Акцияларнинг номинал қиймати индексация қилинадими?
Азамат Мирзаев.
– «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун1 16-моддасининг биринчи қисмига биноан акциядорлик жамиятининг (АЖ) устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ифодаланади2. АЖ томонидан чиқариладиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши керак. Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ акцияларнинг номинал қиймати 5 000 сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Акцияларнинг номинал қийматини индексация қилиш амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.
Шу билан бирга қуйидаги нормаларга эътибор бериш керак.
Акцияларнинг номинал қиймати АЖнинг устав капиталини ошириш/камайтириш йўли билан ўзгартирилиши мумкин.
АЖнинг устав капитали акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин. Бу тўғрисидаги ва АЖ уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки, агар уставга ёхуд акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ АЖнинг кузатув кенгашига бундай қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи тегишли бўлса, кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади. АЖнинг тегишли бошқарув органи томонидан қабул қилинган акциянинг номинал қийматини ошириш ҳақидаги қарор унинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисидаги қарор ҳисобланади ва у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақат унинг ўз, яъни хусусий капитали ҳисобидан амалга оширилади (Қонуннинг 18-моддаси). Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асоснинг3 38.3-бандига кўра, хусусий сармоя (капитал) – хўжалик субъектининг мажбуриятларни чегириб ташлагандан кейинги активларидир. Хусусий капитал устав капитали, қўшилган, захира капиталлари ва тақсимланмаган фойдадан иборатдир.
Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш Қоидалари4 (бундан кейин – Қоидалар) 13-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланганидек, устав капиталини жойлаштирилган акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтиришда эмитент (АЖ) томонидан оширилган номинал қийматга эга акцияларнинг янги чиқарилиши амалга оширади, бунда паст номинал қийматга эга бўлган акциялар янгидан чиқарилган номинал қиймати оширилган акцияларга айирбошланади.
Бундан ташқари, юқорида айтганимиздек, акцияларнинг номинал қиймати камайтириш тарафига ҳам ўзгартирилиши мумкин. Бу Қонуннинг 19-моддасида назарда тутилган. Унинг мазмунига кўра, АЖнинг устав капиталини камайтириш тўғрисидаги унинг уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади (Қонуннинг 17-моддасида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетмаслиги керак5). Бундай қарор қабул қилинаётганда умумий йиғилиш устав капиталини камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.
Устав капиталини жойлаштирилган акциялар номинал қийматини пасайтириш йўли билан камайтиришда эмитент (АЖ) томонидан пасайтирилган номинал қийматга эга акцияларнинг янги чиқарилиши амалга оширилади. Бунда, юқори номинал қийматга эга бўлган жойлаштирилган акциялар янгидан чиқарилган номинал қиймати пасайтирилган акцияларга айирбошланади (Қоидаларнинг 17-банди).
АЖ устав капиталини камайтиришга, агар бунинг натижасида унинг миқдори жамият устав фондининг (устав капиталининг) жамият уставидаги тегишли ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида аниқланадиган, Қонуннинг 17-моддасида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, ҳақли эмас.
Шундай қилиб, акцияларнинг номинал қийматини индексация қилиш (шу жумладан инфляция туфайли) амалдаги қонун ҳужжатларда назарда тутилмаган, бироқ бундай қиймат тегишли ҳолларда оширилиши ёки пасайтирилиши мумкин.
Шуни ҳам назарда тутиш керакки, акциялар номинал қийматидан ташқари, бозор қийматига ҳам эгадир. Қонун 24-моддасининг биринчи қисмига кўра, қимматли қоғознинг (шу жумладан акциянинг) бозор қиймати деганда энг эҳтимол тутилган нарх тушунилиб, унга кўра мазкур қимматли қоғоз очиқ бозорда битимнинг тарафлари барча зарур ахборотга эга бўлган ҳолда ўз манфаатлари йўлида оқилона ва ихтиёрий равишда ҳаракат қиладиган рақобат шароитида бошқа шахсга берилиши мумкин, битим нархининг баланд-пастлигида эса бирор-бир фавқулодда ҳолатлар, шу жумладан, тарафлардан бирининг ушбу битимга қўшилиш мажбурияти акс этмайди. Оддий қилиб айтганда, акциянинг бозор нархи АЖ даромадининг баланд-пастлигидан, акциялар бўйича тўланаётган дивиденддан, талаб ва таклифдан ва бошқа ҳолатлардан келиб чиқади.
Жавобни «Norma Online» эксперти Камол МУЗАФФАРОВ
тайёрлади.
126.04.1996 йилдаги 223-I-сон Қонун, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – Қонун.
2АЖ давлат мулки негизида ташкил этилаётганда ташкилотнинг (мол-мулкнинг) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланган бозор қиймати жамият устав капиталининг суммасини ташкил этади (Қонун 16-моддасининг учинчи қисми).
3ДМҚ ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Бош директорининг АВ томонидан 30.08.2009 йилда 2000-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
4МВнинг АВ томонидан 14.08.1998 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
5АЖ устав капиталининг энг кам миқдори АЖ давлат рўйхатидан ўтказилган санада Марказий банкнинг курси бўйича 400 000 АҚШ долларига тенг суммадан камни ташкил этмаслиги керак.