Бизнинг МЧЖ раҳбарияти биз, ходимларнинг розилигини олмасдан, иш ҳақини тўлиқлигича пластик карточкаларга ўтказяпти. Ушбу ҳаракатлар тўғрими? Яна бир савол: уларнинг эгалари бундай карточкалар бўйича нақд пулларни қандай тартибда оладилар?
Азамат Мирзаев.
– Сиз тилга олган муносабатлар бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади, улардан ўртага қўйилган масалалар бўйича зарур ахборотни олиш мумкин. Сўзни Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомдан1 (бундан кейин – Низом) бошлаймиз, унинг 1-банди «а» кичик бандида банк картаси тушунчаси берилган. Уни сақловчига банк ҳисобварағи бўйича операцияларни кўп маротаба ўтказиш, шу жумладан нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ўтказиш ва ҳисобварақдан нақд пул суммаларини олиш имкониятини таъминлайдиган тўлов картаси банк картаси ҳисобланади. Банк картасини сақловчи банк ҳисобварағи бўйича амалга ошира оладиган операциялар турлари сақловчи билан банк картаси эмитенти ўртасидаги шартнома билан белгиланади.
Низомнинг 7-банди биринчи хатбошисига кўра, карта ҳисобварағи эгасига боғлиқ ҳолда банк карталари шахсий ва корпоратив карталарга бўлинади. Шахсий банк картаси уни сақловчига жисмоний шахс (эга)нинг карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида) ҳисобга олинадиган пул маблағларини тасарруф этиш имконини беради. Шахсий банк карталаридан бошқа шахслар (оила аъзолари, дўстлари ва бошқалар) фойдаланишлари мумкин (худди шу банднинг «а» кичик банди).
Унинг 31-банди маъносидан шахсий банк картаси жисмоний шахсга унинг эмитенти томонидан жисмоний шахс аризаси ва шартнома асосида берилиши келиб чиқади. Кўриниб турибдики, пластик карточка олиш учун фуқаро ариза билан мурожаат қилади. Шунингдек банк карталарини тарқатадиган тижорат банки билан унинг мижози сифатида фуқаро билан ёзма шаклда унинг фойдаланишига кўрсатилган карточкани тақдим этиш тўғрисида шартнома тузилади (Низомнинг 18-банди).
Шу муносабат билан Фуқаролик кодексининг (ФК) айниқса шартномавий муносабатларда муҳим аҳамиятга эга бўлган айрим меъёрларига эътибор қаратамиз. Чунончи, ФКнинг 2-моддаси иккинчи қисмига кўра, фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз хоҳишлари билан ва ўз манфаатларини кўзлаб ўзларининг фуқаролик ҳуқуқларига эга бўладилар ва уларни амалга оширадилар. Улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини шартнома асосида белгилашда ва шартноманинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартларини белгилашда эркиндирлар.
Фуқаролар (шунингдек юридик шахслар) шартнома тузишда эркинлиги тўғрисидаги меъёр ФКнинг 354-моддаси биринчи қисмида ҳам келтирилган.
Шу тариқа, на иш берувчи, на банк, на бошқа шахс сизни пластик карточка олиш ва унга (карта ҳисобварағига) иш ҳақининг ҳаммаси ёки бир қисмини ўтказишга мажбур қилиш ҳуқуқига эга эмас. Сиз ариза бериш ва, тегишинча, фойдаланишга пластик карточкани тақдим этиш шартномасини эркин тузишга бўлган ҳуқуқларингизни ўз хоҳишингиз ва манфаатингиздан келиб чиқиб амалга оширишингиз керак.
Энди карта ҳисобварағидан нақд пул олиш тартибига келсак. ФКнинг 773-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, мижознинг банкдаги ҳисобварақда турган пул маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул шаклида олиниши мумкин.
Нақд пулни банк картасини сақловчига тўғридан-тўғри кассада ёки банкомат орқали беришни Низом (банк карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ операциялар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчилари билан ҳисоб-китоблар ўтказиш билан бир қаторда) банк (эквайер) амалга оширадиган (1-банднинг «к» кичик банди) эквайерингга киритади (1-банднинг «и» кичик банди).
Банк картасини сақловчига эквайер тўғридан-тўғри кассада ёки банкомат орқали берадиган нақд пул, Низомнинг 1-банди «т» кичик бандига биноан, касса бўнаги деб эътироф этилади. Банкомат – картани тутувчига касса бўнакларини ўзига ўзи хизмат кўрсатиш режимида олиш имконини берадиган ва амалга оширилган операциялар бўйича слипларни шакллантирадиган қурилма (Низомнинг 1-банди «ф» кичик банди).
Юқорида келтирилган, нақд пул беришга тааллуқли бўлган меъёрлардан келиб чиқишича, уларни картани сақловчи тўғридан-тўғри банк кассасидан ёки банкомат орқали олиши мумкин.
Карта ҳисобварағидан2 нақд пул маблағларини олиш эмитент билан банк картасини тутувчи ўртасидаги шартнома шартларида амалга оширилади, бу Низомнинг 8-банди маъносидан келиб чиқади. Мисол учун, эквайер (банк) томонидан касса бўнакларини бериш бўйича операцияларни ўтказганлик учун картани сақловчидан воситачилик ҳақининг ундирилиши ана шундай шарт ҳисобланиши мумкин; эквайернинг бунга ҳуқуқи Низомнинг 46-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган.
Президентнинг 5.08.2005 йилдаги «Банклардаги депозит ҳисобварақлардан3 нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги ПҚ-147-сон Қарорининг 2-банди иккинчи хатбошисига кўра, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга ушбу ҳисобварақлардан нақд пуллар узлуксиз берилиши тижорат банкларининг чорак, ярим йиллик ва йиллик иш якунларини сарҳисоб қилишда улар фаолияти самарадорлиги ва ишончлилигини баҳолашнинг энг муҳим мезонларидан бири деб ҳисобланган.
Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқноманинг (янги таҳрирда)4 3-банди биринчи хатбошисида белгиланишича, тижорат банкларининг барча филиалларида ҳамда филиалга эга бўлмаган тижорат банкларида мижозларнинг нақд пулларга бўлган талабини ўз вақтида қондириш учун мажбурий тартибда оборот кассалар, шунингдек нақд пул захираси ташкил этилади.
Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулларни бериш уларнинг депозит ҳисобварақларидаги маблағлар чегарасида тўлов ҳужжатларида кўрсатилган мақсадлар учун амалга оширилади. Банклар уларга нақд пулларни уларнинг биринчи талаби бўйича узлуксиз беришни таъминлайдилар (Йўриқноманинг 33-банди).
Нақд пулларни бериш масалаларига тезкорлик билан эътибор қаратиш учун Марказий банк ва тижорат банклари томонидан ҳар бир минтақада мижозларнинг аризаларини, шу жумладан «ишонч телефони» орқали, кўриб чиқиш ва келиб тушаётган мурожаатларнинг дарҳол текширилиши ташкил қилинади (Йўриқноманинг 43-банди).
Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.
1МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова.
2Корпоратив банк карточкаларидан ташқари.
3Банк тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг маъносига кўра, депозит ҳисобварақларга карта ҳисобварағи ҳам киради. Буни, хусусан, Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.08.2015 йилда 2711-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова) айрим қоидалари кўрсатади.
4МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.10.2005 йилда 1518-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова.