Мен хусусий шахс сифатида (якка тартибдаги тадбиркор эмас) темир йўл транспортида бирон-бир товарни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқсам бўладими? Масалан, кейинчалик сотиш учун тўқимачилик маҳсулотимиз жойланган контейнерни? Агар мумкин бўлса, қандай ҳужжатлар керак? Мен хорижда мазкур маҳсулотни сотиш тўғрисида ҳеч қандай дастлабки шартномалар (ҳужжатлар билан қайд этилган) тузмаганман. Агар хусусий тарзда амалга ошириш мумкин бўлмаса, у ҳолда ташқи контрактга эга бўлмаган ЯТТ шундай қилса бўладими? Умуман олганда хусусий шахслар қандай юкларни олиб чиқишлари мумкин? Наҳотки, фақат шахсий буюмларни олиб чиқса бўлса?
Т.Саидов.
– Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси сизнинг тўқимачилик маҳсулотини республикадан экспорт қилишга дахлдор мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.
1. |
Қонунчиликда Экспорт қилиш тақиқланган буюмлар ва маҳсулотлар рўйхати (Президентнинг 10.10.1997 йилдаги «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармони билан тасдиқланган) ҳамда Фақат эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилиш учун рухсат берилган товарларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жисмоний шахслар томонидан олиб чиқишнинг энг юқори меъёрлари (АВ томонидан 18.05.1999 йилда 731-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мавжуд. Тўқимачилик маҳсулотлари (яъни эркаклар кўйлаклари ва шимлар) мазкур рўйхатларда кўрсатилмаган.
2. |
Жисмоний шахслар томонидан республикадан ташқарига йирик туркумлардаги товарларнинг олиб чиқилишига ташқи иқтисодий фаолият сифатида қаралади.
«Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 3 ва 11-моддаларида белгиланишича, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахслар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир. Ташқи савдо фаолияти товарларни, ишларни (хизматларни) экспорт ва импорт қилиш йўли билан амалга оширилади.
Якка тартибдаги тадбиркор товарларни республикадан ташқарига экспорт қилиш учун Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомга (30.09.2003 йилдаги 416-сон ВМҚ билан тасдиқланган) Ўзбекистон Республикаси норезиденти билан тузилган экспорт контрактига эга бўлиши керак, унда товарларни эркин алмаштириладиган валютага олиб чиқиш назарда тутилиши лозим. Бунда у товарларни темир йўл вагонларида (контейнерларида) экспорт қилишга ҳақли.
Президентнинг ПФ-1871-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида 1997 йил 1 ноябрдан бошлаб барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар)га экспорт божхона божлари бекор қилинган, 2002 йилнинг 1 февралидан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар) харидорларга хизмат қиладиган банкларнинг кафолатлари ёки экспорт шартномаларининг сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта полиси мавжуд бўлган тақдирда олдиндан ҳақ олмасдан ва аккредитив очмасдан эркин алмаштириладиган валютага товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишлари мумкин.
3. |
Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига (20.07.2015 йилдаги 197-сон ВМҚ билан тасдиқланган) мувофиқ «Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштиришда божхона органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно (Президентнинг 25.08.2011 йилдаги «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1604-сон Қарорига мувофиқ мазкур контрактни ҳисобга қўйиш товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида бевосита амалга оширилади);
божхона юк декларацияси;
транспорт ҳужжатлари (транспорт турига қараб юкхат) ва товарга илова қилинадиган ҳужжатлар (инвойс).
Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига (31.12.2014 йилдаги 376-сон) мувофиқ тадбиркорлик субъектлари ўз хоҳишларига кўра товарларни декларациялашни электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар. Электрон декларация ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис томонидан тайёрланади. Бунда у ҳужжатларни электрон рақамли имзоси билан имзолайди ва «Товарларни электрон шаклда декларация қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида божхона органига юборади, у ерда товарлар электрон шаклда божхона расмийлаштирувидан ўтади.
Шунингдек товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган, ваколатли органлар томонидан бериладиган, қонун ҳужжатларида рўйхати келтирилган рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак. Вазирлар Маҳкамасининг «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига (31.12.2014 йилдаги 376-сон) мувофиқ мазкур ҳужжатлар кейинчалик товарлар экспортини божхонада расмийлаштириш учун ваколатли орган томонидан ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначилик) томонидан тақдим этиладиган тўловчининг шахсий ҳисобрақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда товарларнинг божхона расмийлаштируви амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги Қарорига (30.04.1999 йилдаги 204-сон) мувофиқ товарларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига экспорт қилишда қуйидаги божхона йиғимлари тўланади:
«Экспорт» божхона режимида расмийлаштирганлик учун – божхона қийматининг 0,1%и миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг 50%идан кам эмас;
ходим томонидан «Экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун, битта ходимнинг 1 соатлик иши ҳисобидан – энг кам ойлик иш ҳақининг 10%и миқдорида.
4. |
Президентнинг 25.08.2011 йилдаги «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (25.08.2011 йилдаги ПҚ-1604-сон) мувофиқ тадбиркорлик фаолияти кўламларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида республикада «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси (бугунги кунга келиб акциядорлик жамияти) ташкил этилди. Мазкур жамиятнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига уларнинг товарларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш шартномалари бўйича, шунингдек хорижда ташкил этиладиган савдо уйлари орқали сотишда кўмаклашиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишга доир амалдаги шартномалар гарови асосидан экспортдан олдинги молиялаштиришни ташкил этиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари буюртмаларига кўра республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни етказиб бериш;
экспорт маҳсулотларини сертификатлаштиришда кичик бизнес корхоналарига кўмаклашиш, реклама тадбирларини ўтказиш, халқаро ярмаркалар ва кўргазмаларни ташкил этиш ва уларда қатнашиш, манфаатдор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ахборот ва маслаҳат хизматлари билан таъминлаш.
Президентнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (8.08.2013 йилдаги ПҚ-2022-сон) билан Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда, эҳтимол тутилган харидорларни излашда, шартномаларни тайёрлаш ва тузишда, экспорт операцияларини амалга оширишда, экспорт қилувчиларни эҳтимол тутилган хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилишда, шунингдек хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги бўйича талаб этиладиган зарур лицензиялар, сертификатлар ҳамда бошқа рухсатнома ва йиғимларни олиш ва тўлашда юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатиш;
талаб-эҳтиёжга бўлган жорий ва истиқболдаги конъюнктурани ўрганиш юзасидан ташқи бозорларнинг чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда мамлакатимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотни экспорт қилиш учун потенциал имкониятларни аниқлаш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг ассортименти ва турларини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатдошлик даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, бунинг асосида экспортга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг жаҳон ва минтақавий бозорлардаги талаб-эҳтиёжга мос келишини таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг чет эллардаги тендер савдоларидаги иштирокини кенгайтиришга, шунингдек ярмаркалар, давра столлари ва бошқаларни ташкил этиш йўли билан мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари билан хорижий харидорларнинг мулоқотларини ташкил этишга кўмаклашиш ва бошқалар.
Агар ушбу жавоб хати сизни қониқтирмаган бўлса, у ҳолда сиз судга ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа юқори турувчи органларига белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Муталибжон СОЛИЕВ,
ЎзР Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари.