплаган, улардан 15 нафари доимий, 20 нафари мавсумий ишчилар бўлиб, улар орасида турмуш ўртоғи ҳам бор. Улар асосан кулоллик буюмларини тайёрлашади, лойдан эсдалик совға-сувенирлар ясашади, аквариум, газонларни манзарали безаш сингари янгича йўналишларда иш олиб боришмоқда. Буюртмалар миқдори ҳақида гапириладиган бўлса, улар ҳозир жуда кўп – Ўзбекистоннинг барча минтақаларидан ташқари, Қозоғистон, Россия давлатларидан ҳам буюртмалар бор. М.Исроилов мамлакатимизнинг турли миллий байрам тадбирларида ўзининг нафис маҳсулотлари билан фаол иштирок этиб келади. 2015 йилда маҳсулот сотишдан тушган соф тушум 120 млн сўмни ташкил этган. Ҳунарманднинг режалари бисёр – ҳозирча унинг корхонаси ижарада туради, агар яқин келажакда иш жойини кенгайтириш имкониятини топса, оилавий корхона ташкил этиб, ишчиларининг сонини янада кўпайтириш мақсади билан «ёниб» юрибди.

 

Тиллодек жилоланса...

 

Марғилонлик бу уста тўқув дастгоҳида атлас тўқимоқда. Сиз айтишингиз мумкин: уста бўлгандан кейин, бунинг устига марғилонлик бўлгандан кейин атлас тўқийди-да...

– Ҳозирги вақтда Ўзбекистонимизнинг деярли барча вилоятларида пилла қурти етиштирилади, шунинг учун ипак газлама ишлаб чиқаришга ҳамма минтақаларда қизиқиш катта, – дейди «Silk Road» ипакли матолар устаси Мансуржон Мирзахонов. Биз маҳсулотларимизни ишлаб чиқаришда анъанавий усулларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришга ҳаракат қиламиз. Айниқса мен ипакнинг ранг-жилолари ўзига хос услубда чиқишига катта урғу бераман.

М.Мирзахонов бу ҳунарни катта авлодларидан мерос қилиб олган – у усталар сулоласининг 4-авлод вакили. Ҳунарманд фаолияти давомида ўз ҳунарини илм билан мустаҳкамлаган. Бир қатор халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, ипакли матоларнинг қадимий нусхаларини қайта тиклаган. Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркор 5 нафар шогирди ва 2 нафар ёлланма ишчи билан фаолият олиб бормоқда. «Ташаббус»да илк бор иштирок этиши. Келгусида мазкур бизнесни оилавий тадбиркорлик шаклида олиб бориш ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш ниятида.

 

Тафти қайноқ гиламлар

 

Бу кишини танияпсизми? У ўзимизнинг сурхондарёлик Алпомиш-ку. Унинг ёнидагиси Барчиной.

Лекин у вақтинчалик Барчиной, аслида Мафтуна АЗИЗОВА (суратда) қўлда гилам тўқиш, каштачилик, дўппичилик, алача, жанда тўқиш ва тикувчилик ҳунарлари билан шуғулланади. Мафтуна фаолиятини 2014 йилда бошлаган, ўз маҳсулотларини асосан Сурхондарё вилоятида мавжуд бўлган маҳаллий хом ашё – жун, пахта ва пилладан иплар тайёрлайди. «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоси. 2015 йилда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлари сони 14 хилга етган. Бугунги кунда 20 нафардан зиёд коллеж ва мактаб ўқувчи қизларига ҳамда 3 нафар ногирон қизларга миллий ҳунармандлик сир-асрорларини ўргатмоқда.

 

Ўймакор ҳунарманд

 

Бу «йигитча»нинг ёши 8 да. Умирбек Жабборов ёғоч ўймакорлиги сулоласининг 7-авлоди. Ўзи 3 ёшидан бошлаб шу ҳунар сирларини ўрганишни бошлаган.

Лекин у ҳозирча Тошкентга ўз ишлари билан эмас, балки амакиси, ёғоч ўймакори Темурбек САПАЕВни «Ташаббус–2016» кўрик-танловида руҳан қувватлаб туриш учун келган. Т.Сапаев фаолиятини 2014 йилда бошлаган. Унинг экспортга жўнатилган ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари – устун, эшик, стол-стул, каравот ва зинапояларини Москва ва Самара шаҳарларида, Қозоғистонда учратиш мумкин. Ҳунарманднинг истиқболдаги режаси – Урганч ва Хива шаҳарларида олиб бориладиган қайта қурилиш ишларида қадимий иморатларни қайта таъмирлаш, республикамиз раҳбарининг Хоразм вилоятини янада обод этишга доир қарори ижросида ўз меҳнати билан иштирок этиш.

 

«Туркистон» санъат саройида тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўз меҳнат маҳсулларини намойиш этиши учун ажратилган майдончалар сифати ва салмоғи билан ҳақиқатан ҳам киши кўзини қувонтиради. «Ташаббус–2016» кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари 2016 йил 6 апрель куни аниқланади.

 

Нодир АЛИМОВ, «СБХ» мухбири.

 

Прочитано: 3153 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика