Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 11 / Солиқ солиш

Воситачи ва комитент: нарх чегирмалари муносабатлари

 

Кичик корхона авиачипталарни ўзининг ва ёрдамчи агентлик авиакассалари орқали авиакомпаниялар билан тузилган агентлик шартномаларига асосланиб реализация қилади. Ўз хизматлари учун мажбурий сотилиши керак бўлган валютада воситачилик ҳақи олади. Сотув ҳажмини ошириш учун доимий мижозларимизга чегирмалар беришга тайёрмиз (агентлик шартномаларида чекловлар мавжуд эмас). Шу муносабат билан қатор саволлар туғилди.

Биз харидор жисмоний шахсга авиачипта қийматидан (валютада) чегирма беришга ҳақлимизми? Агар ҳақли бўлсак, у қандай тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши керак ва солиқ оқибатлари қандай бўлади?

Ўзимизнинг доимий корпоратив мижозларимизга чегирмалар бера оламизми? Солиқ оқибатлари қандай бўлади?

Воситачилик ҳақидан ташқари, биз ёрдамчи агентларга авиачипталарнинг умумий қийматидан чегирмалар беришга тайёрмиз. Шундай қилишга ҳуқуқимиз борми?

Авиачипталарни агентлик шартномасига биноан реализация қиладиган корхонага уларга доир чегирмалар берса бўладими? Бунда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади?

З.Ҳақбердиева,

бош бухгалтер.

 

– Авиаташувчи билан агентлик шартномасида нархларни шакллантириш ва чегирмалар берилиши шартларини қайд этиш тавсия қилинади. Сизнинг ҳолатда у, моҳиятига кўра, воситачилик шартномасидир. Уни тузиш пайтида ФК қоидаларига таяниш зарур, унга мувофиқ:

агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади (ФКнинг 834-моддаси);

воситачи сотадиган мол-мулкнинг баҳоси, агар қонун ҳужжатларида ёки воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, комитент билан келишган ҳолда белгиланади (ФКнинг 836-моддаси);

мол-мулкни комитент билан келишилган нархдан арзон сотган воситачи мол-мулкни келишилган нархда сотиш имконига эга бўлмаганлигини ва арзон нархда сотиш натижасида яна ҳам кўпроқ зарарнинг олди олинганлигини исбот қилиб бермаса, орадаги фарқни комитентга тўлаши шарт (ФКнинг 837-моддаси).

Келтирилган вазиятда, фикримизча, воситачилик шартномасида шартларнинг 3 хил варианти бўлиши мумкин:

1) қатъий белгиланган нархни ўрнатиш, у авиачипталар сотилганлиги учун авиаташувчига ўтказилиши керак ва ундан воситачилик ҳақи суммаси ҳисоблаб чиқарилади. Шартнома шартларида белгиланган нархдан ортиқча сотувнинг барча суммаси воситачига қолишини белгилаш ҳам тавсия этилади. Ушбу ҳолда сиз ҳар бир аниқ ҳолда ўз устамангизни белгилашингиз мумкин, бироқ у авиаташувчи комитент белгилаган нархдан паст бўлмаслиги лозим. Бунда нархларни шакллантириш сиёсатини тасдиқлаш тавсия этилади;

2) чегирмалар шартларини агентлик шартномасида келишиш ва авиачипталарни авиаташувчи белгилаган чегирмалар тизимига биноан реализация қилиш;

3) авиачипталарнинг белгиланган ва ҳақиқатдаги нархлари ўртасидаги фарқни авиаташувчига ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш.

Қонун ҳужжатларида чегирмалар миқдорларини чеклаш назарда тутилмаган. Уларнинг миқдорлари бозордаги вазият ва корхонанинг маркетинг стратегиясини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши керак.

Воситачилик фаолияти бўйича ЯСТ солиш объекти бўлиб воситачилик ҳақи суммаси ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси). Шуни қайд этиш лозимки, агар комитент билан муносабатларнинг учинчи вариантидан фойдаланилса, воситачилик ҳақига, воситачи комитентга қайтариши шарт бўлган суммадан қатъи назар, тўлалигича ЯСТ солинади. Шу сабабли мазкур вариант, фикримизча, номақбул, чунки йўл қўймаслик мумкин бўлган солиқ оқибатларига олиб келади. Воситачида ҳар қандай ҳолда, ҳатто агар авиаташувчи ўзига мазкур фарқни қоплашдан бош тортган ҳолда ҳам, воситачилик ҳақининг бутун суммаси ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага киритилади. Бундан ташқари, мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган, солиқ солинадиган қўшимча даромад юзага келади (Солиқ кодексининг 132-моддаси).

Бундан ташқари, Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ, воситачилик фаолиятидан даромад олувчи корхоналар учун мажбурий сотиш мақсадлари учун хорижий валютадаги реализациядан олинган тушум деганда бажарилган битишувлар бўйича олинган воситачилик ҳақи (фоизлар) миқдори тушунилади. Яъни воситачилик ҳақининг бутун суммаси, комитентга нархдаги фарқни қоплаш сифатида тўланадиган суммадан қатъи назар, мажбурий сотилади. Шу тариқа, биз яна учинчи вариантнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосага келамиз.

ФКнинг 835-моддасига биноан, қўшимча воситачилик шартномаси бўйича воситачи қўшимча воситачига нисбатан комитент ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади. Яъни қўшимча воситачи билан муносабатлар комитент билан воситачи ўртасидаги каби ўша асослар ва шартларга қурилади.

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2330 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика